Ватанимиз ҳарбийлари юксак маҳорат намойиш этишди
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ҳарбий ислоҳотлар натижасида қисқа даврда Қуролли Кучларимизнинг жанговар шайлиги, халқаро майдондаги нуфузи сезиларли даражада ортди.
Буни жорий йилнинг 3 августидан 17 августигача давом этган «АРМИ-2019» халқаро армия ўйинлари натижалари ҳам яққол тасдиқлади. Дунёнинг 39 давлатининг 200 дан ортиқ жамоаси қаторида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари мусобақаларнинг 14 йўналишида иштирок этди. Беларусда «Мерганлик марраси», Хитойда «Қуролсоз уста» ва «Мусаффо осмон», Қозоғистонда «Артиллерия устаси», Эронда «Йўл патрули», Ҳиндистонда «Қўшин разведкаси аълочилари», Россияда «Танк биатлони», «Эльбурс ҳалқаси», «Содиқ дўст», «Хавсиз маршрут», «Дала ошхонаси», «Ҳарбий ралли», «Рембат», Ўзбекистонда «Ҳарбий тиббий эстафета» мусобақалари бўлиб ўтди.
Ўтган йили умумжамоа ҳисобида 32 мамлакат ҳарбийлари ўртасида олтинчи ўринни эгаллаган ҳарбийларимиз жорий йил жами 11 йўналишда – 2 та биринчи, 4 та иккинчи, 5 та учинчи ўринни эгаллаб, 5-поғонага кўтарилди.
Марказий ҳарбий округнинг «Фориш» тоғ полигонида ўтган «Ҳарбий тиббий эстафета» мусобақаси қизғин баҳсларга, вакилларимиз учун унутилмас лаҳзаларга бой бўлди. Юртдошларимиз шартларни бажариш жараёнида ўтган йилги рекордларни бир неча бор янгиладилар. Хусусан, тиббий хизмат капитани Бобожон Элмуродов тўсиқлар оша югуришда 2018 йилги Россия рекордини 53 сонияга қисқартириб, маррага 1 дақиқа 50 сонияда етиб келди. Индивидуал маҳорат ва ўқ узишда ҳам унга тенг келадигани топилмади. Худди шу мусобақада Шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар Ҳокимбек Мадаминжонов, Хайрулло Олимов, Лилия Манасипова, сержант Ойдиной Убайдуллахўжаева ҳам рекорд ўрнатди.
Натижада жамоамиз Россия ва қозоғистонлик ҳамкасбларини ортда қолдириб, 1-ўринни эгаллади.
«Танк биатлони» мусобақасида вакилларимиз бу йил биринчи марта иштирок этди. Шунга қарамай, танкчиларимиз Москва вилоятида жойлашган Алабино полигонида «Танк биатлони» II дивизиони мусобақаларида катта маҳорат намойиш этиб, финалга йўлланмани қўлга киритишди.
Финалда юртдошларимиз Т-72 Б-3 танкини маҳорат билан бошқариб, тезкор ҳаракатланиш, турли мураккаб тўсиқлардан беталафот ўтиш, белгиланган нишонларни йўқ қилиш бўйича энг яхши натижани қайд этди.
Яшил танкда ҳаракатланган Ўзбекистон жамоаси финалда Вьетнам, Куба ва Уганда жамоаларидан 17 дақиқа олдин, яъни 2 соат 7 дақиқаю 22 сонияда маррага биринчи бўлиб етиб келди ва II дивизионнинг мутлақ ғолибига айланди.
Халқаро армия ўйинларининг «Содиқ дўст» мусобақасида 2017 йилда 3-ўринни, 2018 йилда 4-ўринни қўлга киритган Ўзбекистон ҳарбий кинологлари жорий йилда 2-ўринга сазовор бўлди.
1600 метр масофага эстафета югуриш шартида шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Содиқ Дилмуродов ўзининг «Клифт» лақабли хизмат ити билан рекорд ўрнатди. Вакилимиз белгиланган масофани 5 дақиқаю 59 сонияда босиб ўтди. «Содиқ дўст» мусобақаси тарихида ҳали бундай кўрсаткич бўлмаган, дея эътироф этишди мутахассислар.
Омск шаҳрида ўтказилган «Рембат» – «Энг илғор таъмирлаш ва эвакуация батальони» мусобақасида терма жамоамиз якка тартибдаги пойга, отиш тайёргарлиги, жамоа сардорлари беллашуви, ҳарбий техника эстафетаси, аралаш эстафета шартларида жами 6 022 балл жамғарди. Шартнома бўйича оддий аскар Абдумалик Нажмидинов «Энг яхши мерган» номинациясида энг юқори — 100 балл тўплаб, бу борада тенгсиз эканлигини намойиш этди. Ушбу мусобақада биринчи маротаба иштирок этган мамлакатимиз вакиллари дунёнинг кучли 8 жамоаси ўртасида фахрли 2-ўринни қўлга киритди.
«Қўшин разведкаси аълочилари» мусобақаси Ҳиндистоннинг Жайсалмер шаҳри ҳудудидаги полигонда бўлиб ўтди. Россия, Беларусь, Қозоғистон, Арманистон, Хитой, Ҳиндистон ва Суданнинг қўшин разведкачилари «Десант бўлиб тушиш ва марш-бросокни амалга ошириш», «Механик-ҳайдовчилар мусобақаси», «Разведкачи сўқмоғининг комплекс тўсиқларини енгиб ўтиш», «Ўқ отиш» ва «Разведка бўлинмасининг вазифани бажарганидан сўнг йиғин пунктига чиқиши» босқичларида олиб борилди.
Бешинчи босқичда ўзбек разведкачилари қурол-аслаҳалар ва тўлиқ жанговар экипировкада сувли тўсиқдан сузиб ўтиш шартини 13 дақиқаю 22 сонияда бажариб, мусобақа рекордини ўрнатишди.
Якунда шоҳсупа қуйидагича кўриниш олди:
I ўрин – Ҳиндистон;
II ўрин – Ўзбекистон;
III ўрин – Россия.
Тантанали ёпилиш маросимида тўққиз нафар ҳарбий хизматчимиз алоҳида номинациялар бўйича ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
«Эльбурс ҳалқаси» халқаро мусобақасида иштирокчи давлатлар ҳарбий хизматчилари бир неча шартларни ўта мураккаб тоғ шароитида ва кучли босим остида бажардилар. Кабардин-Болқордаги Эльбурс чўққисига уюштирилган марш ҳарбий алпинистларни жиддий синовдан ўтказди.
Ўнлаб махсус вазифаларни ўз ичига олган марш давомида улар Терскол чўққиси, Азау яланглиги, Приют-11, Эльбруснинг денгиз сатҳидан 5642 метр баланд бўлган ғарбий чўққисигача 20 километрга яқин масофани босиб ўтдилар. Марш давомида баландликнинг умумий ўзгариши 2200 метрга тенг бўлди.
Финал беллашувларида Ўзбекистон жамоаси Эльбрусни биринчи бўлиб забт этди. Бунинг учун жамоамизга 4 дақиқаю 25 сония керак бўлди. Вакилларимиз ушбу мусобақаларда 2017 ва 2018 йил 4- ва 5-ўринларни эгаллаган эди. Жорий йил 12 041 балл жамғарган Ўзбекистон жамоаси шоҳсупанинг иккинчи поғонасини эгаллади.
Ўзбекистоннинг «Йўл патрули» жамоаси Эронда ўтказилган халқаро мусобақада кучли учликдан жой олди. Жамоалар етти ҳарбий хизматчи таркибида «Лада Веста» маркасидаги автомобилларда экстремал шароитларда турли мураккаб шартларни бажариш, индивидуал пойга, қўл ва жезл ёрдамида йўл ҳаракатини тартибга солиш, ғилдиракларни алмаштириш, ҳарбий-техник эстафета шартлари бўйича беллашдилар.
Ғилдиракни тезлик билан алмаштириш ва экстремал шароитда автомобилни автотураргоҳга жойлаштиришда барча жамоалар хатога йўл қўйди, бу шартни кичик сержант Сидиқ Аъзамов 1 дақиқаю 34 сонияда хатосиз бажариб, хитойликларнинг ўтган йилги рекордини янгилади. Ана шу рекорд жамоамизни шоҳсупанинг 3-поғонасига олиб чиқди.
Қозоғистоннинг «Отар» базаси полигонида «Артиллерия олови усталари» халқаро танловида Арманистон, Беларусь, Венесуэла, Озарбайжон, Зимбабве, Эрон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Сурия, Тожикистон ва Ўзбекистон жамоалари биринчилик учун ўзаро курашди.
«Индивидуал пойга», «Тунги спринт» ва «Эстафета» деб номланган уч босқич баҳсларининг якуний натижаларига кўра, ўзбекистонлик артиллериячилар кучли учликка киришга муваффақ бўлди.
«Дала ошхонаси» бўйича кўрикда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Беларусь, Шри-Ланка, Вьетнам, Мўғулистон, Жанубий Африка Республикалари жамоалари кураш олиб борди.
Ўзбек ҳарбий ошпазлари мусобақанинг иккинчи босқичида пишириқ ва шарбат тайёрлаш шартини муваффақиятли бажариб, ярим финалга йўл олди. Сўнгги босқичда эса вакилларимиз дала шароитида тайёрлаган иккитадан биринчи ва иккинчи таомлар, шарбат ва ширинлик (десерт) ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди.
Шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар Мехлибой Ғаниев, Шарофиддин Ҳафизов, Нодирбек Жўраев, Бекзод Каримов, Жонибек Шарипов, Мурод Пирматов тайёрлаган таомлар мазасини мусобақага ташриф буюрган меҳмонлар узоқ вақт эслаб юрсалар керак. Улар 10 та жамоа орасида фахрли учинчи ўринни эгалладилар.
Тюмень вилояти дала-ўқув майдонида бўлиб ўтган «Хавфсиз маршрут» йўналиши баҳслари Su-24 бомбардимончи самолёти ва Mi-8 вертолётининг шартли авиазарбалари шароитида бошланди. Бундан ташқари, 6000 метрга яқин беллашув йўлагига ўрнатилган 250 дан зиёд иммитацион, сигнал ва портловчи-ёнувчи зарядлардан иборат электропортловчи мосламалар топшириқларни бажаришни янада мураккаблаштирди.
Жанг ҳолатига максимал даражада яқинлаштирилган мусобақа жараёнида ўзбекистонлик муҳандис-сапёрлар жанговар вазифани муваффақиятли адо этиш учун қулай шароит яратиш, душманга талафот етказиш ва унинг ҳаракатларини қийинлаштириш каби вазифаларни ўз ичига олган шартларнинг якуний балларига кўра, етти давлат жамоалари ўртасида учинчи ўринга лойиқ деб топилди.
Ҳарбий хизматчи оддий аскар Шавқиддин Нарзуллаев ва кичик сержант Феруз Гуччиев «Энг илғор БАТ-2 экипажи» номинацияси ғолиби дея эълон қилинди.
Хитойнинг Корла шаҳрида ўтказилган V Халқаро армия ўйинларининг «Мусаффо осмон» мусобақаси 3 босқичда: «маҳорат», «ҳамкорлик» ва «аралаш эстафета» шартлари бўйича ўтказилди.
Хитой, Россия, Беларусь, Миср, Венесуела, Покистон ва Ўзбекистон жамоалари «Type 92A» БТР техникасида ҳаракатланиш, QW-2 кўчма зенит ракета мажмуасидан сониясига 250-300 метр тезликда учаётган «Вертолёт» нишонини ҳамда 12,7 миллиметрли зенит пулемёт қурилмасидан бошқа нишонларни яксон қилиш машқларини бажарди.
Икки босқич якунида ватандошларимиз Покистон жамоаси билан тўртинчи ва бешинчи ўринларни баҳам кўришаётган эди. Бироқ «аралаш эстафета» шартида эгалланган иккинчи ўрин якунда совриндорлар қаторида бўлишимизни таъминлади.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси 2018 йилда 5-ўринни қўлга киритган бўлса, бу йил 3-ўринни эгаллади.
Миллий армиямизнинг куч-қудрати, Ватанимиз ҳимоячиларининг жанговар шайлиги йилдан-йилга юксалиб бораётганини яққол намоён қилган «Арми-2019» халқаро ҳарбий ўйинларининг ғолиблари Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида катта тантаналар билан кутиб олинди.
Ўз тақдирини Ватан тақдири билан боғлаган, ориятни, ғурур ва садоқатни ҳамма нарсадан устун билган бу йигитлар яна бир бор халқимизнинг ҳурмат-эҳтиромини қозонди.
Доимо элнинг тоғдек таянчи, суянчи ва фаровон ҳаётнинг ишончли кафолати бўлинг, қадрли юрт ўғлонлари!