Орамиздаги одамлар: Қалб таржимони

 

Гулнора Маҳкамова 27 йилдан бери Карлар жамиятида ишлайди. 1980 йил Тошкент шаҳрида туғилган, 17 ёшидан сурдотаржимонлик қилади. Ҳаётининг ярмидан кўпини эшитиш ва гапириш имконияти чекланган инсонларга сарфлаган.

Суҳбатдошимиз узоқ йиллардан буён расмий тадбирлар, ташрифлар, турли янгиликларни телевидение орқали сурдо тилида таржима қилиб келади.

 

Болалик

— Оилада ягона фарзандман. Ота-онам болалигимдан шифокор бўлишимни орзу қилишган. 11 синфга қадар айни хаёллар билан яшаганман. Тақдиримга имо-ишора тилини ўрганиб сурдотаржимони бўлиш ёзилган экан. Бундан жуда ҳам мамнунман. Чунки юртимиздаги 33 мингдан ортиқ инсонга ёрдамим тегадиган соҳада ишлайман. Буни ҳис қилиш эса менга ҳамиша куч беради.

Сурдотаржимонлик касбини танлашимга сабаблар кўп бўлган. Улардан биттаси ота-онам эшитмайдиган инсонлар ишлайдиган корхонада меҳнат қилган. Болалигимдан уларнинг қўл ишоралари орқали мулоқот қилишларини кўриб, улғайганман. Кейинчалик ўша нигоҳларга меҳрим ортди ва шу сабабли сурдо тили мутахассиси бўлганман.

 

Ҳар доим яхшиликка умид қиламан

Бир неча йил олдин жамиятга бир оила уй олишда ёрдам сўраб келди. Уларнинг 3 нафар фарзанди бўлиб, ҳеч бири эшитмас экан ва улар бир хонали уйда яшар экан. Қайси туманлигини айтмайман, лекин биринчи бош урган жойимиз ҳокимият бўлди. У ердагилар жуда ҳам қўпол равишда жавоб беришди. Ижтимоий уйлар йўқлиги, фақат субсидияга уй берилишини айтишди. Лекин доимий иш жойига эга бўлмаган одамларда кредит қарздорлигини ёпишга имкон йўқ. Олган жавобимиздан қониқмаган бўлсак-да, мурожаат қилишдан тўхтамадик. Ҳар бир рад жавоб олганимизда жуда қаттиқ хафа бўлсам ҳам, бу масала менга тинчлик бермади.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига борганимизда улар бизни тушунди. Вазиятни ўрганишди ва чиндан ҳам ушбу оила уйга муҳтож, деган хулосага келинди. Оилага 3 хонали уй беришди. Бу хабарни эшитганимда, тўғриси, қулоқларимга ишонмадим. Янги уйни топшириш маросимига борганда кўзларимдан ёш тинмади. Бу воқеа менга умид берди. Яхшилик қилишга ҳамиша интилиш зарурлигини яна бир бор исботлади.

 

Ижтимоий ёрдамчилар — сурдотаржимонлар етишмайди

Пойтахтимизда 3 минг нафарга яқин эшитмайдиган инсонлар бор. Қўшиб айтганда, улар учун 15 нафар сурдотаржимон бор. Бу жуда кам дегани. Шундан келиб чиқиб, вилоятлар ва чекка ҳудудлардаги ҳолатни тасаввур қилиш қийин эмас.

Менимча, эшитиш ва гапиришда ногиронлиги бўлган инсонларнинг фарзандлари тайёр сурдотаржимон бўлиб вояга етади. Чунки сурдо тили бу болаларнинг ўз она тилидек ва уларга махсус таълим ҳам шарт эмас. Имо-ишоралар орқали тил чиқарган инсонлар яхши мутахассис бўлишига асло шубҳам йўқ. Фақатгина бундай кишиларга имконият ва рағбат бериш керак. Молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга яхши иш ўринлари қилиб бериш орқали қизиқтириш мумкин, деб ўйлайман.

Масалан, икки хил таржима бўлади. Биринчиси, бу тўғридан-тўғри ёки синхрон таржима қилиш, яъни телевидение орқали намойиш этилаётган дастурлар ёки тадбирларда сўзланадиган нутқни синхрон таржима қилишдир. Иккинчиси, бу тушунтириб беришга мўлжалланган таржима. Айтайлик, эшитмайдиган инсон рул бошқарувида бўлса ва қоидабузарликка йўл қўйса ёки шифокор қабулига борганда уларнинг мулоқотига кўмаклашиш, икки шахс ўртасидаги сўзлашувни бир-бирига тушунтиришдан иборат. Ҳар икки ҳолатда ҳам мутахассисга эҳтиёж сезилади. Аммо кам сонли сурдотаржимонлар билан уларнинг барчасини қамраб олиш қийин.

 

Эшитмайдиган инсонларни қабул қилишга тайёр бўлиш керак

Гапириш ва эшитишда ногиронлиги бўлган шахсларга кўмаклашиш, уларнинг истагига эътибор қаратишни малол олмаслик тарафдориман. Мисол учун, улар дўконга кирганида таржимонга эҳтиёж сезмайди. Олаётган нарсаларининг нархини ёзиб бериш ёки компьютерда кўрсатиш орқали мулоқот қилиш мумкин.

Бироқ шифокор ҳузурига борганда таржимонга эҳтиёж сезилади. Ана шунда кўпроқ гаджетлар орқали сурдотаржимонлар билан суҳбатлашилади. Ушбу ҳолатда замонавий технологиялардан, турли иловалардан фойдаланиш имкони мавжуд. Шифокор озгина ортиқча вақтини аямасдан, иловага фикрларини, тавсияларини айтса, илова уни ёзма равишда кўрсатиб беради.

Ўтган йилдан бошлаб эшитмайдиган болалар ўқийдиган мактабларда ўқитувчиларга имо-ишора тилида дарс бериш киритилди. Унгача эса фақат нутқни ривожлантириш учун мулоқотлар олиб боришган. Бу соҳада катта ютуқ ва бурилиш бўлди. Давлат раҳбарининг тегишли қарор қабул қилинди ва имо-ишора тилига кўпроқ эътибор бериляпти. Турли курслар, танловлар ташкил этиш билан боғлиқ топшириқлар қўйилди. Умуман, ўзгаришлардан мамнунмиз. Президент кўтарган ташаббусларнинг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилиши ҳам яна жамиятга боғлиқ.

Масалан, шу таклифлардан келиб чиқиб, имо-ишора тили курси очдим. У ерга турли тоифадаги ва ёшдаги одамлар келади. Сурдо тилини ўрганишни истайдиганлар кўп. Биринчи дарсда уларнинг нима мақсадда имо-ишорани ўрганишни исташларини сўрайман. Шунда бир қиз бир нечта тилни билишини, аммо кўчада имо-ишорада сўзлашувчи одамларга нафи тегмаганини айтди. «Нега энди мураккаб хорижий тилларни ўргана олган бир пайтимда бу тилни билмаслигим керак? Сурдо тилини ўрганиш орқали кўча-кўйда имо-ишорада сўзлашувчи одамларга ёрдам бермоқчиман», деган жавобни айтди. Бу каби мисоллар битта эмас. Демак, жамиятимизда гапириш ва эшитишда ногиронлиги бўлган инсонларни қабул қилиш долзарблашмоқда.

 

Улар юмшоқ одамлар

Ҳозир давлатимиз томонидан кўплаб имкониятлар яратилган. Ишга ва ўқишга киришда квоталар берилган. Фақат уларни ана шу имкониятлардан фойдаланишга ундовчи қўшимча қўллар керак. Йўл-йўриқ кўрсатувчи одамларга эҳтиёжи бор.

Улар жуда юмшоқ одамлар. Тез хафа ёки аксинча, осон хурсанд бўлади. Оддий нарсалардан ҳам таъсирланиши мумкин. Тез яхши кўриб қолади. Лекин уларнинг кўнглида қолиш ҳам осон. Сабаби, улар одамнинг кўзига қараб, юз ифодаларига қараб, ҳис қила олади. Атрофдагилар уларга ёрдамини аямаса, улар орасидан ҳам ноёб иқтидор эгалари чиқиши мумкин.

Тасаввур қилинг, сиз бирор бир жамоат жойидасиз. Атрофингиз эса гавжум. Ана шу пайтда қандай шовқин эшитилди ёки нимадир воқеа рўй берди. Бу ҳолатга ҳамма эътиборини қаратади. Лекин буларни эшитмаган ёки кўрмаган инсон бошқаларнинг ҳаракатларини тушуна олмайди. Буни англаш учун унинг тилини биладиган одамга эҳтиёж сезади. Ўша пайтда кимдир уларга вазиятни айтиб берса, нақадар яхши. Бироқ аксарият ҳолларда бунинг акси бўлади ва бу эшитмайдиган ёки кўрмайдиган шахслар учун оғир. Секин-аста жамиятдан узоқлашишга, ташқарига чиқмасликка одатланади. Одамови бўлиб, жамиятдан узилиб қолади.

Шунинг учун кимгадир ёрдам қилиш истагида курсимизга келаётган ёшларни кўриб, жуда хурсанд бўламан. Мен ҳам ана шулар қаторида кимгадир ёрдамим тегаётганидан бахтиёрман.

 

Эскича қарашни енгиш муҳим

Карлар жамиятида ишлаймиз ва у ерга совчилар ҳам келиб туради. Ота-оналар «иложи бўлса, гапирадиган қиз топиб беринглар», дейди. Шунда ҳайрон қоламиз. Икки хил дунёнинг одами бир-бирини қандай тушунади?

Мана шунақа пайтда хафа бўламан ва оналарга тушунтиришга ҳаракат қиламан. Бахт гапириш ёки гапирмасликдамас, бир-бирини тушуниб яшашда, дейман. Лекин ногиронлиги бўлган қизга соғлом йигит уйлангани ҳақида эшитмаганман, кўрмаганман. Бизнинг менталитетимизда шунақа қараш бор. Гўёки эркакларга ҳамма нарса мумкин. Агар кўнгил қўйиб уйланишни хоҳлайдиган йигитлар бўлса ҳам буни жамият қабул қилолмайди.

Дунёнинг турли мамлакатларида бўлганман ва у жойда кўзи ожиз қизга соғлом йигит уйлангани ёки эшитишда ногиронлиги бўлган қизни олганини кўрганман. Бизда эса қўрқув бор. Гапирмайдиган ўғлига гапирмайдиган қиз олиб берса, болалари ҳам шундай туғилишидан қўрқишади. Аслида бу Яратганнинг иродаси. Иккита гапиролмайдиган одамнинг фарзанди ҳам гапирадиган, ҳам эшитадиган бўлиб туғилиши жуда кўп кузатилган. Ёки аксинча, соғлом одамларнинг боласи соқов бўлиб дунёга келиши мумкин.

 

Ота-онангиздан уялманг...

Бу ҳақида менга гапириш жуда оғир... Жамиятимизга бир аёл келди. У фарзанд ўстиргани, лекин боласи у билан гаплашишга уялишини айтиб, роса йиғлади. Кўчада юрганда унга имо-ишора тилида гапирмасликни, ҳамма уларга қарашидан уялишини айтар экан. Ана шунда мен аёлга «келинг, мен сизнинг фарзандингиз бўлай», дедим. Шундан кейин тез-тез жамиятимизга келиб турадиган бўлди.

Энг аввало, гапириш ва эшитишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг болалари ота-онангиздан уялманг. Улар сизни дунёга келтириб, катта қилгунига қадар бошқаларга қараганда икки ҳисса кўпроқ қийналади. Кечаси билан боласи йиғласа, билмай қолишдан қўрқиб, ухламай чиқади. Улар боласини соғ-саломат улғайтириши учун кечалари навбатчилик қилиб чиқишига тўғри келади. Ҳаммамиз бу дунёга синов учун келганмиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ота-онамиз бизнинг энг катта бойлигимиз. Ҳамма биздан воз кечиши мумкин. Фақат ота-оналаримиз ҳамиша биз билан қолади. Дунёга келишига сабабчи бўлган инсонлардан уялиш — ожизлик.

Одамларга тилагим, сиздан минг ҳижолатда ёрдам сўраган инсонларнинг кўксидан итарманг. Улардан озгина вақтингиз, меҳрингиз ва эътиборингизни аяманг.

Қийинчиликлар, паст-баландликлар, турли синовлар... Гулнора Маҳкамова буларнинг барчасини мардонавор енгиб ўтган. Бу унинг эришган натижаларида, амалга ошираётган ишларида, ҳаётга, одамларга нисбатан муносабатида яққол кўринади. Истардикки, орамизда мана шундай иродали аёллар, оналар кўпайсин.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 13.03.2023, №10

 

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш