ПРЕСС-РЕЛИЗ

2019 йил 23 июль куни ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан “Пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори, пенсия таъминоти соҳасида пенсиялар, устамалар, қўшимча ҳақ ва компенсация тўловларини жорий этиш” мавзусига бағишланган семинар ўтказилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши масъуллари, Бандлик ва мехнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги хузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Ўзбекистон Ногиронлар, Кўзи ожизлар, Карлар жамиятлари вакиллари, Халқ депутатлари Тошкент шахар Кенгашии ва туман Кенгашлари депутатлари иштирок этди.

Таъкидландики, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли сонининг барқарор ўсиб бораётгани, аҳолининг ёш таркибида ёшлар катта салмоққа эга бўлишига қарамасдан кексаларнинг салмоғи барқарор даражада сақланиб қолаётганлиги ижтимоий масалаларга айниқса, пенсия тизимига алоҳида эътибор қаратишни талаб этмоқда. Шу сабабли ҳам пенсия тизимига ижтимоий сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралмоқда.

Пенсионерлар, ногирон, ёлғиз кексалар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаларининг тўлақонли ҳаёт кечиришларини таъминлаш учун уларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштириш масаласи 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган муҳим ижтимоий вазифалардан бири ҳисобланади. Ушбу устуворлик аҳолининг давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатламларини ўз электорати деб ҳисоблаган Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадлари билан ҳамоҳангдир. Негаки, партия Сайловолди дастурида пенсионерлар, меҳнатга лаёқатсиз ногиронлар ва аҳолининг меҳнат қила олмайдиган бошқа ижтимоий гуруҳлари ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатловчи пенсия таъминоти ва ижтимоий нафақаларнинг самарали тизимини вужудга келтириш, ёлғиз кексаларга моддий ёрдам бериш имкониятлари ва ҳуқуқларини кенгайтиришга кўмаклашиш устувор вазифалардан бири этиб белгиланган.

Сўзга чиққанларнинг қайд этишича, мамлакатимизда 3 млн 300 мингдан ортиқ фуқаро ҳар ойда пенсия ва ижтимоий нафақа билан таъминланади. Миллионлаб оилаларга моддий ҳамда ижтимоий ёрдамлар берилади. Ана шу мақсадлар учун бюджет маблағларидан салмоқли молиявий маблағлар сарф-харажат қилиниб, ижтимоий ҳимоянинг зарур инфратузилмаси шакллантирилди ва у самарали ишлаб турибди. Бу соҳада махсус ваколатли марказий ва махаллий давлат органлари, фуқарларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолият юритаётгани ижтимоий ҳимоя соҳасидаги ишларимиз кўлами нақадар кенг эканини аниқ-равшан кўрсатиб турибди.

Мисол учун, мамлакат аҳолисининг қариб бориши кўрсаткичи шуни кўрсатмоқдаки, «пенсия ёшидаги аҳолининг сони ўсиш тенденциясига эга (2010 йилдаги 5,9 фоиздан 2018 йилга келиб 7,4фоизга). Статистик маълумотларга кўра, 2019 йилдан бошлаб пенсия ёшидаги аҳоли сони 9,0 фоиздан ортади ва 2025 йилга бориб 11,0 фоизга етади. Умуман олганда, 2018-2025 йилларда пенсия ёшидаги аҳолининг улуши 1,2 млн. кишига ошиши кутилмоқда. Натижада пенсия тайинлаш учун мурожаатлар сони тобора ортиб боради, агар 2017 йилда 206 минг кишига пенсия тайинланган бўлса, 2018 йилнинг 9 ойида 205,5 минг кишига пенсия тайинланган.

Жаҳон амалиётининг кўрсатишича, пенсия тизимларини ислоҳ этишдан мақсад пенсионернинг минимал турмуш даражасини таъминлаб бера оладиган минимал пенсияни жорий этиш, меҳнат фаолияти давомида тўланган бадаллар ва пенсия миқдори ўртасида бевосита узвий боғлиқликни таъминлашдан иборат, дейишди сўзга чиққанлар.

Мамлакатимизда ҳам пенсионерларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, кекса одамлар тўғрисида ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, шунингдек, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини изчил такомиллаштириб бориш, пенсионерларни ижтимоий жиҳатдан янада қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда уларнинг салоҳияти, тажрибаси ва билимини тўлақонли жалб қилиш, пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. Энг муҳими, бу масалалар қонунчилигимизда ҳам ўз аксини топаётгани алоҳида таъкидланди.

Масалан, Президентнинг 2017 йилнинг 12 декабрдаги “Меҳнат фаолиятини олиб бораётган пенсионерларнинг алоҳида тоифаларига қулай шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, тайинланган пенсия ва нафақалар ҳисобланиши тўғрилигини текшириш натижасида аниқланган ортиқча тўланган пенсия ва нафақаларнинг қолдиқ суммаси - 65 ёшга тўлган ва ундан катта ёшдаги фуқаролардан, шунингдек, 2010 йилгача бўлган даврда тайинланган пенсия ва нафақаларнинг ортиқча тўланган пули қолдиқ сўммалари ҳисобдан чиқарилди.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 12 декабрида “Фуқароларнинг пенсия тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қўвватлашни кучайтирига оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Унда 2019 йил 1 январдан бошлаб барча ишловчи пенсионерларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланииши, пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробаригача ошириш белгиланди. Шу билан бирга меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар тайинлаш ҳамда солиқлар, давлат божлари, жарималар, йиғимлар ва бошқа тўловларни ундириш ўртасидаги шартларнинг боғлиқлигини бартараф этиш мақсадида Президентнинг 2019 йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” ги Фармони қабул қилинди.  Унга асосан, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига: 634 880 сўм миқдорида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ва 223 000 сўм миқдорида базавий ҳисоблаш миқдори ҳамда 223 000 сўм миқдорида пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори жорий этилмоқда.

Шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори, 1,0 таъриф коэффициенти бўйича Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф сеткаси биринчи разряди бўйича ойлик тариф ставкасининг пулдаги ифодаси ҳисобланиши, меҳнат муносабатлари соҳасида лавозим маоши, устамалар, қўшимча ҳақ, гонорар, қўшимча иш учун компенсация тўловлари ва рағбатлантирувчи тусдаги тўловларнинг бошқа турлари, шунингдек, қонунчиликда белгиланган ушланмалар, илгари энг кам иш ҳақига нисбатан белгилаб қўйилган бошқа тўловлар миқдорини аниқлашда ҳамда оилаларнинг ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтожлиги ва ишсизлик бўйича нафақалар миқдорини аниқлашда қўлланилиши белгиланмоқда, Булар, белгиланган меҳнат нормаларини тўлиқ бажарган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг қуйи чегараси сифатида ташкилий-ҳуқуқий шакли ва меҳнат муносабатларидан қатъи назар барча иш берувчилар учун мажбурий ҳисобланиши қатъян белгиланмоқда.

Партиянинг галдаги вазифаси мазкур Фармоннинг мазмун моҳиятини ўз электорати ва тарафдорлари орасида кенг тарғиб қилиш, унинг ижросини қатъий таъминлашда ўзининг барча даражадаги вакиллик органларидаги депутатлари орқали парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳисобланади. Ҳар бир депутат ўз сайлов округида ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни манзилли қўллаб-қувватлаш масалаларини доимий равишда ўрганиб бориши кераклиги алоҳида уқтириб ўтилди.

Семинарда ижтимоий ҳамкор ташкилотлар билан пенсия тизимини ислоҳ этишга қаратилган қонун ҳужжатлари, қарор ва фармонлар ижросини мониторинг қилиш бўйича ҳамкорликдаги режалар белгилаб олинди. Депутатлар, партия фаолларининг бу борадаги таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

← Рўйхатга қайтиш