Исроилда янги ҳукумат тузилади...ми?

 

Исроил парламенти (Кнессет)нинг спикери Ярив Левин янги ҳукумат шаклланганини эълон қилиши керак. Бу эса янги коалицияни тасдиқлаш бўйича овоз бериш бир ҳафта ичида бўлиб ўтишини англатади.  Исроилда анча йиллардан бери ҳукумат тепасига илк бор сўл марказлашган кучлар келиши мумкин. Ўтган ҳафтада Бинямин Нетаняҳунинг мухолифлари коалиция тузиш ҳақидаги келишувга эришишди.

Энди янги шакллантирилган коалицияни Кнессет тасдиқлаши лозим ва амалдаги бош вазирда вазиятни ўзгартириш учун бир ҳафтача фурсат бор. Бу нафақат Исроил, балки Яқин Шарқ учун ҳам катта янгиликдир: ультраўнг қарашларга эга Бинямин Нетаняҳунинг 15 йиллик (1996-1999 ва 2009-2021) бошқаруви даврида Ариэл Шароннинг фаластинликлар билан чегарани делимитация қилиш ташаббуслари қарийб йўқ қилинди ва унутилди.

Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги яҳудий манзилгоҳлари Фаластин ҳудудига анча кириб борди. Икки миллат учун икки давлат қуриш концепцияси ҳақида 2014 йилдан бери чурқ этилмайди. Албатта, ҳозир ҳокимият тепасига сўл либераллар келиб, барчасини бирданига ўзгартириб ташлайди деб ўйлаш соддалик бўлади. Бош вазирликни дастлабки икки йилда ротация бўйича «Ямина» партияси етакчиси Нафтали Беннет эгаллайди. У мўътадил коалицияга ғоявий ҳамфикр бўлгани учун эмас, Нетаняҳуни ағдариш учун қўшилган.

Фаластин-Исроил масалаларини ҳал қилиш бўйича жараён 1993 йилдаёқ йўлга қўйилган, лекин шу вақтгача бирорта ҳам ҳукумат, ҳатто мўътадиллари ҳам энг бирламчи келишувлардан нарига ўта олишмаган.

Теглар

Хориж хабарлари
← Рўйхатга қайтиш