Субсидияли уй: «Бор» билан «йўқ»нинг орасида

 

Кунлар исиб, одамлар эгнидаги либосларини енгиллатган палладан бошлаб, юртимизда тўйлар кўпаяди. Янги оила жамиятда янги қўрғон, келажак авлод давомчилари ўчоғи демакдир. Маълумотларга кўра, бир йилда мамлакатимиз аҳолиси 800 мингга кўпайган. Бу авлодлар янгиланаётганидан далолат.

Ўсиш аҳолининг уй­жойга эҳтиёжини ҳам ошириб боради. Шу боисдан кейинги йилларда аҳолини уй­жой билан таъминлаш, айниқса, эҳтиёжманд, кам таъминланган, етарли даромадга эга бўлмаган оилалар, фарзандларини ёлғиз катта қилаётган аёлларни уй­жой билан таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Олдингига қараганда натижалар катта. Ўртача ойлик маош олиб ишлайдиган фуқароларнинг уй олиш учун бошланғич тўловни тўлашга имконияти йўқлиги ёки ипотека кредитини қоплашга ойлик маошлари етмайдиганларга субсидиялаш тизимининг жорий этилиши бу борадаги ислоҳотларни янада жадаллаштирди.

Аҳоли эҳтиёжини қондириш мақсадида янги турар жойлар қурилмоқда. Масалан, 2023 йилда қурилган уйлар сони 85 мингга етди. Ҳозирги кунда давлат ипотека дастури орқали берилаётган ипотека кредитининг максимал миқдори Тошкент шаҳри учун 416,5 млн сўмни, фоиз ставкаси эса йиллик 18 фоиз этиб белгиланган. Бундай турдаги уйлар 20 йиллик муддатга берилади.

Кейинги тўрт йил ичида аҳолининг уй­жойга эҳтиёжини қоплашга барча манбалардан 100 триллион сўм маблағ йўналтирилган. Буларнинг ҳисобига ҳудудларда 6 мингта кўп қаватли уй­жой барпо этилиб, 250 минг оила янги бошпанали бўлган.

Ўтган йили Республика бўйича 85 мингта ёки 2022 йилга нисбатан 1,5 баробар кўп хонадон қурилган бўлса-да, жорий йилнинг 12 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Президент мамлакатимиз аҳолиси сони ортиб бораётганини инобатга олиб, уй­жой қурилиш ҳажмини ҳар йили 20 фоиз ошириб бориш топшириғини берди.

Эндиликда, яъни 2024 йилда 80 минг эмас, 100 мингта хонадон қуриш режалаштирилган. Яна бир жиҳати, бу лойиҳалар асосан ҳудудлардаги «Янги Ўзбекистон» массивларида бўлади.

 

Субсидия ўзи нима?

Субсидия — даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиши учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмайдиган маблағ ҳисобланади. Соддароқ қилиб айтганда, айни пайтда белгиланган 32 миллион сўмни фуқаро давлатга қайтармайди.

2023 йилнинг 13 апрелида Президентнинг «2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй­жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора­тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан субсидия ажратиш жараёнига ўзгаришлар киритилди.

Унга кўра, субсидия тақдим этиш тўғрисидаги хабарнома олинган вақтдан бошлаб 4 ой ичида амал қилиши белгиланди. Ушбу муддат тугагандан сўнг яна қайта ариза бериш имконияти жорий қилинди.

Аввал субсидия берилиши бўйича хабарномани қўлингизга теккандан сўнг белгиланган муддатда уй­жой олмасангиз, қайта ариза топшириш мумкин эмасди. Янги тартибга кўра, қайта ариза топшириш имкони юзага келди ва бу фуқаро токи уй­жой олмагунича давом этади.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, субсидия олиш учун бир календарь йилида икки марта ариза бериш бўйича чеклов бекор қилинди. Энди рад этилган аризаларга 1 декабрга қадар қайта ариза юбориш мумкин.

Бугунга қадар кўплаб фуқароларимиз субсидия асосида уй­жойли бўлишди. Бу рақамлар йилдан йилга ошиб бормоқда. Жорий этилаётган енгилликлар эса аҳолининг бошпанали бўлишини таъминлашдан иборатдир.

Таҳлилларга назар соладиган бўлсак, 2022 йилда даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож фуқароларга 29 мингта, 2023 йилда эса 30 мингта субсидия ажратиш белгиланган. 2022 йилда ипотека дастури бўйича жами 855 млрд сўм субсидия берилган бўлиб, шундан 17 293 нафар фуқарога бошланғич бадалнинг бир қисмини қоплаш учун 515 млрд сўм йўналтирилган. 2023 йилнинг май­сентябрь ойларида субсидия бўйича 29 485 нафар фуқарога ижобий хулоса тақдим этилган бўлса, шулардан 17 мингта оилага 1,7 триллион сўм берилган.

Умуман олганда, сўнгги 4 йил ичида даромади юқори бўлмаган 45 минг оилага ипотека кредитининг бошланғич бадали ва фоиз тўлови учун 2,4 триллион сўмлик субсидиялар ажратилган. Жорий йилда ушбу рақамлар янада ортиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, Камбағалликдан чиқариш дастурига кирган ва турар жойи ночор аҳволдаги оилаларга «маҳалла еттилиги» тавсияси асосида ўз ҳовлисида уй­жой қуриш ва таъмирлашга ҳам ипотека кредитини ажратиш йўлга қўйилади. Бунда кредитнинг 15 фоизи ва дастлабки беш йилда фоиз ставкасининг 6 фоизгача банди бюджетдан қоплаб берилиши режалаштирилган.

Вилоят ҳокимлари «маҳалла еттилиги» билан жорий йилда ушбу имкониятдан фойдаланиб, ҳар бир маҳаллада белгиланган миқдорда ва тартибда эҳтиёжманд оиланинг уй­жойини яхшилашга кўмаклашади.

Бундан кўриниб турибдики, одамларнинг розилиги, уларнинг ўз қўрғонига эга бўлиши учун бор имкониятлар сафарбар этилмоқда.

 

Ипотека бозорида қандай ишлар бўлади?

Бу йил ипотекани молиялаштириш учун йўналтириладиган маблағлар миқдори оширилиши кўзда тутилмоқда. Ушбу маблағлар асосан ипотека кредитларини молиялаштиришга, даромади юқори бўлмаган оилаларга бошланғич бадал ва фоиз тўловини қоплаш учун ва пудратчиларнинг айланма маблағини кўпайтириш учун сарфланади.

Шунингдек, энди ипотека кредитлари бўйича гаровга олинадиган уй­жойни суғурталаш талаби бекор қилинади. Бу орқали одамларнинг камида 5 миллион сўмлик харажати тежалади. Мазкур тажриба ўтган йилдан бошлаб Халқ банкида йўлга қўйилди.

 

Сифат ҳам муҳим

Президентнинг уй­жой қурилишига оид видеоселектор йиғилишида қурилиш ҳажмлари ортиб бораётган бир пайтда «энди қурилиш таннархини пасайтириш ва уйлар сифатини яхшилаш билан қаттиқ шуғулланиш вақти келди», деб таъкидланган эди. Яъни, ўтган бир йил ичида янги уй­жойлар сотув нархи ўртача 34 фоизга ошгани қониқарсиз баҳоланди. Ваҳоланки, асосий қурилиш материаллари, масалан, цемент ва металл нархлари ошмаган. Шундан келиб чиқиб, масъулларга бир қатор топшириқлар берилди.

Демак, сифатда ҳам ўзгаришлар рўй беради. Энди одамлар янги кўчиб ўтган уйларини қайтадан таъмирлашга ёки қўйилган ром ва эшикларни алмаштиришига тўғри келмайди. Буларнинг қай даражада амалга ошишини эса вақт кўрсатади. Сабаби, кўп нарса уй­жой қуриб беришни ваъда қилган қурувчининг виждонига боғлиқ.

 

Субсидияга уй топиш рўёми?

Ижобий ишлар, давлат томонидан кўрилаётган чора­тадбирлар ҳамиша янгиланиб, янада енгиллаштирилаётгани қувонарли ҳол. Лекин масаланинг яна бир томони борки, бу ҳам кўз юмиб бўлмас ҳақиқатдир.

Одамларда субсидия ҳақида хабарнома бор, аммо шунга муносиб уй­жойлар етарлими? Нега субсидия хабарномасини олган фуқаролар уй қидириб сарсон бўляпти?

Маълумотларга қараганда, 2022 йилда 29 мингта хонадон субсидия бўйича берилиши режалаштирилган эди. Йил давомида 17 293 нафар фуқарога субсидия тўловлари тўлаб берилган. 2023 йилда эса 30 мингта хонадон режалаштирилган бўлса, 13 мингга яқини фақат субсидия хабарномаси билангина чекланган.

 

Аброр Қурбонов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

— Халқ демократик партияси биргина Тошкент шаҳри мисолида бу масалани ўрганиб кўрди. Субсидияга Тошкент шаҳридан уй топиш деярли имконсиз масалага айланиб улгурганига гувоҳ бўлдик. Мисол учун, 2021 йил якунида субсидия олиш бўйича 14 мингдан ортиқ фуқаро ариза билан мурожаат қилган. Шундан 4 минг 377 нафар фуқаронинг аризаси қаноатлантирилган. 2022 йилда 4314 та субсидия, 2023 йилда эса 3600 та субсидия ажратилиши белгиланган.

Мурожаат қаноатлантирилиб, хабарнома берилиши масала ҳал бўлиб, субсидия ажратилди, дегани эмас. Энг катта масала субсидия асосида сотиладиган уй топишда. Пойтахтдаги 20 га яқин қурилиш ташкилотларига субсидия асосида уй сотиб олиш масаласида мурожаат қилиб кўрилганида деярли барчасидан рад жавоби олинган.

Шу кунларда атиги тўрт ёки бешта пудратчи қурилиш ташкилоти ўз уйларидан субсидияга ҳам сотишни таклиф қилмоқда. Қолганларида бундай амалиёт йўқ. Ипотекага сотилар экан, аммо субсидияга берилмаскан. Аҳоли субсидиядан кўра, ипотека асосида уй­жой олиш осон, деган хулосага келиб қолиш мумкин.

Субсидия бериш борасида хабар эълон қилинганида, сотиладиган уй­жойлар ҳисобини олиш мақсадга мувофиқ. Бу масалага чуқурроқ кириб бориш зарур, ҳар бир субсидия кейинги тақдири нима бўлиши ўйланган ҳолда берилиши муҳим. «Субсидия бердик, уйни ўзинг топиб ол» қабилида ёндашиш тўғримикан?

Яна таҳлилларга қараймиз. 2021 йилда пойтахтимизда 4377 нафар фуқарога субсидия хабарномаси ажратилган. Шундан бор-йўғи 477 таси субсидия асосида қурилган уйларни топган, холос. 3 минг нафардан ортиқ фуқаро субсидияга уй топа олмаган. 2022 йилда вазият яхшиланган. 4314 нафар фуқародан 3 мингтаси субсидия асосида қурилган уйларни топган. 1300 нафари қўлидаги ҳужжати билан қолган.

Давлат раҳбари аҳолини уйли­жойли қилиш масаласини давлат сиёсати даражасига кўтарди. Бу борада қатор ҳужжатлар имзоланиб, миллиардлаб маблағлар ажратилмоқда.

Мисол учун, Президентнинг 2021 йил 11 мартдаги «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй­жой билан таъминлашга оид қўшимча чора­тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ 2021 йилда Тошкент шаҳрида 7 мингта уй­жой қурилиши белгиланган эди. Ушбу уйлар аҳолига субсидия асосида ажратилиши керак эди. Бироқ мазкур уй­жойлар қурилиши учун ажратилган ерлар аукционга жойлаштирилган бўлса-да, аммо бу ерлар ўз эгаларини топмаган. Оқибатда уйлар қурилмаган. Ҳужжат ижроси ташкилотлар ўртасида сансолар бўлиб, таъминланмаган. Бундан кўринадики, фуқаролар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда қўлларидаги имкониятдан фойдалана олишмаган.

Вазиятга мутасаддилар, мутахассислар қандай изоҳ бериб, ечим таклиф қила олади?

 

Яна бир масала

Субсидия асосида ипотека кредити билан уй оладиганларни қийнайдиган яна бир масала бор. Бу олинадиган уйнинг нарх чегараси. Дастур бўйича ипотекани ҳозир 11 та банкда расмийлаштириш мумкин. Фоиз ставкаси йилига 17­18 фоизни ташкил этади. Кредит 20 йилга берилади.

Бироқ бу ўринда ипотека кредити учун маблағнинг чекланганини таъкидлаб ўтиш лозим. Масалан, Тошкент шаҳрида бу чеклов 416,5 млн сўм, вилоятлар учун 327,2 млн сўм этиб белгиланган. Ваҳоланки, нархларнинг кескин ошиб кетиши натижасида бунча пулга Тошкентда ҳатто 1 хонали хонадон топиш ҳам қийинлиги сир эмас. Субсидияга уй ажратилганда ва фоизлар белгиланганда фуқароларнинг тўлов қобилияти ҳисобга олиниши муҳим. Агар айни кунда бу шаклдаги сотувга қўйилган уйлар нархи ва фоиз суммасини ҳисобга олсак, субсидия олган фуқаронинг квартира харид қилиши орзуга ўхшаб қолади.

Ўзгаришлар, ютуқлар катта, лекин ҳаёт экан, уй­жой, субсидия, ипотека кредитлари масалалари бўйича фуқароларни қийнаб келаётган, ҳал қилиниши кутилаётган муҳим масалалар ҳам бор. Янада янгича ёндашув, янги ғоя ва таклифларсиз натижали ечимга келиш қийин бўлади.

 

Халқ демократик партияси фаолларидан таклифлар:

Биринчидан, уй­жой қурувчи қурилиш компанияларига қурилаётган уйларнинг маълум миқдордаги қисмини айнан субсидияга эга фуқароларга сотиш бўйича ижтимоий мажбуриятни қонун билан юклаш зарур.

Иккинчидан, балки қурилганига 5 йилдан ошмаган иккиламчи бозордаги уйларни ҳам субсидия асосида харид қилиш имкониятини яратиш ҳақида ўйлаб кўриш керакдир. Бу борада меъёрий ҳужжатларга зарур ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Кейинги йилларда яратилган тизим халқимизга янада манфаат келтириши учун мутасаддилар астойдил изланиб кўрса, субсидиялар кўпроқ оилаларни хурсанд қилган бўларди.

 

Зилола Убайдуллаева,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 17.04.2023, №16

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш