ПРЕСС-РЕЛИЗ

2019 йил 23 август куни ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Юнусобод туманида жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлар муносабати билан партиянинг Сайловолди дастури лойиҳаси муҳокамасига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда Тошкент шаҳар партия кенгаши маъсуллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, Юнусобод туман кенгаши фаоллари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари ва партия аъзолари иштирок этди.

Семинарни Ўзбекистон ХДП Юнусобод туман Кенгаши раиси Р.Абдуқодиров очиб берди. Қайд этилдики, бу йилги сайловлар янги ҳуқуқий шароитда ўтказилади. Демократик ислоҳотлар чуқурлашиб, сиёсий партиялар ўртасида рақобат муҳити кучайган ҳозирги шароитда сиёсий партиялар зиммасига катта масъулият турибди. Албатта, ҳар бир сиёсий кучнинг ушбу муҳим сиёсий жараёндаги кучи ва салоҳияти кўп жиҳатдан депутатликка номзодлар билан белгиланади. Демак, партиянинг дастури ва Сайловолди дастури ҳар томонлама пишиқ ва пухта бўлиши, электоратни ўйлантираётган муаммоларни ўзида акс эттириши талаб этилади.

Қайси партиянинг дастурий мақсадларида ҳаётий масалалар акс этса, одамларнинг унга ишончи ортади. Демак, партия фаоллари ана шу масалаларга устувор вазифа сифатида ёндашиши зарур. Албатта, ҳали олдинда қилинадиган ишлар жуда кўп. Масалан, ўтган давр мобайнида жойлардаги айрим депутатлар ўз ваколатларидан тўлиқ фойдалана олмади. Бу йилги сайловларга номзодларни фидойи, халқ дардини яхши тушунадиган кишилардан шакллантириш кераклиги уқтириб ўтилди.

Партиянинг жамиятдаги нуфузини янада ошириш, муҳим сиёсий жараён сайловлар олдидан партиянинг кучли ғояларга асосланган дастурларини ишлаб чиқиш, депутатликка ишончли ва халқ дарди билан куйиб, пишадиган одамларни номзод сифатида кўрсатиш бугунги кундаги энг муҳим вазифа эканлигини қайд этилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Боймурод Юсупов дастур лойиҳасининг асосий ғоялари ҳақида сўз юритди. Таъкидландики, аввало, иқтисодий ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, кам таъминланганлар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, кучли ижтимоий сиёсат  партиянинг бош мақсадидир. Маърузада аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш учун шароит яратиш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш долзарб масала эканига эътибор қаратди.

Ижтимоий масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, аҳолининг ижтимоий эхтиёжманд тоифаларига тиббий ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқариш техналогияларини такомиллаштириш энг мухим масала эканлигини такидлаб ўтди.

Муҳокамаларда Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар аҳамияти, уларнинг электорат манфаатига нечоғлик алоқадор эканлиги мисоллар орқали чуқур таҳлил этилди. Партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастурида барча учун фаровонликни таъминлайдиган, юқори ривожланган, ижтимоий-иқтисодий барқарор давлатни барпо этиш учун, авваламбор, ижтимоий жиҳатдан заиф бўлган эҳтиёжманд қатламларнинг манфаатларини таъминлаш лозим. Демак, партия Дастури лойиҳасини муҳокама қилиш орқали, партия мафкураси ва ғоялари, мақсадлари ва унга олиб борувчи йўл ҳамда мамлакатдаги ислоҳотларга бўлган сиёсий позицияга аниқлик киритилмоқда. Энди, мазкур ғояларга асосланиб, мақсадга эришиш учун яқин беш йил ичида партия олдида қандай вазифалар турибди, нима ишлар қилиш кераклиги янги Сайловолди дастури лойиҳасига акс этмоқда, дейишди сўзга чиққанлар.

Маърузалардан сўнг иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлар бўйича ўзаро фикр алмашишди. Партиянинг янги дастури ва Сайловолди дастури лойиҳаси бўйича таклифлар умумлаштирилиб, экспертлар гуруҳига тақдим этиладиган бўлди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш