Ҳар бир хонадонга кириб борамиз, сайловчи билан елкама-елка турамиз!

 

Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши ташаббуси билан Нукус шаҳрининг “Ботаника боғи” маҳалласида “Аёллар ижтимоий ҳимояси-ижтимоий фаоллик пойдевори” мавзусида хотин-қизлар форуми ташкил этилди. Тадбир давомида партиянинг асосий электорати ҳисобланган жойларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни, шу жумладан, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган аёллар аниқланиб, улар билан якка тартибда ҳамда аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилди.

Форум давомида инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, деган эзгу ғояни изчил давом эттириш орқали ногиронлиги бўлган аёллар хонадонига бориб, улар ҳолидан хабар олиниб, муаммолари ҳал этилди.

– Келиним олий маълумотли, лекин кўпдан бери иш топа олмай саргардон бўлиб юрибмиз, -дейди “Ботаника боғи” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Халмуратов кўчаси 27-хонадон эгаси Саўлехан Елмуратова. – Ишга жойлаштиришга ёрдам сўраб келдим.

– Мен касб ҳунар коллежининг бошланғич таълим йўналиши бўйича ўқишни тугатдим, – дейди Ш.Мусаев кўчаси 6-хонадонда истиқомат қилувчи Умидгул Жарылкаганова. – Мутахассислигим бўйича иш топишга ёрдам сўраб келдим.

– Биз оиламиз билан ижарада яшаймиз, – дейди Маданият кўчасидан Салтанат Қудайбергенова. – Қўлимдан тикувчилик келади. Ўзимга мос иш излаб юрибман...

Фуқарола мурожаатлари партия ходимлари ва маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан ўрганиб чиқилди. Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорлик ва бошқа шаклларда ўз ишини очиш ва бизнесини бошлаш истагида бўлган ижтимоий ёрдамга эҳтиёжманд хотин-қизларга ўз ишини бошлаши ва кредит олишда ёрдам кўрсатиладиган бўлишди.

– Ўтган йили Нукус шаҳридаги ногиронлиги бўлган, уй-жойга муҳтож 42 оила яшаши учун бепул уй билан таъминланишига яқиндан ёрдам бердик, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қуллаб-қувватлаш вазирлигининг Нукус шаҳри бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Гулсара Абибуллаева. – Жорий йил ҳам Ҳайъат аъзолари томонидан 43 оилага вақтинчалик яшаши учун уй билан таъминлаш масаласи ўрганиб чиқилмоқда. Шунингдек, Нукус шаҳрида хотин-қизларни касбга ўргатишга кўмаклашиш маркази томонидан бепул ўқитилмоқда. Тадбиркорлик билан шуғулланадиган хотин-қизларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиб келинмоқда. Президентимиз айтганидек, камбағалликни бартараф этишда халқимизга қўшимча даромад топиш йулларини ўргатишга ва уларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Ижтимоий ёрдамга муҳтож, ногиронлиги бўлган хотин-қизлар алоҳида хоналарда бепул тиббий кўрикдан ўтказилди ва тегишли мутахассислар томонидан тавсиялар берилди. Шунингдек, тиббий кўрик давомида малакали тиббий муолажага муҳтож, моддий имконияти чекланган хотин-қизлар бепул даволаниш учун йўлланмалар билан таъминланди.

– Нукус шаҳрининг “Ботаника боғи” маҳала фуқаролар йиғини ҳудудини жуда яхши биламан десам муболаға бўлмайди. Чунки бундан олдинги сайловда ҳам шу сайлов округидан маҳаллий Кенгаш депутати сифатида иш юритганман, – дейди Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати Марияш Турымбетова. – 4300 аҳолиси бор маҳалланинг ҳар бир хонадонга имкони борича кириб боришга, кам таъминланган, кўп болали, эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизлар, оналар ва болаларнинг саломатлиги бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш, касаллиги аниқланган аёллар ва болаларга даволанишлари учун тавсия ва йўлланмалар беришда ёрдам кўрсатиб келяпмиз. Шунингдек, маҳалла кўчаларини ободонлаштириш ишларига ҳам алоҳида диққат қаратганмиз. Кўчаларни асфальтлаш, тунги ёритқичлар ўрнатиш, сув қувурларини алмаштириш, эскирган трансформаторларнинг ўрнига янгисини қўйиш масалалари депутатлик сўровлари орқали ҳал этилиб келинмоқда.

Форум давомида тушган мурожаатлар Ўзбекистон ХДП Нукус шаҳар кенгаши ходимлари томонидан рўйхатга олиниб, ижроси назорат қилинадиган бўлди.

 

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ

Теглар

Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси
← Рўйхатга қайтиш