Пресс-релиз

Жорий йил парламентга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга сайловлар янгича ҳуқуқий шароитда ўтказилади. Сайлов кодексининг қабул қилиниши, рақобат муҳити кучайгани сиёсий партиялар, депутатликка номзодлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Сайлов жараёнида сиёсий партиянинг дастурий-мақсади, ғоясидан жамоатчилик кенг хабардор бўлиши, айни пайтда уларни қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамият касб этади. Бунинг учун тарғибот таъсирчанлигини ошириш талаб этилади. Бу эса ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас. Сиёсий партия бу борада ташаббускор, фаол, билимдон етакчиларига суянади. Улар орқали одамлар қалбига, жамиятга чуқур кириб боради.

Жорий йилнинг 6-10 сенятбрь кунлари ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан партия ҳудудий ташкилотларида фаолият олиб бораётган масъул ходимлар учун ўқув машғулотлари ташкил этилди. Ушбу машғулотлар партиялар фаолияти самарадорлиги, кадрлар малакаси, иш тажрибасини ошириш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаш, амалий кўникмаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилди.

Машғулотлар давомида парламент аъзолари, нуфузли олий таълим муассасалари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтларининг мутахассислари, сиёсатшунос олимлар мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимини ривожлантиришнинг норматив-ҳуқуқий асослари, сайлов кампанияси тактикаси, партия ва номзодлар имижини шакллантириш, самарали Сайловолди дастурини ишлаб чиқиш, сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш бўйича сабоқ беришди.

Дарс машғулотларида сайловолди ташвиқоти даврида тарғибот ишларининг самарадорлигини оширадиган информацион-таҳлилий фаолият ишларини (бошқа партия фаолиятини кузатиш билан боғлиқ) йўлга қўйиш борасидаги масалаларни атрофлича ўрганиш ва муҳокама қилиш лозимлиги қайд этилди. Жойларда фуқаролар орасида турли масала ва муаммоларни ечимини топиш ва кўмаклашиш билан боғлиқ ишларни турли давлат ташкилотлари билан биргаликда амалга оширишда партия иштирокини кучайтириш муҳим масала экани айтиб ўтилди.

Мутахассислар томонидан сайловлар жараёнларида фуқароларнинг сиёсий фаоллигини ошириш билан бир қаторда уларда муносиб номзодларни ўзларини тақдимот қилишлари билан боғлиқ масалалар юзасидан амалий тавсиялар берилди.  Сайловолди соғлом рақобатини шакллантириш мақсадида ОАВ билан ишлаш ҳамда партия нашрларининг ҳолати кўра мафкуравий масалалар бўйича тегишли йўналишлар бўйича маълумотлар базасини шакллантириш ва улардан ушбу жараёнда оқилона фойдаланиш усуллари тушунтирилди.

Ўқув машғулотларида мавзулар эркин суҳбат, мунозара шаклида тушунтирилди. Дарслар инновацион технологиялар орқали ташкил этилди. Тингловчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда бир-бири билан баҳсли мулоқотга киришишди, долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларда баҳс-мунозара юритиб, фикрини эркин баён этишди.

Интерактив дарслар давомида партия Сайловолди дастуридаги ғоя ва мақсадларнинг аҳамиятини аудиторияга етказиш маҳорати ҳам синовдан ўтказилди, бу борада мутахассислар, сиёсатшунослар ўз таклифларини беришди. Энг муҳими, партия вакиллари амалиётда янги усулларни, замонавий технологияларни қўллаш бўйича ўз малакаларини оширишди. Янги Сайлов кодекси, сайлов жараёнлари ҳақида кенг тушунча берилди. Кичик гуруҳларда ишлаш жараёнида партия ғоялари тарғиботини олиб боришнинг янги усул ва механизмларини янада чуқурроқ ўзлаштиришди.

Ҳудудий партия ташкилотлари томонидан жойларда сайловчилар билан бўладиган учрашувларда тарғибот ишларининг самарадорлигини оширишда уларда кўпроқ интерактив ва сиёсий технологиялардан унумли фойдаланиш лозимлиги юзасидан тегишли тавсиялар берилди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш