Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари спорт соҳасида коррупциянинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.
Маълумки, мамлакатимизда спортни оммалаштириш, айниқса, бокс, гимнастика, футбол, шахмат ва кураш каби спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, соҳада коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, меъёр ҳамда қоидаларни қабул қилиш муҳимдир.
Депутатлар қонун лойиҳасининг муҳимлигини эътироф этиб, спортдаги коррупция ҳолатлари, биринчи навбатда, спортчилар, ҳаваскорлар, миллионлаб томошабинларнинг соҳага иштиёқининг йўқолишига сабаб бўлишини таъкидладилар. Бу табиийки партия электорати билан боғлиқ бўлган масала ҳамдир. Минглаб ёшларни профессионал спортга жалб қилиш бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилаётган бир вақтда коррупциявий ҳолатлар спортни ривожлантиришга тўсиқ бўлиши билан бир қаторда, тенг ҳуқуқлилик принципи, адолат тамойилларининг бузилишига ҳам олиб келади.
Лойиҳа билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси тегшли моддалар билан тўлдирилиб, спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши ҳамда спорт мусобақалари иштирокчилари ва ташкилотчиларини пора эвазига оғдириб олиш учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда.
Депутатлар таклиф этилаётган ҳужжат қонунчилигимизни илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга, спорт соҳасида коррупцияни бартараф этишга хизмат қилишини таъкидлаб, лойиҳани бир овоздан маъқулладилар.
Йиғилишда, шунингдек, Шаҳарсозлик кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Шаҳарлар ва шаҳарлар атрофларининг бош режалари эскиргани ва уларнинг янги бош режаларини ишлаб чиқиш кўп вақт талаб этиши, инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни тўхтатиб туриш имконияти йўқлиги боис шаҳарсозлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш талаб этилмоқда.
Лойиҳа ташаббускорларига кўра, Қурилиш ва уй жой коммунал хўжалиги вазирлигига шаҳарларнинг бош режаларини соддалаштирилган кўринишда ишлаб чиқиш бўйича буюртмачи ва лойиҳа ташкилотига лойиҳалаш топшириғини бериш ваколатини тақдим этиш назарда тутилмоқда.
Депутатлар амалдаги меъёрий ҳужжатлардан келиб чиқиб, айрим саволлар билан масъулларга юзланди.
Шарофиддин НАЗАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:
— Лойиҳада айтиляптики, Ўзбекистон Республикаси ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш. Амалдаги қонунчиликка кўра, аҳолини жойлаштириш бош тарҳини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Бу икки тушунча алмаштириляпти. Бу ерда нима назарда тутилмоқда?
Масалан, ҳудудларни ривожлантиришда бир қанча тушунча бор. Бири ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, яна бири республикани ҳудудий ривожлантириш. Шунинг учун ҳам сизлар таклиф этаётган меъёрда аниқлаштиришга зарурат келиб чиқади.
Алишер КАРИМОВ,
Адлия вазирининг ўринбосари:
— Бу умумий қоида сифатида киритиляпти. Яъни, ҳудудни ривожлантиришни режалаштириш назарда тутилган. Қайсидир ҳудудга ижтимоий объектлар жойлашиши, бошқа бир ҳудудга тадбиркорлик зоналарини ташкил этиш билан боғлиқ умумий қоидаларни белгилашга қаратилган меъёр ҳисобланади. Ушбу модда орқали қаерга тадбиркорлик субъекти керак, қайси жойда мактаб боғчага эҳтиёж борлигидан келиб чиқиб, ҳудудни ривожлантириш режаси тасдиқланади.
Депутат жавобни эшитар экан, масалага ойдинлик киритди. Унинг таъкидлашича, иккинчи ўқишгача моддани ўзгартириб, Ўзбекистон Республикасида ҳудудий ривожлантиришни режалаштириш, деб ёзиш тўғри бўлади.
Ушбу жиҳатдан қаралганда концепцияни маъқуллаш мумкинлиги таъкидланди. Шунингдек, ҳудудий ривожлантиришни ишлаб чиқиш зарурлиги, бунда демографик ўсиш, географик жойлашув, иқлими ва бошқа барча жиҳатларни инобатга олиш кераклиги қайд этилди.
Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашилди. Билдирилган таклифлар келгуси ўқишгача кўриб чиқилиши ва ўзгартирилиши айтилиб, ҳужжат депутатлар томонидан маъқулланди.