Давлат дастури халқимиз манфаатларига хизмат қилади

 

 

Мамлакат даражасида аҳамиятга эга ҳар қандай ҳужжат халқ билан бамаслаҳат қабул қилинса, унинг ҳаётийлиги таъминланади, инсон манфаатларига хизмат қиладиган, одамларга фойдаси тегадиган ғоялар амалга ошади. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури шу маънода халқимиз учун ҳам, давлатимиз учун ҳам муҳим ҳужжат бўлди, дейиш учун асослар кўп.

Аввало ушбу дастур лойиҳаси жамоатчилик иштирокида кенг муҳокама этилгани, билдирилган таклиф-тавсиялар (улар 3 мингга яқин) мутахассислар ва экспертлар иштирокида чуқур таҳлил қилингани, бунинг натижасида Давлат дастури лойиҳасига юзга яқин концептуал ва таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганини таъкидлаш зарур. Давлат дастурининг бу тарзда таклиф-мулоҳазалар учун очиқ бўлиши, фикрлар ҳисобга олиниши халқ фикрининг қадри, ҳурмати ошаётганидан долалат беради, деб ўйлайман. Ҳукумат, вазирлик ва идоралар ижтимоий муҳим дастурларни қабул қилишда очиқлик, ошкоралик тамойилига риоя этишни Давлат дастури қабул қилиниши жараёнидан ўрганиши, ўрнак олиш керак, албатта.

Дастурда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш бўйича долзарб вазифалар кўзда тутилган. Бунинг замирида чуқур маъно мужассам. Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлидаги ислоҳотлар изчил давом этиши, давлат идоралари халқимизга хизмат қилишини амалда таъминлаш, эскидан қолган бюрократик ғовларни бутунлай бартараф этиш жараёни тўхтаб қолмаслигига қатъий ишора бор.

Дастурда нафақат ҳукумат, айни пайтда парламентни халққа яқинлаштириш, тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар қабул қилиш ва уларнинг истисноларсиз ижроси таъминланишига эришиш бўйича вазифалар белгиланди. Хусусан, бу йилдан Олий Мажлис палаталари фаолиятида фуқаролар мурожаатлари асосида парламент ва депутат сўровларини шакллантириш, “Электрон парламент” тизими жорий этиш, қуйи палатада йил якунига бўйича қабул қилинган қонунлар халқимиз томонидан қандай баҳолангани ва унинг самарадорлик даражасини мониторинг қилиш амалиёти жорий этилади.

Бу йилги Давлат дастури йиллар давомида сақланиб келаётган ижтимоий муаммоларни ҳал этишда катта аҳамиятга эга. Айниқса, Халқ демократик партияси учун принципиал масалаларда узоқ кутилган янгилик ва ўзгаришлар бўлиши бўйича вазифалар ҳам белгиланди. Айрим йўналишлар партиямиз Сайловолди дастуридаги таклиф-ташаббуслар билан уйғун экани партиямиз, барча даражадаги депутатлар зиммасидаги масъулиятни янада оширади.

Албатта, Давлат дастурида халқимиз турмуш сифатини ошириш мақсадида кўплаб муҳим вазифалар белгиланди, уларнинг ҳаммаси муҳим. Партиямиз дастурий йўналишларидан келиб чиқиб, айрим масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз жоиз.

Хусусан, ҳудудларда олий таълимнинг талаб юқори бўлган йўналишларида ўқитишни йўлга қўйилиши, жойларда Тошкент шаҳрида жойлашган етакчи олий таълим муассасаларининг филиаллари очилиши, Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача урбанизацияни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилиши, ҳар бир ҳудудда тадбиркорликка ўқитиш курслари ташкил этилиши, “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касбга тайёрлаш марказлари очилиши, уларда, аввало, ишсизлар, камбағал оилалар аъзоларининг ўқитилиши ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий муҳит яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Сир эмас, мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми қишлоқ жойларда яшайди. Уларнинг турмуш сифати ва иқтисодий фаоллиги ошиши бутун мамлакат равнақида ҳал этувчи омиллардан бири ҳисобланади.

Дунёда ҳеч бир давлат йўқки, аҳоли муайян қисмининг камбағаллиги, жамиятда фаол эмаслиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаган бўлса. Мамлакатимиздаги тарихий-ижтимоий шароитда камбағаллик муаммосига турли сабаблар таъсирини ўтказиб келган. Бу ҳақда чуқур ва узоқ гапириш мумкин. Лекин ҳақиқат ва факт шуки, халқимиз ҳеч қачон меҳнатдан қочмайди, дангасалик қилиб, ҳаётини яхшилаш масаласига бефарқ қарамайди. Фақат маълум юртдошларимизга илм, ҳунар ва кўникма масалаларида озгина кўмак, мадат зарур.

Шунинг учун Давлат дастурида ҳукуматга, вазирлик ва идораларга касбга ўқиш истагини билдирган ёлғиз ва кўп болали аёллар, ишсизлар, ёшлар учун кундалик ҳаётда эҳтиёж юқори бўлган соҳалар, хусусан, тикувчилик, пазандалик, сартарошлик ва бошқа йўналишлар бўйича касбга ўргатиш курсларини ташкил этиш чораларини кўриш вазифаси қўйилди. Аҳамиятлиси, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар ўқиши учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан маблағ ажратилади.

Давлатимиз учун ҳам, халқимиз учун ҳам ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муҳим даври бошланяпти. Бу йил Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билдан бирга Камбағалликни қисқартириш дастури ишлаб чиқилади. Бу дастур миллионлаб ватандошларимизнинг ҳаётини ўзгариш, ўсиш йўлига олиб чиқишда тарихий аҳамият касб этиши кутиляпти. Халқ демократик партияси дастурни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда мезонлар аниқлиги, ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар тенглиги тамойилларидан келиб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди. Чунки бу дастур ҳақиқатда одамларга ёрдам бериши, мадад бўлиши керак.

Партиямиз аҳоли турмуш сифатини ошириш, давлатнинг халқимиз олдидаги масъулиятини кучайтириш, “халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устун”, деган эзгу ғояни самарали рўёбга чиқариш йўлидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлайди, уларни амалга ошириш жараёнида ўз таклифлари, танқидий-таҳлилий фикрлари билан фаол иштирок этади. Давлат дастурида белгиланган вазифалар тўлиқ бажариладими, ижро ҳокимияти томонидан жойларда сусткашликка, ўзибўларчиликка йўл қўйилмадими, деган саволлар асосида қатъий парламент ва депутатлик назоратини амалга оширади.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш