3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни. Шу муносабат билан бутун дунё бўйлаб ногиронларни қўллаб-қувватлашга бағишланган тадбирлар ўтказилади ва ақлан ва жисмонан нуқсони бор замондошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватланади.
Кези келганда айтиш жоиз, ушбу сана 1992 йилда қабул қилинган БМТ Бош Ассамблеяси қарорига биноан ҳар йили нишонланиб келинмоқда. Бундан асосий мақсад жамиятда ногиронлар дуч келаётган муаммоларни яхшироқ тушуниш, уларни бартараф этиш, қадр-қиммати, ҳуқуқларини ҳимоялаш, турмуш шароитларини яхшилашдан иборат.
ЎзХДП дастурий мақцсадларида аҳолининг, хусусан ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масаласи устувор аҳамият касб этади. Шундан келиб чиқиб, партия ташаббуси билан ўтказилаётган бир қатор тадбирларда уларнинг ижтимоий муаммолар аниқланиб, уларни ҳал этиш йўллари муҳокама қилиб келинмоқда.
2019 йил 2 декабрь куни ана шундай тадбирлардан бири бўлиб ўтди. Унда партия Марказий Кенгаши раҳбар ва масъул ходимлари, депутатлар, Ногиронлар жамияти, Кар-соқовлар жамияти, Кўзи ожизлар жамияти вакиллари ва партия фаоллари иштирок этди.
Дастлаб ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ногиронлиги бўлган шахслар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди. Таъкидландики, партия ташаббуси билан ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ёлғиз кишилар ва эҳтиёманд кексаларни ижтимоий ва моддий қўллаб қувватлаш, шунингдек, уларнинг биринчи навбатдаги эҳтиёжларини қондирилишида ҳар томонлама ёрдам бериб келинмоқда. Хусусан, Халқ демократик партиясининг ногиронлиги бўлган шахсларга қулайлик яратиш учун жамоат транспортини пандуслар ташкил этиш, жойларда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимояси ва мослашуви самарадорлигини ошириш бўйича ташаббуслари алоҳида эътироф этилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи Ожизлар ва Ўзбекистон Карлар Жамиятлари билан ҳамда Ўзбекистон Фахрийларни қўллаб-қўвватлаш “Нуроний” жамғармаси ҳамкорликда имзоланган меъморандум асосида бир қатор амалий ишлар олиб бориляпти.
Партиянинг янги Сайловолди дастурида ҳам аҳолининг кам таъминланган қатламлари, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг турмуш даражасини ошириш бўйича муҳим ва аниқ вазифалар белгиланган. Хусусан, партия пенсиоенрлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронлиги бўлган болаларни тарбиялаётган ота-оналар, ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ҳамда аҳолининг бошқа заиф қатламларига пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларни белгилаш 2030 йилгача Барқарор ривожланиш бўйича Миллий мақсадлар ва вазифалардаги мезонларга асосланиши керак, деб ҳисоблайди.
Шундан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрнибонлик уйлари” да истиқомат қилувчи ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғидан маҳрум болалар, ўзгалар парваришига муҳтож ногиронларга замонавий ва ҳар томонлама қулай шароитларни яратиш ҳолатини жойларда депутатлик ҳамда жамоатчилик назорати тариқасида ўрганиб чиқишни мақсад қилган.
Ногиронлиги бўлган шахслар дуч келаётган ижтимоий масалаларни ўз вақтида ҳал этиш, жумладан, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқариш технологияларини такомиллаштириш энг муҳим масала экани алоҳида таъкидланди.
Сўзга чиққанлар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, Мурувват ва Саховат интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш, давлат томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга бепул тақдим этиладиган протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситалари турларини кўпайтириш ҳамда уларнинг тегишли стандартларини жорий қилиш масалаларига тўхталиб ўтишди. Ишлаб чиқарилаётган протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларининг сифатини яхшилаш ва уларнинг турларини кенгайтириш устидан парламент ва депутатлик назорат механизмини такомиллаштириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Фикр-мулоҳазалар давомида аниқланган муаммоларнинг ечими бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир давомида иштирокчилар бир дастурхон атрофида йиғилишди. ЎзХДП Марказий Кенгаши томонидан меҳмонларга совғалар ва фахрий ёрлиқлар берилди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.