Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан Мўйноқ туманида 9-апрель Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан амалий тадбир ташкил этилди.
Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка ҳудуди ҳисобланган Мўйноқ туманига Президент Ш.Мирзиёевнинг махсус қарорига асосан “Silk Avia” компанияси томонидан янгидан ташкил этилган Нукус-Муйноқ йўналиши билан "Л-410" русумли самолётда тадбир иштирокчилари Мўйноққа учиб бордилар.
Тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, партиянинг Мўйноқ тумани кенгаши масъуллари, Халқ депутатлари Мўйноқ туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фаоллари иштирок қилди.
Мулоқот давомида “Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг мазмун-моҳияти, ҳар бир йўналиши бўйича белгиланган вазифалар, бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар ҳамда янгидан қабул қилинаётган қонунларнинг мазмуни ва аҳамияти кенг турда тушунтирилди. Белгиланган вазифалар ижроси устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш, бу борада депутатларнинг олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Халқ демократик партияси сафига янгидан қабул қилинган аъзоларга партия аъзолик гувоҳномалари тантанали топширилди ҳамда партия аъзоларининг таклифига асосан Мўйноқ тумани “Жайҳун” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янги бошланғич партия ташкилоти очилди.
Амалий тадбир доирасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов 9-апрель Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги байрами билан Мўйноқ туманидаги партия фаолларини табриклади ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти тўғрисида маълумотлар берилди.