Халқнинг баракаси ҳаракатдадир

 

Бутун борлиқ уйғонаётган, ҳаракатда барака бўладиган паллада, муборак ойда яхшиликларга интилган яхши. Эзгу мақсад билан ўзгариш ва янгиланишларга ундаш, ҳолатни очиқ таҳлил қилиш, реал вазиятдан келиб чиқиб вазифа белгилашкатта фазилат.

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида 14 март куни Сирдарё вилоятига ташриф буюриб, халқимиз тетиклиги, рўзғори учун ўта муҳим бўлган масалада йиғилиш ўтказди.

Партиямиз фаоллари ва депутатлар йиғилишда билдирилган фикрлар, танқидий хулосалар, келгуси режалар ҳақида ўз мулоҳазаларини юборишди.

 

Шерали МАМАДЕЦОЕВ,

ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси:

– Вилоятимизга ташрифи давомида давлатимиз раҳбари Сайхунобод туманида вилоят фаоллари билан учрашиб, энг қайноқ ва долзарб соҳаларнинг ичига кириб, ечимини кутаётган ҳар бир масала юзасидан очиқ-ойдин муҳокамалар ўтказди, олдинда турган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Айтилган ҳар бир фикр, берилган топшириқ, тавсиялар замирида инсон манфаати устуворлиги, турмуш шароитини яхшилаш мақсадлари мужассам, албатта.

Йиғилишда қайд этилдики, ўтган йили маҳалладаги тадбиркорлик учун Сайхунободга 120 миллиард сўм берилган. Туман тадбиркорлари ўтган йил солиқдан 85 миллиард сўмлик имтиёз олган.

Лекин бу маблағлар иш ўринларига айланмаётгани, камбағалликни қисқартиришга таъсири сезилмаётгани кўрсатиб ўтилди. Хусусий секторда яратилган расмий иш ўрни бор-йўғи 968 тага кўпайгани айтилди. «Мен ҳам тадбиркор бўлай, маҳаллада иш ўрни яратай», деган оддий одамлар четда қолиб кетаётгани танқид қилинди.

Ҳақиқатан ҳам, ҳозир мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига устувор вазифа сифатида қаралаётгани, тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани натижасида фақат вилоят марказидагина эмас, туманларда ҳам катта ўзгариш, ўсиш кузатиляпти. Имтиёзлар кўлами ҳам кенг. Ишлайман, деган кишини қўллаб-қувватлаб, ёнида турсак, у нафақат ўзини иш билан таъминлайди, балки оила аъзоларини, атрофидагиларни ҳам ишга жалб қилади.

Президентимиз айтилган муаммоларнинг ечимларини ҳам белгилаб берди. Хусусан, Сайхунободда 17 мингта хонадонда томорқани ишга солиш, кичик саноат ва хизматларни йўлга қўйиш орқали аҳолини даромадли қилиш вазифаси қўйилди. Масъуллар 19 та маҳалла ва 794 та кўчани номма-ном бўлиб олиб, бу йил тадбиркорлик учун бериладиган 200 миллиард сўм ҳисобидан уларни ҳар бирига техник иқтисодий асос ишлаб чиқади. Бунда, маҳалланинг «драйвер» йўналишидан келиб чиқиб, тумандаги 17 мингта хонадон кесимида томорқада қанча, саноатда қанча, савдо ва хизматларда қанча аҳоли банд бўлиши аниқ кўрсатилади.

Булар нимадан далолат беради? Табиийки, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши, борлари ўз фаолиятини кенгайтириши, рақобат муҳити юзага келишини билдиради. Биз ҳам жараённи четдан туриб кузатишга ҳақимиз йўқ, ушбу катта ислоҳотларга иштирокчи бўлишимиз керак.

Ўз ишини, бизнесини йўлга қўйган фуқароларга турли бюрократик тўсиқлар қўйилишини назорат қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояси масаласидаги вазифалар ижросини доимий равишда ўрганиб бориш, умуман, халқ ичида бўлишимиз зарур.

Партиямиздан сайланган 84 нафар депутатдан фидойилик ва қатъийлик талаб этилади. Барча ишларда фаол иштирок этамиз ҳамда ўз вазифамизга масъулият билан ёндашамиз. Кимки ишонч билан ҳаракат қилса, у виждони олдида ҳам, сайловчилар олдида ҳам бошини баланд тута олади.

 

Ҳаётхон ОРТИҚБОЕВА,

Сирдарё вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси, сенатор:

– Сирдарё кўпинча катта воқеалар, муҳим тажрибалар марказида туради. Чунки, бу ҳудуднинг уникал жиҳатлари бор. Ўтган ҳафтадаги ташриф сирдарёликларни янги марралар сари руҳлантирди, десам муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбарининг олиб бораётган сиёсатида бир тушунча мужассам. Ҳудудларда ишлаб чиқаришнинг кенгайиши, бандликнинг таъминланиши, аввало, ҳар бир инсоннинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилади. Оилалар даромади ошади. Бирор бир корхона ишга туширилса ҳам, бу нафақат ўша ҳудуднинг инфратузилмасини яхшилаш, иқтисодини ошириш, балки иш ўрни яратиш демакдир. Одамларда боқимандалик кайфиятини бартараф этиш ишсизларга имкон беришга кенг йўл очилди, дегани. Банд одамнинг ҳаётида мазмун бўлишини ҳаммамиз яхши биламиз.

Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишда Сайхунободдаги 17 мингта хонадондаги томорқани ишга солиш, кичик саноат ва хизматларни йўлга қўйиш орқали аҳолини даромадли қилиш вазифаси қўйилди. Бунинг учун банклар ҳоким ёрдамчилари билан бирга 19 та маҳалла ва 794 та кўчани номма-ном бўлиб олиб, «драйвер» йўналишлардан келиб чиқиб, ҳар бирига техник иқтисодий асос ишлаб чиқади. Бу ташаббус туманда ишсизликни қисқартириш, оилалар даромадини ошириш, иш бошлаш ниятида юрган фуқароларни қўллаб-қувватлашда айни муддаодир.

Ҳар доим давлат раҳбари ҳудудларда учрашувлар ўтказганда депутатлар керакли хулосаларни олади, шунингдек, ислоҳотлар иштирокчиси бўлиш учун ўз вазифаларини белгилайди. Давлатимиз раҳбари ташрифидан сўнг биз ҳам партиямиз вакиллари билан бу жараёнларда фаол иштирок этиш мақсадида режа ишлаб чиқдик. Чунки жамият ривожланиши, ҳудудлардаги уйғоқ муҳит депутатлар, сиёсий партиялар фаолларига ҳам боғлиқ масаладир.

Биринчи навбатда кучли жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатишимиз керак, деб ўйлайман. Белгиланган вазифалар аниқ, уларнинг ижроси учун жавобгарлик, масъулият аввало элнинг олдида бўлиши керак. Туман ҳокими, бошқа мутасаддилар туман аҳлига ҳисобдорлиги, одамларнинг назарида эканини билиб, сезиб турса, ҳар доим яхши натижалар йўлидан оқсамайди. Бундай ҳисобдорлик муҳитини депутатлар, сиёсий партиялар фаоллари юзага келтира олади. Биз ҳам амалий ҳаракатларимиз билан намуна бўлишимиз зарур.

Сайхунободда илк бор янги тажриба қилиниб, 19 та маҳалланинг ҳар бирига биттадан мини трактор, 4 тадан мотокультиватор олиб бериладиган бўлди. Эндиликда ҳоким ёрдамчилари «1 сотих томорқадан камида 1-2 миллион сўм даромад» деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқади. Маҳалладаги агрономлар билан бирга томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатади. Бу тажриба бутун республикада оммалаштирилади.

Томорқада етиштирилган маҳсулотни сотиб олиш тизимини йўлга қўйиш мақсадида туманда экспортга кўмаклашувчи корхона очилиб, уставига 1 миллиард сўм киритилади. Бу корхона 4 минг хонадонга серҳосил қовоқ, мош, ловия, розмарин, брокколи, тимьян уруғларини етказади, етиштирилган маҳсулотни сотиб олиб, экспорт қилади. Бундан ташқари, маҳаллада сотиб олишни йўлга қўйган экспортчи, илғор тадбиркорларга 300 миллион сўмдан 1 миллиард сўмгача грант берилади.

Кўриниб турибдики, рақамлар режаларга яраша катта. Бу режалар бир ҳудуд учун ишлаб чиқилган. Энг муҳими, Сайхунободнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш учун катта тизим яратилади. Бу тизимнинг ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоқда самарали ишлаши халқимизнинг турмуши, минглаб рўзғорларга таъсир қилади. Кучли депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш орқали жараёнда фаол иштирок этиш бурчимиз, деб биламиз.

 

Баҳодир МАМАТОВ,

ЎзХДП Сайхунобод туман кенгаши раиси:

– Давлатимиз раҳбари туманимизни ривожлантириш масаласи ҳақида таклифлар берди. Булар мамлакат етакчисининг туманимизга бўлган жуда катта эътиборидан, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир инсон ҳақида қайғуришидан далолат беради.

Сайхунободдаги хонадонларда кичик ишлаб чиқаришни ташкил қилишга кўмаклашиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Тумандаги бир неча йиллардан буён бўш турган 21 та объектга инвесторларни жалб қилишнинг янги механизми жорий этилиши айтилди. Камида 100 миллион долларлик саноат лойиҳалари бошланиб, «Фаровон» маҳалласида узоқ вақт ташландиқ бўлиб турган 35 гектар майдонда кичик саноат зонаси ташкил қилинадиган бўлди. Бу вазифалар бутун сайхунободликларни руҳлантириб юборди, десам адашмайман.

«Фаровон» маҳалласи туман марказидан 17 км узоқликда жойлашган. Бу ерда 3633 нафар аҳоли истиқомат қилади. Анча пайтдан буён ташландиқ ва бўш турган 35 гектар майдонда кичик саноат зонасининг ташкил этилиши туманимизда ишлаб чиқариш кенгайиши, аҳолининг бандлик даражаси ошиши учун хизмат қилади.

Бандлик, янги иш ўринлари, барқарор даромад манбаи каби муҳим масалалар партиямиз ташкилотлари ва депутатлар учун кун тартибида ҳар доим олдинги ўринларда туриши зарур. Чунки бу дастурий мақсадларимизга ҳамоҳангдир.

Ҳар чоракда депутатларимиз халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашларнинг сессияларида аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалалар бўйича ўрганишлар асосидаги хулосалари, таклифларини бериб боришяпти. Доимий комиссиялар фаолиятида ҳам фаол қатнашиб, айнан янги иш ўринларини ташкил этиш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш фаолияти бўйича ташкилотлар раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини эшитиш, муаммоли масалаларни ҳал қилишда ташаббускор бўлмоқда.

Лекин ҳали партия ташкилотларимиз, депутатлар олдида вазифалар кўп. Туманимизда 2023 йилда ишлаб чиқариш ҳажми деярли ўсмагани, 19 та маҳалладан 16 тасида юқори қўшилган қиймат яратадиган бирорта ишлаб чиқариш йўқлиги, ваҳоланки, тумандаги тайёр инфратузилмаси бор 16 та бино ва иншоот қимматлиги учун бир йилдан буён сотилмай ташландиқ ётгани қаттиқ танқид остига олинди.

Фаолиятимизда камчиликлар кўп. Давлатимиз раҳбари ўтказган йиғилишда ўтириб нимани ўйладим, биласизми? Имкониятлар катта, имтиёзлар кўлами кенг, аммо, шунга яраша интилишимиз камлигидан ҳижолат бўлдим, тўғриси. Ислоҳотлар шиддатига мос равишда фаол ишлайдиган давримиз келганини тушуниб етдим.

Туманимизда шунча тайёр бинолар тургани, аммо ишлаб чиқариш ҳажми деярли ўсмагани ҳаммамизнинг хатомиз, аслида. Одамларимиз орасида қўлида ҳунари, касбу-кори борлар жуда кўп. Фақат уларни қўллаб-қувватлаш, иш бошлаши учун кўмаклашиш, йўл-йўриқ кўрсатиш керак. Кўпчилик имконият ва имтиёзлардан бехабар бўлиб, қаердан иш топсам экан деган ўй билан юраверади. Бино йўқлиги учун ўз ишини бошлай олмаётганлар ҳам бор. Сайловчилар билан учрашувларда бу масалада тез-тез мурожаатлар бўлади.

Демак, тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтиришимиз, бизнесини йўлга қўйиш истагида юрган фуқароларимизни иш бошлашидан тортиб, токи уни ривожлантиришигача бўлган барча босқичларда қўллаб-қувватлашимиз, ёнида туришимиз керак. Кредит олишда, бино билан таъминлашда бош-қош бўлсак, бу орқали қанчадан-қанча ишлаб чиқариш тармоқлари очилади, юзлаб иш ўрни яратилади. Чунки имконият ва имтиёзлар керагича тақдим этилмоқда.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.

«Ўзбекистон овози», 20.03.2023, №11-12

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш