Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида

Лоийҳа

 

Ўзбекистон Республикаси

ҚОНУНИ

 

Ўзбекистон Республикасининг

давлат тили тўғрисида

 

 

Қонунчилик палатаси томонидан ______________

қабул қилинган

 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

 

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикасининг давлат тили билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари

 

Давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ушбу Қонун
ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

3-модда. Ўзбекистон Республикасининг давлат тили

 

Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.

Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ ва ўзбек тиллари давлат тиллари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат тили миллий қадрият сифатида эътироф этилади.

Давлат тилига беҳурматлик, уни камситиш ва бузиб талқин қилишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари ҳурмат қилиниши таъминланади, шунингдек, уларнинг ривожланиши учун зарур шароитлар яратилади.

Ўзбекистон Республикасида 21 октябрь Ўзбек тили байрами кунидир.

4-модда. Тил бўйича камситишга йўл қўйилмаслик

 

Ўзбекистон Республикасида тил бўйича камситишга ва давлат тилини билмаслиги муносабати билан фуқароларнинг ҳуқуқ
ва эркинликлари чекланишига йўл қўйилмайди.

Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар.

 

2-боб. Давлат тилига оид давлат сиёсати

 

5-модда. Давлат тилига оид давлат сиёсатининг
асосий йўналишлари

 

Давлат тилига оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

давлат тили ва уни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш;

барча соҳаларда давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдаланишга эришиш;

таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш;

давлат тилининг софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш
ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш;

давлат тилини Ўзбекистон Республикасининг маданий мероси сифатида тарғиб этиш;

давлат тилини ривожлантириш ва давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш;

илмий-бадиий адабиётларни давлат тилига таржима қилишни
қўллаб-қувватлаш;

давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари
ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш;

давлат тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш;

давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш,
бу борада хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш.

 

6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг давлат тилига оид давлат сиёсати ва уни ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

давлат тилига оид давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

давлат тили ва уни ривожлантиришга оид давлат дастурларини ишлаб чиқади;

ўзбек тилининг имло қоидаларини ишлаб чиқилишини таъминлайди;

Ўзбек тили байрами кунини нишонлашни ташкил этади
ва бу борадаги ишларни мувофиқлаштиради;

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва давлат ташкилотларининг (бундан буён матнда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) давлат тилини ривожлантириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиради;

давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлайди, бу соҳада халқаро ҳамкорликни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясини ташкил этади ва унинг фаолият юритиш тартибини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясининг давлат тилига оид давлат сиёсати ва уни ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари

 

Давлат тилига илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси томонидан амалга оширилади.

Атамалар комиссияси:

илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларидаги тушунча ва атамаларнинг турлича изоҳлаш эҳтимолини истисно этадиган тарзда қонунчилик ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда ва тўғри қўлланишини таъминлайди;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида ўзбек адабий тили қоидалари ва нормаларига, шунингдек, юридик, техник ва бошқа махсус қоидаларга риоя этилишини таъминлайди;

бошқа тилларнинг қоидалари туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган номувофиқликларни норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларига зиён етказмаган ҳолда таҳрир қилади;

ўзбек тилига кириб келаётган янги атамаларни қонунчилик ҳужжатларига жорий этиш ва амалда қўллашнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, ушбу соҳадаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг ривожланиш йўналишларини аниқлайди;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларга атамашунослик масалалари бўйича маслаҳатлар беради.

 

8-модда. Давлат органлари ва ташкилотларининг давлат тилига оид давлат сиёсати ва уни ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари 

 

Давлат органлари ва ташкилотлари ўз ваколатлари доирасида:

давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилига оид қонунчилик ҳужжатлари, давлат ва бошқа дастурлар ижросини таъминлайди;

давлат тилини ривожлантириш ва давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратини амалга оширади;

давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича назоратнинг самарали шаклларини жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишида иштирок этади;

давлат тили ва уни ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида иштирок этади;

давлат органлари ва ташкилотларида ходимларнинг давлат тилини ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратади;

географик объектлар, маданий мерос объектлари, савдо, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ном бериш борасидаги фаолиятни мониторинг қилади
ва бу борада аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар киритади;

давлат органлари ва ташкилотларида давлат тилини ривожлантиришга оид илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлайди, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг давлат тилидаги муқобилларини ишлаб чиқиш бўйича таклифлар киритади.

Давлат органлари ва ташкилотлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

 

3-боб. Давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида давлат тилининг қўлланилиши

 

9-модда. Иш юритиш тили

 

Ўзбекистон Республикасининг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти тизимида, шунингдек, бошқа давлат органлари ва ташкилотларида иш юритиш, ҳисоб-китоб, статистика ва молия ҳужжатлари давлат тилида юритилади, мазкур Қонуннинг 13, 14-моддаларида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно. 

Давлат органлари ва ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ёзишмалар давлат тилида олиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатувчи хорижий ташкилотлар ёки уларнинг ваколатхоналари, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари билан ёзишмалар давлат органлари
ва ташкилотлари томонидан давлат тилида ёки унинг давлат тилидаги таржимасини баён этиш шарти билан тегишли хорижий тилда олиб борилиши мумкин.

 

10-модда. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда давлат тилининг қўлланилиши

 

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказиладиган илмий
ва касбий форумлар, симпозиумлар, конференциялар, семинарлар, шунингдек, тантаналар, тақдирлаш маросимлари ва бошқа тадбирлар давлат тилида олиб борилади, ушбу модданинг иккинчи қисмида белгиланган ҳоллар мустасно.

Ўзбекистон Республикаси ташкил этадиган халқаро даражадаги тадбирлар, шунингдек, тегишли давлат органлари ва ташкилотлари томонидан бошқа давлатларда ўтказиладиган ҳамда мазкур ташкилотлар вакиллари иштирок этадиган тадбирларда бошқа тиллардан
ҳам фойдаланилиши мумкин.

 

11-модда. Давлат органлари ва ташкилотларида ходимларнинг давлат тилини билиши ва ўрганишини қўллаб-қувватлаш

 

Давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари ўзининг хизмат ва профессионал вазифаларини бажариши учун давлат тилини билишлари шарт.

Давлат органлари ва ташкилотлари касб, мутахассислик, лавозим вазифаларини бажариш учун давлат тилини билмайдиган ўз ходимларига давлат тилини ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратади.

 

12-модда. Норматив-ҳуқуқий хужжат тили

 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат тили Ўзбекистон Республикасининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуни билан тартибга солинади.

 

13-модда. Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари
ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат  қилинадиган тили

 

Жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва давлат муассасалари, уларнинг мансабдор шахсларига давлат тилида ва бошқа тилларда мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига жавоблар мумкин қадар мурожаат этилган тилда баён қилинади.

14-модда. Суд ишлари юритиладиган тил

 

Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш давлат тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.

Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.

Суд ишларини юритишда тилни қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари фуқаролик-процессуал, жиноят-процессуал, иқтисодий-процессуал ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

 

15-модда. Нотариал ҳаракатлар амалга ошириладиган тил

 

Ўзбекистон Республикасида нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади.

Расмийлаштирилган ҳужжат белгиланган тартибда бошқа тилларга таржима қилиниши мумкин.

 

16-модда. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, фуқаронинг шахсини ва ҳуқуқларини тасдиқлашда қўлланиладиган тил

 

Фуқаролик ҳолати далолатномалари, фуқаронинг шахсини
ва ҳуқуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа ягона намунадаги расмий ҳужжатлар давлат тилида, заруратга қараб, давлат тили билан биргаликда бошқа тилда ҳам расмийлаштирилади.

 

4-боб. Таълим, маданият, ноширлик фаолияти ва оммавий ахборот воситаларида давлат тилининг қўлланилиши

 

17-модда. Таълим соҳасида давлат тилининг қўлланилиши

 

Ўзбекистон Республикасида таълим давлат тилида ва бошқа тилларда олиб борилади.

Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахслар тарбия ва таълим олиш тилини танлаш ҳуқуқига эга.

Ташкилий-ҳуқуқий шакли ва бўйсунувидан қатъи назар, бошқа тилларда фаолият юритадиган мактабгача таълим, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида белгиланган давлат таълим стандартларига мувофиқ давлат тилини ўқитиш мажбурийдир.


18-модда. Маданият соҳасида давлат тилининг қўлланилиши

 

Маданий-маърифий, театр-томоша, томоша-кўнгилочар тадбирлар давлат тилида ўтказилади, зарурат бўлганда, бошқа тилларда ҳам ўтказилиши мумкин.

 

19-модда. Ноширлик фаолияти ва оммавий ахборот воситаларида давлат тилининг қўлланилиши

 

Ноширлик фаолияти ва оммавий ахборот воситалари фаолияти давлат тилида, шунингдек бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Босма ноширлик маҳсулотларида бериладиган ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинадиган давлат тилидаги матнларда ўзбек адабий тилининг амалдаги имло қоидаларига риоя этилиши шарт.

 

5-боб. Географик объектларнинг номларида, муҳр, тамға
ва кўргазмали маълумотларда давлат тилининг қўлланилиши

 

20-модда. Географик объектларнинг номларида давлат тилининг қўлланилиши

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган географик объектлар номларининг йўл белгиларидаги, пешлавҳалар ва бошқа кўрсаткичлардаги ёзувлари давлат тилида, зарурат бўлганда, давлат тили билан биргаликда бошқа тилларда ҳам ифодаланади.

 

21-модда. Муҳр, тамға ва кўргазмали маълумотларда давлат тилининг қўлланилиши

 

Давлат органлари ва ташкилотларининг муҳрлари, тамғалари ва иш ҳужжатларининг матни давлат тилида бўлиши шарт.

Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкилотлар муҳрлари
ва тамғаларининг матни давлат тилида ёзилиши зарур, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган халқаро ва хорижий ташкилотлар, хориж инвестициялари иштирокидаги ташкилотлар, хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган миллат ва элатлар миллий маданият марказларининг муҳрлари, тамғалари, иш ҳужжатлари матнининг таржимаси давлат тилида такрорланиши шарт.

Лавҳа, реклама, эълон, нарх кўрсаткичи, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ёки импорт қилинган маҳсулотнинг ёрлиқлари ҳамда бошқа кўргазмали ва ахборот матнлар давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади, зарур ҳолларда, давлат тили билан биргаликда бошқа тилларда таржимаси ҳам берилиши мумкин. Бунда бошқа тилдаги матнининг ўлчами давлат тилидаги матннинг ўлчамидан кичик бўлиши лозим.

 

6-боб. Халқаро муносабатларда давлат тилининг қўлланилиши

 

22-модда. Халқаро ёзишмаларда давлат тили

 

Ўзбекистон Республикасининг халқаро ёзишмалари давлат тилида олиб борилади, шунингдек, бундай ёзишмалар давлат тили билан бир қаторда тегишли хорижий тилда ҳам олиб борилиши мумкин.

 

23-модда. Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг тили

 

Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ва бошқа аҳдлашувчи томоннинг тили Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг тилидир.

Бошқа аҳдлашувчи томон билан келишувга кўра, ўзга тил Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасининг тили деб танланиши мумкин.

 

24-модда. Хорижий давлатлар вакиллари иштирокидаги қабуллар ва бошқа тадбирларда давлат тили

 

Ўзбекистон Республикасида хорижий давлатлар вакиллари иштирокидаги қабуллар ва бошқа тадбирлар давлат тилида ёки томонлар аҳдлашган тилда ўтказилади.

 

7-боб. Якунловчи қоида

 

25-модда. Низоларни ҳал этиш

 

Давлат тили соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

26-модда. Давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

Давлат тили тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

27-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш

 

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1989 йил 21 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги 3561–ХI-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1989 йил, № 26–28, 453-модда);

2) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1989 йил
21 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги Қонунни кучга киритиш тартиби тўғрисида»ги
3563–XI-сонли Қарори (Ўзбекистон Pecпубликаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1989 йил, № 26–28, 455-модда);

3) Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида»ги Қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги
167–I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 257-модда);

4) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил
21 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги Қонунининг янги таҳририни амалга киритиш тартиби тўғрисида»ги 168–I-сонли Қарори (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 12, 258-модда);

5) Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 3 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини
ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»
ги № 714–II-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2005 йил,

№ 1, 18-модда) I бўлимининг 1-банди;

6) Ўзбекистон Республикасининг 2010 йил 14 сентябрда қабул қилинган «Адлия органлари ва муассасалари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш
ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»
ги  ЎРҚ–255-сонли  Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2010 йил, № 9, 335-модда) 1-моддаси;

7) Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 12 октябрда қабул қилинган «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги ЎРҚ–304-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2011 йил, № 10, 274-модда);

8) Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 14 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги
ЎРҚ–446-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2017 йил, № 9, 510-модда) 1-моддаси;

9) Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 3 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–653-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2020 йил, № 12, 691-модда) 1-моддаси.

 

28-модда. Қонунчилик ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз
норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

 

29-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

 

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

                Президенти

 


***

Лойиҳа

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

ҚОНУНИ

 

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 42-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида

 

 

                                       Қонунчилик палатаси томонидан ________________

қабул қилинган 

 

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015–ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 3, 6-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 йил, № 9, 193-модда, № 12, 269-модда; 1996 йил,
№ 5–6, 69-модда, № 9, 144-модда; 1997 йил, № 2, 56-модда, № 4–5,
126-модда, № 9, 241-модда; 1998 йил, № 3, 38-модда, № 5–6, 102-модда,
№ 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5–6, 153-модда, № 7–8, 217-модда; 2001 йил, № 1–2, 23-модда, № 9–10, 165, 182-моддалар; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда;
2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда, № 9–10, 149-модда; 2004 йил,
№ 1–2, 18-модда, № 5, 90-модда, № 9, 171-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 312-модда, № 12, 413, 417, 418-моддалар; 2006 йил, № 6, 261-модда, № 9, 498-модда, № 10, 536-модда, № 12, 656, 659-моддалар; 2007 йил, № 4, 158, 159, 164, 165-моддалар, № 9, 416, 421-моддалар, № 12, 596, 604, 607-моддалар; 2008 йил, № 4, 181, 189, 192-моддалар, № 9, 486, 488-моддалар, № 12, 640, 641-моддалар; 2009 йил, № 1, 1-модда, № 9, 334, 335, 337-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 462, 468, 470, 472,
474-моддалар; 2010 йил, № 5, 175, 179-моддалар, № 6, 231-модда, № 9,
335, 339, 341-моддалар, № 10, 380-модда, № 12, 468, 473, 474-моддалар; 2011 йил, № 1, 1-модда, № 4, 104, 105-моддалар, № 9, 247, 252-моддалар,
№ 12/2, 365-модда; 2012 йил, № 4, 108-модда, № 9/1, 242-модда, № 12,
336-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1,
2-модда, № 5, 130-модда, № 9, 244-модда, № 12, 341, 343-моддалар;
2015 йил, № 6, 228-модда, № 8, 310, 312-моддалар, № 12, 452-модда;
2016 йил, № 1, 2-модда, № 4, 125-модда, № 9, 276-модда, № 12, 383,
385-моддалар; 2017 йил, № 4, 137-модда, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда, № 10, 605-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4, 5-моддалар, № 4, 224-модда, № 7, 430, 431, 432-моддалар, № 10, 671, 673, 679-моддалар; 2019 йил, № 1, 1, 3, 5-моддалар, № 2, 47-модда, № 3, 161, 165, 166-моддалар, № 5, 259, 261, 267, 268-моддалар, № 7, 386-модда, № 8, 469, 471-моддалар, № 9, 591,
592-моддалар, № 10, 674, 676-моддалар, № 11, 787, 791-моддалар, № 12, 880, 891-моддалар; 2020 йил, № 1, 4-модда, № 3, 203, 204-моддалар, № 7, 449-модда, № 9, 539, 540-моддалар, № 10, 593, 596-моддалар, № 11,
651-модда, № 12, 691-модда; 2021 йил, № 1, 5, 7, 12, 13, 14-моддалар, № 2, 142-модда, № __, ___-модда) 42-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Фуқароларнинг тарбия ва таълим беришда тилни эркин танлашдан иборат ҳуқуқларини бузиш, тилдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ва чеклаш, давлат тилини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

 

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

 

3-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

4-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

     Президенти

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш

Қонун лойиҳасига таклиф беринг!

Илтимос, жавобингизни киритинг

+