ПРЕСС-РЕЛИЗ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда депутатлар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўрилаётган «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Қайд этилдики, “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Қонунга қонунчилик амалиётини инобатга олган ҳолда ўзгартириш киритилмоқда.

Мазкур қонун билан халқаро тижорат арбитражи судларини ташкил этиш ва фаолият юритишини тартибга солиш таклиф этилмоқда. Халқаро тижорат арбитражи тўғрисидаги ЮНСИТРАЛ наъмунавий қонуни талабларидан келиб чиққан ҳолда ушбу қонун халқаро жиҳатдан мансублигини белгиловчи янги модда билан тўлдириш таклиф қилинмоқда.

 Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлат (давлатлар) ўртасида амалда бўлган ҳар қандай келишувга риоя этилиши шарти билан халқаро тижорат арбитражига нисбатан қўлланилади.

Депутатларнинг таъкидлашича, «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун лойиҳаси шу йилнинг апрел ойида Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда маъқулланган бўлсада, орадан олти ой вақт ўтибгина иккинчи ўқишга тайёрланган. Қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилгандан кейин узоқ муддат қўмитада қолиб кетиш ҳолатларини фракция депутатлари танқид қилди ҳамда кейинчалик бундай ҳолатлар учрамаслигига қонун ташаббускорлари ва масъул қўмиталар жиддий эътибор қаратишларини таъкидлади.

Шунингдек, фракция йиғилишида «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам кенг муҳокама этилди.

Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг мақоми белгиланмоқда. Иккинчи ўқишга таклиф этилаётган таҳрирга асосан, Вазирлар Маҳкамаси – Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи бўлиб, иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳаларнинг самарали фаолият кўрсатишига раҳбарлик қилишни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди. Вазирлар Маҳкамаси коллегиал орган бўлиб, Ўзбекистон Республикасида ижро этувчи ҳокимиятнинг ягона тизимига раҳбарлик қилади.

Қонун лойиҳасига кўра, қонунга бир қатор янги моддалар киритилиши таклиф этиляпти. Хусусан, қонунни 50-модда билан тўлдириш назарда тутиляпти. Унга асосан Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.

Қонунга киритилаётган яна бир муҳим ўзгартиш шундан иборатки, Вазирлар Маҳкамасининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари белгиланган. Бироқ, ушбу масалалар алоҳида қонунлар билан тартибга солинганлиги сабабли ушбу нормалар чиқариб ташланиши назарда тутилмоқда.

Йиғилишда шунингдек, «Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида» ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам иштирокчилар диққат-марказида бўлди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини мониторинг килишнинг таъсирчан тизими, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, муассасалар ва ташкилотларда замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича хизматларнинг мавжуд эмаслиги, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишларининг сустлиги энергия ресурслари харажатларини мақбуллаштириш имконини бермаяпти.

Депутатлар томонидан олиб борилган ўрганишлар якуни бўйича 2018 йининг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазирига «Ўзбекистонда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва энергия тежовчи инновацион технологияларни қўллаш истиқболлари тўғрисида»ги масала бўйича Парламент сўрови юборилди.

Қонун лойиҳасининг мақсади - энергетика тармоқларида ҳосил қилинаётган электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ва бошқа ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳада янада оқилона ва самарали фойдаланишнинг, энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини ва замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш хизматларини кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришдан иборат.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг қайд этишича, қонун лойиҳасида таклиф этилаётган нормалар энергия ресурслари харажатларини оптималлаштиришга, энергия ресурслари истеъмолининг самарадорлигини тизимли мониторингини амалга оширишга ҳамда истеъмол қилинаётган энергия ресурслари ҳажмини камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни белгилашга хизмат қилади. Шунингдек, мамлакатда барқарорлик ва иқтисодий ўсишни мустаҳкамлашга, бюджетга тушумларни кўпайтиришга ҳамда аҳолининг реал даромадларини оширишга кенг йўл очади.

Юқоридагилар билан бирга қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида қонунчилик амалиётидан келиб чиқиб, масъул қўмита томонидан лойиҳа матнида кейинчалик фойдаланилмайдиган тушунчаларни қисқартириш ҳамда муҳим аҳамиятга эга тушунчаларни лойиҳанинг алоҳида моддаларида келитириш кераклиги тўғрисида фракция ўз тавсиясини билдирди.

Йиғилиш давомида ҳар бир қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси электорати манфаатидан келиб чиқиб, қизғин муҳокама этилди.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари бўйича фракция ўз позициясини белгилаб олди.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш