Фоиз ва пеня ҳисоблаш тўхтатилди

 

Кредит қарздорлигига нисбатан кредит шартномасида кўрсатилган фоизлар, пул мажбуриятини бажармаганлик учун ҳисобланадиган фоиз ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилмоқда. Бу ҳақда Олий Суд Ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов маълум қилди.

 

– 2024 йил 27 февралда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Унга кўра, жорий йил 1 январдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш юзасидан суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, ушбу кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилди.

Бу янги тартиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори асосида жорий этилди.

Бунга қадар кредит ташкилоти кредит олувчи томонидан кредитни қайтариш интизоми бузилганда – шартнома ёки қонунда кўрсатилган ҳолатларда – кредит қарздорлигини муддатидан олдин ундиришга ҳақли бўлган. Кредит ташкилоти кредит қарздорлиги суд қарори билан ундирилгандан сўнг ҳам кредит амалда қайтарилгунгача бўлган даврлар учун фоиз ва неустойка ундириш ҳуқуқига эга бўлган.

Шу сабабли янги қонун билан Фуқаролик кодексининг 744-моддасида кредит қарздорлигига нисбатан фоиз ва пенялар ҳисоблаш бўйича янги тартиб белгиланди.

Эндиликда кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, суд қарорида кўрсатилган кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан Фуқаролик кодексининг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмлари ҳамда 734-модданинг биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек, неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.

Янги қонун нормаси шу йил 27 февралда қабул қилинган бўлса-да, унда қонуннинг орқага қайтиш кучи ҳам назарда тутилган. Гап шундаки, суд қарори билан ундирилган асосий кредит қарзига нисбатан фоиз ва неустойка ундириш 2024 йил 1 январидан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ қилинади.

Фуқаролик кодексининг 4-моддасида қонуннинг вақт бўйича амал қилиш қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, фуқаролик қонун ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин вужудга келган муносабатларга нисбатан қўлланилади. Ушбу модданинг иккинчи қисмида эса қонун у амалга киритилгунга қадар вужудга келган муносабатларга нисбатан қонунда тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардагина татбиқ этилиши белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, фақат суд қарори билан ундирилган суммага нисбатан фоиз ва неустойка ҳисобланмаслиги микроқарз муносабатларига нисбатан татбиқ қилинмайди.

 

Тоштемир Худойқулов,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 10.04.2023, №15

 

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш