ЖСТ: Мақсад ҳам, манзил ҳам аниқ

 

Йилдан-йилга дунёда глобаллашув жараёнининг шиддатли тус олаётганига гувоҳ бўляпмиз. Глобаллашувнинг ўзига яраша шартлари, талаблари мавжуд. Энг муҳим хусусиятларидан бири унда чегара тушунчаси жуда нисбий ва оддийдир.

Яқинда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо 11 давлат билан музокараларни якунлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Улардан 9 таси билан бозорга чиқиш бўйича икки томонлама музокараларни якунловчи протоколлар имзоланган, яъни келишувга эришилган бўлса, Шри-Ланка ва Таиланд билан келишиш жараёнлари якуний босқичдалиги айтилган.

Юртимизнинг ниҳоят, бу ташкилотга аъзо бўлиши кутилаётгани ҳақидаги хабар, тўғриси, одамни хурсанд қилади. Янгиланаётган Ўзбекистон барча нуфузли ташкилотларда ўз ўрни ва сўзига эга бўлишини қаерда бўлмасин, нима иш қилмасин, ҳар бир ватандошимиз хоҳлайди.

 

Бу қандай ташкилот?

Жаҳон савдо ташкилоти глобал савдо-сотиқни тартибга солувчи, ишчи кучи ва маҳсулотларнинг эркин ҳаракатини назарда тутувчи халқаро умумташкилот ҳисобланади.

Савдодаги тўсиқларни босқичма-босқич камайтиришга қаратилган эллик йиллик музокаралар натижасида вужудга келган кўп томонлама ташкилот ҳисобланади. Ташкилот 1995 йил 1 январда «Тарифлар ва савдо бўйича Бош келишув»нинг эволюцияси сифатида вужудга келган. У глобал савдони осонлаштирадиган марказий орган сифатида фаолият юритади.

Ташкилот аъзо давлатлар ўртасида савдо битимларини музокаралар олиб бориш ва ҳар қандай савдо низоларини ҳал қилиш учун умумий платформа яратади. У 60 та халқаро ҳуқуқ мақомига эга ва 300 га яқин минтақавий савдо битимларини бошқаради. Бугунги кунда ташкилотга 164 давлат аъзо саналади.

Мақсади аъзоларига савдодан турмуш даражасини ошириш, иш ўринлари яратиш ва одамлар ҳаётини яхшилаш воситаси сифатида фойдаланишга ёрдам беришдир. ЖСТ том маънода савдо қоидаларининг глобал тизимини бошқаради ва ривожланаётган мамлакатларга савдо салоҳиятини оширишга кўмаклашади.

 

Вазирлар конференцияси

ЖСТ вазирлар конференцияси ҳар икки йилда бир марта йиғилиб, савдо келишувлари бўйича муҳим қарорлар қабул қилади. Вазирлар конференцияси ЖСТ доирасида тузилган барча кўп томонлама битимларнинг ҳар қандай жиҳатлари бўйича қарор қабул қилиш ваколатига эга.

Конференция ЖСТнинг барча аъзоларидан вакилларни ўз ичига олади. Иқтисодиёт ҳажми ёки халқаро савдодаги улушидан қатъи назар, у барча аъзоларига тенг вакиллик беради. Уни ЖСТнинг қонун чиқарувчи тармоғи, деб ҳисоблаш мумкин.

 

Котибият

Ташкилот унга аъзо давлатлар томонидан бошқарилса-да, унинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи Котибиятсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Котибият кундалик фаолиятни олиб борувчи орган ҳисобланиб, унда 600 дан ортиқ ходим ишлайди. У ердаги экспертлар, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, статистиклар ва алоқа бўйича мутахассислар аъзоларга музокаралар муаммосиз ўтиши, халқаро савдо қоидалари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида мажбурий тартибда ёрдам беради.

Котибият барча аъзо давлатларнинг вакилларидан иборат бўлиб, кундалик фаолиятга келганда Вазирлар конференциясининг вакили сифатида ишлайди.

Котибият таркибида Савдо сиёсатини юритувчи, Низоларни ҳал қилувчи органлар ҳам мавжуд. Жумладан, савдо сиёсатини юритувчи орган аъзо ҳукуматлардан ўз мамлакатидаги амалдаги қонунлар ва қабул қилинган чоралар тўғрисида Ташкилотни хабардор қилиш орқали ўз савдо сиёсатини шаффоф қилишни талаб қилади.

ЖСТнинг турли кенгашлари ва қўмиталари ушбу талабларга риоя этилишини ва ЖСТ келишувларининг тўғри бажарилишини таъминлашга интилади. ЖСТнинг барча аъзолари ўзларининг савдо сиёсати ва амалиётларини даврий равишда текшириб туришлари керак, ҳар бир текширув тегишли мамлакат ва ЖСТ Котибиятининг ҳисоботларини ўз ичига олади.

Ташкилотнинг Низоларни ҳал қилиш органи аъзо давлатлар ўртасидаги савдо низоларини ҳал қилиш учун масъулдир.

Ушбу орган «Низоларни ҳал қилиш бўйича келишув»га мувофиқ савдо низоларини ҳал қилиш ва савдо оқимининг муаммосиз ўтишини таъминлаш учун жуда муҳимдир.

Мамлакатлар, агар улар келишувлар бўйича ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобласа, Ташкилотга мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, Апелляция институти ҳам мавжуд бўлиб, унда аъзо давлатлар низоларни ҳал қилишда уларга қарши чиқарилган ҳар қандай қарорлар устидан шикоят қилиши мумкин.

 

Битимлар қамрови кенг

Жаҳон савдо ташкилоти битимлари товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулкни қамраб олади. Битимлар алоҳида мамлакатларнинг божхона тарифларини ва бошқа савдо тўсиқларини пасайтириш, хизматлар бозорларини очиш каби мажбуриятларни ўз ичига олади. Одатда битимларда низоларни ҳал қилиш тартиби ҳам белгиланади. Бу келишувлар ўзгармас хусусиятга эга эмас. Улар вақти-вақти билан қайта кўриб чиқилиши ҳамда пакетга янги шартномалар қўшилиши мумкин.

Ташкилот келишувларида ривожланаётган мамлакатлар учун махсус шартлар мавжуд. Хусусан, битимлар ва мажбуриятларни амалга ошириш учун узоқроқ муддатлар белгиланади. Уларнинг савдо имкониятлари ва салоҳиятини ошириш чоралари кўрилади.

Шу билан бирга, низоларни ҳал қилиш ва техник стандартларни жорий этишда ёрдам бериш каби имтиёзлар кўзда тутилади. Бундан ташқари, Ташкилот ҳар йили ривожланаётган мамлакатлар учун юзлаб техник ҳамкорлик миссияларини ташкил қилади.

 

40 дан ортиқ мамлакат билан

Халқаро майдонда савдо-сотиқ ва ишчи кучининг эркин ҳаракатланиши учун платформа яратаётган ташкилотга Ўзбекистоннинг ҳам аъзо бўлиши улкан ютуқ бўлади.

Ташкилотда ҳар бир аъзо битта овозга эга ва тўлиқ консенсусга амал қилинади. Аъзо 164 мамлакатнинг барчаси, бир овоздан маъқулласагина янги аъзо қўшилиши мумкин.

Демак, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши тизимли ишлашни талаб қиладиган жараён ҳисобланади. Ўзбекистон ҳозиргача 40 дан ортиқ мамлакат билан аъзолик масаласида музокара олиб бормоқда. Музокара олиб бориш сони чегараланмаган.

Кейинги йилларда Ўзбекистон томонидан юритилаётган фаол ташқи сиёсат дунё ҳамжамияти кўз ўнгида уни жозибадор давлатга айлантириб бормоқда. Бу ЖСТга аъзо бўлишимиз учун ҳам муҳим. Сабаби, халқаро минбарларда номи янграб, ҳамжамиятнинг қулоғига чалиниб турган мамлакатга қизиқиш ҳам, муносабат ҳам бошқача бўлади.

Ташкилотга аъзолик бизни чексиз имкониятлар ва соғлом муҳит ҳукмрон бўлган дунё бозорларига олиб чиқади. Шунинг учун ЖСТга аъзолик Ўзбекистоннинг доимий кун тартибида турган масала, бу сиёсатда ҳам, стратегияда ҳам акс этиб турибди.

 

Аҳмад ҚУРБОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 13.03.2023, №10

 

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш