Ҳар куннинг ҳисоби бор

 

Қаерда амалий иш бўлса, ўша жойда ривожланиш ҳам бўлади. Халқ депутатлари Бухоро шаҳри Кенгаши депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро шаҳар кенгаши раиси Робия Казимованинг бир кунлик иш фаолиятига назар ташлаш асносида бунга амин бўлдик. Шаҳар Кенгаши биносига кириб борганимизда, опа фуқаролар мурожаатини тинглаш билан банд эди.

– Бухоро шаҳри аҳолиси кўп ҳудудлардан, – дейди биз билан суҳбатда Робия Казимова. – Аҳолининг асосий қисми иш билан банд. Оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳит, аҳолининг турмуш фаровонлиги, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжлари мурожаатларда яққол кўриниб туради. Уларни чуқур ўрганиб, имкон қадар ҳал этишга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, Рамиля Ҳисамиддинова бемор фарзанди билан қийналиб қолганини билдириб, ёрдам сўраб, мурожаат қилди. Турмуш ўртоғи ҳам ишсизлар рўйхатида турар экан. Уларнинг турмуши анча қийин кечаётганини аниқладим. Фарзандига дори-дармон олиши учун моддий ёрдам бердик. Бунда маҳалла бошқаруви бизга кўмакчи бўлди...

Депутат опа бизни ўз сайлов округи ҳудудидаги «Ситораи Моҳи-хосса» маҳалла фуқаролар йиғинига бошлаб борди. «Бугун сайёр қабулим. Фуқаролар кутиб туришибди. Марҳамат, сизлар ҳам иштирок этинглар», дея йўл бошлади.

Маҳаллага кириб борганимизда, 50 нафардан зиёд аҳоли вакили опани кутиб турганига гувоҳ бўлдик. Кун ёмғирли бўлса-да, барчанинг кайфияти яхши.

Қабулга «Аёллар дафтари»га кирган хотин-қизлар, фаол отахону онахонлар ўз таклифлари билан келишибди.

— Маҳалламизда спортга қизиқувчи истеъдодли ёшлар кўп, — дейди маҳаллада яшовчи Назокат Иноятова. — Улар учун спорт майдончаси жуда зарур.

— «Шифокор» кўчасидаги йўлни таъмирлаш керак, — дейди маҳалла фаоли Муборак Ҳамроева. — Яқинда канализация қуриш учун йўлни ковлаб абгор қилишганди. Аммо таъмирлаш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти. йўл тупроқ ва ўйдим-чуқурлигича қолиб кетди. Шу масалани ҳал қилишда ёрдамингиз керак.

— Махтумқули кўчасидаги 1-муюлишдан орқа кўчага йўл очиш муаммоси бизни қийнаяпти, — деди кекса отахон Ислом Муқимов. — Ўнга яқин хонадон аҳли бир дарвозадан кириб-чиқяпти. Ҳовли ёнидан йўл очишга рухсат беришса, орқа кўчага бировнинг ҳовлиси орқали ўтаётган одамлар ноқулайлик ва ҳижолатдан қутулар эди. Аслини олсак, кўпгина жанжалу можаролар ҳам шунинг орқасидан келиб чиқяпти. Ечим эса шу муюлишдан орқа кўчага янги йўл очишга бориб тақалади.

— «Моҳи-хосса» чорраҳасига светофор ўрнатиш керак, — деди отахонлардан бири Самад Низомов. — Мактабимиз бироз узоқда жойлашган. Шунинг учун маҳалламиз болалари катта ва серқатнов йўлни кесиб, хавфли чорраҳадан ўтиб кетишади. Улар ўтадиган чорраҳада на светофор бор, на бир йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими. Кўпинча биз, катталар эрталаб уларни йўлдан ўтказиб қўямиз, аммо келишда ўзлари қайтишади. Неваралар мактабдан келгунча кўнглимиз хавотирга тўлиб ўтирамиз. Бир чора топиб беринг, опа. Яна бир муаммо, ҳудудимизда мактаб ва боғча йўқлиги ҳам бизни қийнайди. Маҳалла ҳудудида жойлашган силга қарши болалар санаторийсини бошқа жойга кўчириш имкони бўлсайди, мактаб ҳам, боғча ҳам шу бинода бўлар эди.

— Яна бир масала бор, — деди маҳалла фаоли Ҳамида опа Қудратова. — Маҳалладаги май ва шароб дўкони тикувчилик ательеси ва пишириқлар дўкони билан ёнма-ён жойлашган. Дўконга эркаклар кўп кириб-чиққани боис цех аёллари ишга боришда ноқулайлик ҳис этишяпти. Шу дўконни бошқа жойга кўчириш имкони бўлганида эди...

Иккинчи гуруҳ ногирони Вилоят Жалилова эса тиббий муолажага муҳтожлиги, дори-дармон олишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Хуллас, қабулга келган ҳар бир фуқаро ўзи ва маҳалладошлари дарди-ташвиши, орзу-ниятини изҳор этишга ошиқди. Робия опа мурожаатларни қоғозга тушириб, режаларни белгилаб олди. Қайси масала юзасидан қайси мутасадди билан мулоқотда бўлиш зарурлигини ўзи учун қайд этиб, аҳоли вакиллари кўнглида умид чироғини ёқди.

Шундан сўнг, депутат опа ва ҳудуддаги 26-умумтаълим мактаби жамоаси ўртасида мулоқот бўлиб ўтди. Унда таълим тизими олдига қўйилган устувор вазифалар, таълим-тарбия жараёнини самарали йўлга қўйиш ва ёш авлод маънавий камолотига эришиш, ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши, ўқув муассасаси ёнида савдо дўконларини назоратга олиш ва уларда сотилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатига эътибор қаратиш хусусида сўз борди. Опа шу ернинг ўзида мутасаддилар билан боғланиб, қатор масалаларга ечим топиб берди.

Кейинги манзил ҳудуддаги 10-сон оилавий поликлиника бўлди. Бу ерда опанинг шахсий ташаббуси билан бепул тиббий кўрик ташкил этилди. «Соғлом она – соғлом оила» лойиҳаси доирасида ўтган тиббий кўрикка «Аёллар дафтари» рўйхатидаги тиббий муолажага муҳтож хотин-қизлар жалб қилинди.

Тиббий кўрикдан сўнг Робия Казимова иштирокида поликлиникада бошланғич партия ташкилоти тузилиб, 70 нафар тиббиёт ходимлари партия сафига қабул қилинди.

Шу куни ҳудуддаги 62-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳам опанинг назаридан четда қолмади. Бу ерда аҳоли мурожаати ва опанинг саъй-ҳаракатлари билан бошланган таъмирлаш жараёни кўздан кечирилди. Муассасанинг ошхона ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланиш ҳолати ўрганилди. Зарур тавсиялар берилди.

Шундан сўнг опанинг Мухтор Ашрафий, «Ҳавзи Нав» маҳалла фуқаролар йиғинлари бўйлаб хонадонма-хонадон ўрганиш ва мулоқотлари бошланди. Аҳоли билан дийдорлашув, ҳол сўраш, муаммоларни тинглаш кун охиригача давом этди.

Нуроний онахонлар – Нодира ва Қодира бувиларнинг ҳолидан хабар олинди, ҳудуддаги 7-сон оилавий поликлиникада кексалар учун лор мутахассиси текшируви ташкил этишга келишиб олинди, имконияти чекланган ўсмир йигит Санжар Саломовга ногиронлик аравачаси етказиб берилди.

Одам одам билан. Опанинг ўзи ҳам бу ишлардан завқ-шавқ олиб, куч-ғайратга тўлганини ҳис қилдик. Халқнинг дуосини олишдан улуғроқ саодат борми, ахир?!

— Ҳаёт бир текисда кетмас экан, — дейди Бухоро шаҳри, Жомий кўчаси, 40-хонадонда яшовчи онахон Муяссар Аслонова. — Неварам Муҳаммаджоннинг бурнини зудлик билан операция қилдириш зарур бўлиб қолди. Шифокорлар Тошкентга йўлланма беришди. Моддий жиҳатдан қийналиб турганимиз учун пойтахтга олиб боролмадик. Муаммолар гирдобида қолиб юрган кезларимда депутатларнинг сайёр қабули ўтказилди. Робия опа Казимовадан ёрдам сўрадим. У кишининг тавсияси билан вилоят болалар шифохонасида неварамни операция қилишди. Бепул тиббий муолажалар ўтказилди. Депутат ва шифокорларимизга минг раҳмат! Бугун неварам ўйнаб-кулиб юрибди.

— Бухоро шаҳрида истиқомат қиламан, — дейди кекса онахон Ҳикматой Болтаева. — Партия тавсияси асосида асаб касалликлари клиникасида даволандим. Умрларидан барака топишсин, менга ўхшаган кўплаб қариялар келиб, шифокорга кўриниб, бепул даволанишяпти. Опага гап йўқ. Ҳаммамиз хурсандмиз!

— Ортимга тикилиб текис йўлни эмас, машаққат ва сабр пиллапояларини илғайман, — дейди Робия опа. — Мендан кўпинча «Опа, сиз ҳамма ишга улгурасиз, ёшлардан ҳам шижоатлисиз, сизда вақтнинг ўлчови борми, ўзи», деб сўрашади. Менда вақтнинг ўлчови йўқ, аммо ҳар бир кунимнинг ҳисоби бор.

 

Шаҳло Бақоева,

Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши ходими.

«Ўзбекистон овози», 10.04.2023, №15

 

 

 

 

 

Теглар

Фахрий Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш