Бухоро вилояти депутатлари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тасдиқланган режа-график асосида Кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштириш, маҳаллий Кенгашларнинг соҳадаги ижобий ютуқлари, амалга оширилаётган ишлари билан яқиндан танишиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш ва ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Халқ депутатлари Бухоро вилояти ҳамда туман, шаҳар Кенгашларининг бир гуруҳ депутатлари Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди.

Делегация аъзоларини Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари Р. Сапарбаев кутиб олди ва Жўқорғи Кенгеси қўмиталари ва фракциялар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан таништирди.

Учрашув давомида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Х. Ешимбетов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси томонидан амалга оширилаётган ишлари юзасидан тақдимот қилди.

Депутатлар фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларни олиб чиқишда, депутатлик сўровларининг юборилиши ва ижобий ҳал этилишига эришиш ҳамда бошқа масалаларда ўзаро тажриба алмашилди.

Шунингдек, делегация аъзолари Нукус шаҳридаги қуёш панелларини ўрнатиш ва сервис хизмат кўрсатиш корхонасида ҳамда терини қайта ишлаш корхонасида бўлиб, тадбиркорлик субъектларининг ишлари билан яқиндан танишдилар.

Бугунги кунда Қорақалпоғистондаги олий ўқув юртларида Бухоролик 100 дан зиёд ёшлар таълим олмоқда. Депутатлар Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида талаба ёшлар билан учрашдилар ва яратилган шароитлар билан танишиб, самимий мулоқот қилдилар.

Шундан сўнг, Нукус шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида бўлиб, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Ташриф давомида юртимизнинг тарихи ва маданияти билан танишиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти музейида ҳамда Саҳродаги Лувр номи билан машҳур бўлган И. В. Савитский номидаги давлат санъат музейида бўлиб, делегация аъзоларига экспонатлар ва уларнинг тарихи ҳақида маълумотлар берилди.

Бундан ташқари, делегация аъзолари Хўжайли туманида бўлиб, Халқ депутатлари Хўжайли туман Кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар билан танишди. Сўнг Хўжайли тумани ҳудудидаги "Миздақхан" тарихий комплексига саёҳат ташкил этилди.

Делегация аъзоларининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи самимий ва кўтаринки руҳда ўтди.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш