Олий Мажлис Сенати, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ва БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ҳамда Буюк Британиянинг Тошкентдаги элчихонасининг молиявий кўмагида сиёсий партияларнинг аёл вакиллари учун етакчилик салоҳиятини ошириш бўйича 5 кунлик ўқув-амалий машғулотлар бошланди.
Тадбир гендер тамойилларини сиёсий ҳаётда тарғиб қилувчилар бўлмиш миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар, сиёсий партияларнинг хотин-қизлар қанотлари ва маҳаллий Кенгашлар аъзоларининг салоҳиятини ошириш, имкониятларини кенгайтиришга ёрдам бериш учун керакли кўникмалар билан қуроллантириш мақсадида ташкил этилди.
Тадбир доирасида “Сиёсат соҳасидаги етакчи аёл: ўрнак бўладиган инсон” мавзусидаги энг яхши сценарийлар танловининг ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди. Мазкур танлов жорий йилнинг март ойида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳам хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган 50 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 58-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилиги, давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши кафолатланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2023 йил 18 декабрь куни имзолаган Қонунда (ЎРҚ–883-сон) сайловларда аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар сонининг камида 40 фоизини ташкил этиши белгиланди.