Улуғбек Иноятов Тожикистондаги парламент сайловини кузатди

 

2020 йил 1 март куни Тожикистон Республикаси парламенти – Мажлиси Олига сайловлар бўлиб ўтди.

Тожикистон Республикаси таклифига биноан МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси халқаро кузатувчилар гуруҳи ушбу мамлакатда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларини кузатди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, ХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси кузатувчилар гуруҳи координатори этиб тайинланди. Гуруҳдан 39 нафар халқаро кузатувчи – Озарбайжон Республикаси, Aрманистон, Белорусия, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон, Молдова Республикаси, Россия Федерацияси ва Ўзбекистон қонунчилик органлари вакиллари, МДҲ Парламентлараро Ҳамдўстлиги Парламенти Котибияти, шунингдек, Демократия ривожланиши, парламентаризм ва мамлакатда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқига риоя этилишини мониторинг қилувчи халқаро институт экспертлари жой олди.

МДҲ Парламентлараро кузатувчилар гуруҳи ўз фаолиятини МДҲ кузатувчилари миссияси таркибида МДҲ ижрочи котиби Сергей Лебедев бошчилигида амалга оширди. Миссия аъзоларининг умумий сони 158 кишидан иборат бўлди.

Тожикистон Республикаси Aдлия вазирлигида рўйхатга олинган еттита сиёсий партия сайловда ўз номзодлари билан қатнашди. Депутатликка 241 номзод, жумладан, 65 та ягона республика сайлов округи ва 176 та якка сайлов округларида номзодлар иштирок этди. Овоз бериш 2020 йил 1 март куни соат 06.00 дан 20.00 гача давом этди.

У.Иноятов бошчилигидаги гуруҳ Тожикистон Республикаси парламенти, сайлов ва референдумлар Марказий комиссияси, сайловда иштирок этувчи сиёсий партиялар раҳбарлари ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар кузатув миссиялари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказди.

Хусусан, 28 февраль куни Тожикистон демократик партияси раиси Саиджафар Усмонзода ва Тожикистон социалистик партияси раиси Абдуҳалим Ғаффоров билан, 29 февраль куни Тожикистон Мажлиси Олий раҳбари Маҳмадсаид Убайдуллаев сайлов ва референдумлар бўйича Марказий комиссия раҳбари Бахтиёр Худоёрзода, Тожикистон Халқ демократик партияси биринчи ўринбосари Абдужаббор Азизий ҳамда бошқа сиёсий партиялар етакчилари билан мулоқот бўлиб ўтди.

Сайлов куни МДҲ Парламентлараро Aссамблеясининг халқаро кузатувчилари жараёнларни кузатди. Душанбе, Ҳисор шаҳри, Вахдат, Варзоб, Рудаки туманлари ва Хатлон вилоятидаги бир неча сайлов участкаларида овоз бериш жараёнларини кузатди.

Кузатув ўтказилган барча участкалари сайлов қонунчилигига асосан маҳаллий вақт билан тонгги соат 6 дан кечикмасдан очилди. Овоз бериш жараёни Тожикистон сайлов қонунчилигига мувофиқ амалга оширилди: Ҳар бир сайловчи ўз танловини эркин амалга оширишига монеълик қилувчи ҳолатлар кузатилмади. Овоз бериш керакли тарзда жиҳозланган махсус кабиналарда амалга оширилди.

Кузатув ўтказилган сайлов участкаларида сайлов комиссиялари фаолиятига маъмурий ёки ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан аралашув содир бўлмагани қайд этилди.

Теглар

Хориж хабарлари Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш