Кейинги йилларда юртимизда янгича, илғор жамият қуриш ғояси чуқур илдиз отди. Бу йўлда инсон капиталини ривожлантириш, уни улуғлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни «инсон» феномени Янги Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. Ҳар бир тараққиётнинг, цивилизациянинг бунёдкори инсон эканлигини инобатга олсак, жамиятимиздаги бу ёндашув биз учун муваффақиятлар калити вазифасини ўташига ишонч ҳосил қиламиз. Шу тариқа «инсон»ни улуғлаш тамойили кенг жамоатчилик орасида тезда оммалашиб кетди. Буни сиёсий партияларнинг дастурий мақсадларида ҳам кўришимиз мумкин. Хусусан, Халқ демократик партияси 2019 йилги Парламент сайловларидан сўнг ўқитувчи ва шифокорларнинг ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш ғоясини илгари сурган эди. Мақсад чуқур ўйланган. Сабаби, биз йиллар давомида ўқитувчи ва шифокорларни мавсумий ишларга мажбуран жалб қилдик. Натижада ўқитувчи ҳам, шифокор ҳам жамиятда обрўсиз қатлам вакилларига айланиб қолди.
Зеро, илғор жамиятларга етук шахслар асос солиб келган. Инсон дунёга келиб етук шахс бўлиб шаклланиши учун у бир қанча босқичлардан ўтади. Унинг биринчи шарти руҳий баркамоллик бўлса, иккинчиси жисмоний соғломликдир. Буни таъминлаш ўқитувчи ва шифокор зиммасидаги маъсулиятдир. Демак, улар ўз вазифасини сидқидилдан, виждонан бажариши учун уларнинг мақомини ошириш, мавқеини мустаҳкамлаш ва зарур шарт-шароитларни яратиш ҳаётий масала эди.
Педагог мақомининг мустаҳкамланиши
Охирги 6-7 йилда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ ўқитувчиларнинг ҳаёти ҳам, меҳнат фаолияти ҳам яхши томонга силжий бошлади. Бу қонунчилик орқали мустаҳкамланди. Жумладан, Янгиланган Конституциянинг 52-моддасида ўқитувчининг мақомига алоҳида тўхталиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.
Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади.
2024 йилнинг 1 февраль куни «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонун билан педагог ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгилаб берилди. Том маънода қонуннинг руҳи Халқ демократик партиясининг ғоя ва мақсадларига тўлиқ мос келади.
Жумладан, қонунда:
– ўқитувчини касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, жумладан, ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги ишларига, ишсиз ва ўқимаган вояга етмаганларни ҳисобга олишга жалб этиш;
– ўқитувчининг ўқувчилар билимини баҳолашига таъсир кўрсатиш;
– ўқитувчидан солиқлар, коммунал тўловлар, кредитлар ва аҳолининг бошқа қарзлари тўғрисидаги ҳисобот ва маълумотларни, битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича ҳисоботларни талаб қилиш;
– унинг ёзма розилигисиз товарлар ва хизматлар сотиб олишга мажбурлаш, товар ва хизматлар учун маошидан маблағ ушлаб қолиш тақиқланди.
Энди ўқитувчини сиёсий ва ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларга жалб қилиш (сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнларида иштирок этиш, тест синовларида аудитория кузатувчиси функциясини бажариш, аҳолини рўйхатга олишда ёрдам бериш, таълим ташкилотларини текшириш ва аттестациядан ўтказишда иштирок этиш ва бошқалар) унинг розилиги ва у билан тузилган шартнома асосида, қўшимча ҳақ эвазига, ишдан бўш вақтида ёки иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда рухсат этилади.
Қонунда педагогик ходимлар ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш тўғрисида судга даъво аризаси билан мурожаат қилганда, шунингдек, давлат органларининг ўз ҳуқуқларини бузаётган қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан шикоят қилганда давлат божи тўлашдан озод қилингани белгилаб қўйилган.
Шу билан бирга ўқитувчиларнинг иш вақтини қисқартириш, 56 кунгача узайтирилган таътил, Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларида ижара учун ҳар ой товон пули тўлаш, бепул тиббий кўрикдан ўтиш кўзда тутилган. Педагогларнинг фарзандлари давлат мактабгача таълим муассасаларига имтиёзли шартларда ўқишга қабул қилиниши ҳам кўзда тутилган.
Шифокор мақомининг мустаҳкамланиши
Энг катта неъматимиз ҳам, бойлигимиз ҳам саломатлигимиздир. Юртимизда кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, уни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани сабаби ҳам шунда.
Олиб борилган тизимли ислоҳотлар энди шифокор мақомини ҳуқуқий томондан ҳам мустаҳкамлаб қўйиш давр талаби эканлигини кўрсатиб қўйди. чунки, бемор ўлими ёки соғлиғи ёмонлашишида бирор айби бўлмаса-да, шифокорни айблаш ва унга ноқонуний тажовуз қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётган эди. Бундан ташқари, тез ёрдамни асоссиз чақириш, муолажа қилиб қўйиш ёки чақириққа келган шифокордан бошқа оила аъзоларини ҳам кўриб қўйишни талаб қилиш, ходимларга кўрсатмалар бериб, халақит қилиш, тўсқинлик қилиш ҳолатлари тез-тез қулоққа чалинаётган эди. Статистик рақамларда келтирилишича, 2019-2022 йилларда 285 дан ортиқ ҳолатда тиббиёт ходимларига нисбатан турли шаклда тажовуз қилинган.
Вазиятнинг ўзи жамиятимизда кўпайиб кетаётган бундай иллатга қарши туриш, хусусан, бундай хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш кераклигини кўрсатиб турганди. Зеро, тиббиёт ходимига қўл кўтарган шахс ўз ножўя хатти-ҳаракатлари билан жамоат тартибини бузиб, жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қилган бўлади. Амалдаги қонунчилигимизда хизмат вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига нисбатан тажовуз қилганлик, тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ фаолиятга тўсқинлик учун тўғридан-тўғри жавобгарлик белгиланмаган. Натижада тиббиёт ҳодимларига нисбатан юз бераётган тажовузлар сони камаймади.
Бундай иллатнинг олдини олишда энг асосий ва самарали йўллардан бири сифатида юқоридаги каби ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш кун тартибига чиқди.
Давлатимиз раҳбари 2022 йил 18 март куни соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан ўтказилган очиқ мулоқотда шифокор касбининг мақоми ва нуфузини ошириш, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш вазифасини қўйди. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида тиббиёт ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилиш ва уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
2023 йил 27 март куни «Тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақидаги»ги қонун имзоланди. Мазкур қонун соҳа вакиллари мақомини ҳимоя қилишга, уларга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг яна бир намунаси бўлди.
Қонун билан «тиббий фаолият», «тиббий ёрдам», «тиббий хизмат» каби тушунчалар мазмун-моҳияти аниқ қилиб очиб берилди. Шунингдек, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳолатларда жавобгарликни, мазкур ишнинг тааллуқлилиги ва уни кўриб чиқиш муддатларини белгилаш назарда тутилди.
Ҳужжатда тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш билан боғлиқ ҳолатларда жавобгарлик, мазкур ишнинг тааллуқлилиги ва уни кўриб чиқиш муддатлари ўз аксини топган.
Хусусан, тиббиёт ходимининг қонуний тиббий фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки шу мақсадда тиббиёт ходимига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказганлик учун маъмурий жавобгарлик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олиш белгиланди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу қонун тиббиёт ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг касбий фаолиятига турлича аралашувларнинг олдини олиш, шифокор касбининг мақоми ва нуфузини ошириш, фуқароларга ўз вақтида сифатли тиббий ёрдам кўрсатилишига хизмат қилади.
Бу икки шарафли касб эгаларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши, мавқеи мустаҳкамланиши мамлакатимиздаги таълим ва тиббий хизмат сифатининг ошишига хизмат қилади. Айнан шу Халқ демократик партиясининг энг устувор дастурий мақсад ва ташаббуслари билан ҳамоҳангдир.
Аҳмад Қурбонов.
«Ўзбекистон овози», 10.04.2023, №15