Мамлакатимизда кўп қаватли уйларда истиқомат қиладиган аҳолига қулай шароитлар яратиш, коммунал хўжалигини тартибга солиш мақсадида 2006 йил 12 апрелда “Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида” қонун қабул қилинган эди. Орадан 13 йилдан кўпроқ вақт ўтибдики, аҳоли кўп қаватли турар жойлардаги муаммолардан халос бўла олмаяпти.
2017 йил 18 апрелда Президентимизнинг «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимини бошқаришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилиниб, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ташкил этилди. Шу муносабат билан Уй-жой кодекси ҳамда «Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қулай имкониятлар яратилди.
Ширкатларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун кредит тизими жорий этилди. Афсуски, яратилган имкониятлардан ўз шахсий манфаати йўлида фойдаланаётганлар учраб турибди. Айрим ширкат раҳбарлари банкдан олган миллион-миллион сўм кредитларни номигагина, чала-чулпа бажарилган таъмирлаш ишлари билан ёпиб, унинг бадаллари уй-жой мулкдорлари чўнтаги ҳисобидан тўланаётган ҳолатлар ҳам аниқланмоқда.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани, Ҳумоюн мавзесида биринчидан олтинчигача бўлган кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган фуқаролардан ўттиз нафарга яқини имзо чеккан шикоят хати таҳририятимизга келиб тушди.
– 2016 йилнинг ноябрь ойида бизлар яшаётган кўп қаватли уйнинг туппа-тузук асфальт қопламали ҳовлиси «Ҳумоюн ғунча коммунал» ширкат раиси Фарҳод Жабборов ёллаган ишчилар томонидан бузиб ташланди, – дейди шикоятчилардан бири Актам Жалолов. – «Нима гап?» деб сўрасам, асфальтни олиб ташлаб, бетон қоплама қиламиз, дейишди. Ширкат раисини топиб, қиш пайтида ҳовлидаги асфальт қўпориб ташланса, бу ерда яшаётган аҳоли, айниқса болалар қийналиб қолишини тушунтирдим. Лекин у гапимга қулоқ солмади, «Ишингиз бўлмасин, бу топшириқни туман ҳокими ва прокурори берган. Сизга ҳисобот беришим шарт эмас, нимаики қилаётган бўлсам, шу маҳалла аҳолиси манфаатини ўйлаб қилаяпман», деди. «Бунинг тўлови қандай бўлади»? — деб сўрасам, «Сизнинг чўнтагингиздан бир сўм ҳам кетмайди», деди.
Хуллас, 2017 йилнинг январь ойида ҳовлини бетонлаш ишлари бошланди. Ҳаммаёқ лой, балчиқ, қиш бўйи кўп қаватли уйларда яшаётган аҳоли жуда қийналди. Бу ишлар чала-чулпа якунланиб, февраль ойида ишчилар ҳовлидаги 3 та тўққиз қаватли, 3 та беш қаватли уйларнинг фасад қисми ҳамда подъездларини зудлик билан таъмирлашни бошладилар. Маҳалла аҳли ширкат томонидан қилинаётган бундай «ғамхўрликлар»дан ҳангу манг эди. Чунки яқин 5-10 йил ичида ширкат томонидан бирорта арзирли иш қилинганини эслолмайман. Ишчилар бу ишларни ҳам қўл учида бажариб ғойиб бўлишди...
Шундан кейин аҳоли томонидан ширкат устидан қилинган шикоятлар асосида маҳаллада туман ички ишлар бўлими масъуллари ҳамда прокуратура ходимлари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Унда кўп қаватли уйларда яшаётган аҳолининг «Ҳумоюн ғунча коммунал» ширкати раисига нисбатан эътирозлари тўғри деб топилди ва чора кўришга ваъда берилди. Лекин ёзиб олинган эътирозлар ҳам, берилган ваъдалар ҳам қумга сингган сувдай изсиз кетди.
Шу десангиз, қизиғи кейинроқ бошланди. 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигидан бошлаб «таъмирдан» чиқарилган уйлар аҳолиси учун бадал тўловлари бирданига 20 фоизга оширилди. Сабаби, ҳовли бетон қилинган, подъездлар таъмирланган...
Маълум бўлишича, ширкат раҳбари Фарҳод Жабборов уй-жой мулкдорлари билан келишмасдан банкдан бир миллиард сўмдан зиёдроқ кредит олган, шуни ёпиш учун зудлик билан хўжакўрсинга «таъмирлаш» ишларини бошлаган экан. Қишда, ёғингарчилик шароитида амалга оширилган бетонлаш ишлари сифатсиз бажарилгани учун майдонча яроқсиз аҳволга келиб қолди. Ҳозир маҳалла ҳовлисига қараб бўлмайди. Қишда тўкилган бетон кўчиб, ҳаммаёқ шағал, қум бўлиб ётибди, «таъмирланган» подъездлар яна таъмирталаб... Жуда катта миқдордаги пулни ўзлаштирган ширкат раиси эса қўл остида уста бўлиб ишлаётган Наримон Юсуповни ўз ўрнига қўйиб, жуфтакни ростлабди. Янги «раис» ҳам бир муддат нима қилишни билмай ширкат ҳужжатларини ҳеч кимга топширмасдан ғойиб бўлди...
– Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати аъзолари кўп квартирали уйда умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадалларни киритади, – дейди шу маҳаллада яшовчи Абдуолим Қурбонов. –Уларнинг миқдорини умумий йиғилиш белгилайди. Бадал миқдори уй учун зарур ишларни бажаришга даромад ва харажатлар сметасида режалаштирилган харажатларга мувофиқ келиши керак. Қаерни таъмирлаш ва бадал миқдори қанча бўлиши, ширкат раисининг фаолияти уй-жой мулкдорлари томонидан назорат қилинмаган. Ширкат раиси маҳалладаги кўп қаватли уйларни таъмирлаш учун олган кредитдан ҳам ҳеч кимнинг хабари йўқ. Бунинг устига, олинган маблағнинг учдан бири ҳам ишлатилмаган.
Ҳолбуки, ўша 6 та кўп қаватли уйнинг хонадонларида иситиш тизими яхши ишламайди, ертўлалар аҳволи ночор. Бунинг устига, ҳаво алмаштиргичлар ишламайди. Сув қувурлари хизмат муддатини ўтаб бўлган. Қорли-ёмғирли пайтларда уйларнинг юқори қисмидаги хонадонлардан чакка ўтади. Олинган кредит маблағлари шунга ишлатилиши керак эмасмиди?
2019 йил 30 апрелда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясининг Тошкент шаҳар ҳудудий бўлими томонидан Ҳумоюн МФЙда жойлашган «Ҳумоюн ғунча коммунал» ширкати фаолияти текширилганида шикоятчилар ҳақлиги аниқланди. Текширувчилар томонидан тузилган далолатнома асосида ширкат раиси Фарҳод Жабборов ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши керак эди. Аҳоли уни жиноий жавобгарликка тортишни сўраб қатор суд-ҳуқуқ идораларига мурожаат қилди. Лекин натижа бўлмаяпти. Уларнинг шикоятлари у ташкилотдан бу ташкилотга, Тошкент шаҳар прокуратурасидан Мирзо Улуғбек туман прокуратурасига юборилиб, ўз ечимини топмаяпти.
Шу ўринда таъкидлаш керак, жорий йилнинг 25 июль куни Олий Мажлис Сенатида Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлисида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг 2019 йил биринчи ярим йиллигида амалга оширилиши белгиланган мақсадли вазифаларни бажариш юзасидан ҳисоботи тингланган эди. Маълумотларга кўра, 2019 йил давомида бу вазирликка 28 та мақсадли вазифа юклатилган. Шу йилнинг биринчи ярим йиллигида бажарилиши лозим бўлган 8 та топшириқдан атиги биттаси бажарилибди холос. Катта арава қаердан юрса, кичик арава ҳам ўша ердан юради, деганлари шу бўлса керак.
Мажлис якунида уй-жой-коммунал хўжалигини янада ривожлантириш мақсадида қонунчиликка ўзгартишлар киритиш, соҳага оид қонун ҳужжатларини қайта ишлаб чиқиш ва уларда кўп хонадонли уйларни бошқаришнинг замонавий инновацион шакллари ва усулларини мустаҳкамлаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Албатта, қарор ижроси билан гўзал. Лекин ширкатлар раҳбарияти томонидан қурилиш ва таъмирлашдаги нуқсонлар тўғрисида ҳужжатлар ва келгуси даврга мўлжалланган сметалар тузмасдан бадаллар миқдорларини ўзбошимчалик билан белгилаш ҳолатлари ҳозиргача давом этаётганини ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмайди. Ширкат аъзолари томонидан қарор қабул қилиш тартибига риоя қилмаган ҳолда ширкатларни кредитлаш ҳолатлари учраб турибди. Натижада ширкат мулкдорлари бундан азият чекмоқда, жабр кўрмоқда.
Ширкат раҳбарлари томонидан сохта баённомалар ва бошқа ҳужжатлар тузилиши, маблағлар сарфланиши тўғрисида керакли ҳисоботлар йўқлиги ҳам сир эмас. Ўз навбатида, соҳада олиб борилаётган ишлар сифати устидан уй-жой эгалари томонидан самарали назорат ўрнатилмаяпти. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ширкат фаолиятига асоссиз аралашуви ҳам соҳада ечимини кутаётган муаммолардан бири ҳисобланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан жорий йилнинг 6 август куни «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида"ги қонун қабул қилинди. Ҳужжатда уй-жой мулкдорлари ширкатларининг ҳуқуқий мақомини белгилаш, кўп квартирали уйларни бошқаришда давлат органлари билан муносабатлар кўзда тутилган.
Ҳозир ширкатлар фаолиятини биллинг тизимига ўтказиш устида иш олиб борилаётган экан. Бу йўналишда иш бошлангач, ҳеч бир ширкат ўз ҳисобидаги маблағдан ноқонуний мақсадларда фойдалана олмайди. Унинг ҳисобидаги пуллар вазирлик назоратида бўлади. Шунда ширкат аҳолидан йиғилган бадални фақат ўша уйнинг моддий-техник ҳолатини яхшилашга сарфлайди.
Хўш, «Ҳумоюн ғунча коммунал» ширкат раиси Фарҳод Жабборов томонидан қилинган найрангларга ким ҳуқуқий баҳо беради? Ёки у банкдан кредитга олинган маблағни туя қилиб, бадал тўловини ширкат аъзолари бўйнига илиб, ялло қилиб юраверадими? Аслида бундай ҳолатлар оз эмас. Назорат бўлмагач, жазо кўрилмагач, найранглар давом этаверади-да.
Нуруллоҳ ДОСТОН,
«Ўзбекистон овози» мухбири.