Сейсмик хавфсизлик борасида жавобгарлик кучайиши муҳим

 

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида “Сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Гап шундаки, хорижий мамлакатларда содир бўлган кучли зилзилалар оқибатида юзага келган турли хил талафотлар мамлакатимизда сейсмик хавфсизликни таъминлаш, бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалиётга татбиқ этиш лозим бўлмоқда.

Хусусан, республикамизда барпо этилаётган ва қайта таъмирланаётган бино-иншоотларнинг зилзилабардошлигини оширишда ташкилотларнинг масъулиятини кучайтириш, шаҳарсозлик қонунчилигида белгиланган талабларга қатъий риоя этиш борасида назоратни такомиллаштириш ҳамда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятга жазо муқаррарлигини ошириш зарурати юзага келган. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида шаҳарсозликка оид қонунчилик талабларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни кучайтириш назарда тутилган.

Депутатлар ташаббускорларнинг таклифларини тинглар экан, шаҳарсозлик фаолияти соҳасида кўпайиб бораётган ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш, тасдиқланган бош режаларга риоя этилишини таъминлашга қаратилган меъёрни ижобий баҳолади. Шунингдек, аҳолининг соғлиги, ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш, қурилиш сифатини ошириш, содир этилган ҳуқуқбузарликларни камайтириб, янада таъсирчан жазо чораларини қўллаш мақсад қилинмоқда.

Муҳокамада жараёнида депутатлар ижтимоий объектлардаги сейсмик хавфсизликка оид савол билан мурожаат қилди. Мутахассиснинг бу масалалар инвестиция дастурлари орқали таъминланади, деган жавобидан қониқмаган депутат ўз фикрини қайта изоҳлади.

— Биламизки, мактаб, боғчаларни таъмирлашда инвестиция дастурига асосий бино киритилади, – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шоҳиста Турғунова. – Аммо ўша муассасанинг тўгараклар ўтадиган ёки бошқа мақсадларда фойдаланадиган бинолари ҳам бор. Афсуски, уларнинг кўпи авария ҳолатида. Қуввати етмагани боис асосий бино таъмирланиб, қолган қисм қолиб кетяпти. Мана шу масалани мониторинги юритиладими? Таклиф этилаётган лойиҳада белгиланган талабларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланадими? Юритилмаётган бўлса, ушбу жиҳатга ҳам эътибор қаратилишини сўрар эдик.

Фракция аъзолари жойлардаги ҳолатлар ҳамда аҳоли мурожаатларидан келиб чиқиб, ўз фикр ва таклифларини билдирди. Овозга қўйилган лойиҳа биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқулланди.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш