Эрон ва Арманистонда ғолиблар аниқ бўлди

 

Сайловлар мамлакатларнинг навбатдаги 4-5 йил мобайнидаги тараққиёт йўлини белгилаб беради. 18 июнь куни Эронда бўлиб ўтган президентлик, 20 июнь куни Арманистондаги навбатдан ташқари парламент сайловлари ҳам шулар жумласидан. Ҳар икки қўшни мамлакатлардаги сайловлар жуда катта қизиқишларга сабаб бўлди.

Иброҳим Раисийнинг Эрон президенти этиб сайланишига муносабат бир хил бўлмади. Табриклар баробарида ташвиш ва надоматлар ҳам янграмоқда. Эрондаги президент сайловида консерваторлар сифатида кўриладиган тўртта номзод беллашди. Президентлик учун жами 600 одам даъвогарлик қилган. Эрон Ислом Инқилоби қўриқчиларининг махсус кенгаши якуний рўйхатида эса, бор-йўғи тўртта номзод қолди. Аслида Эрон Ислом Республикасида сиёсий партиялар мавжуд эмас. Аммо сиёсат майдонида ислоҳотчилар сифатида кўриладиган мўътадил гуруҳлар ва исломий қадриятларни қаттиқ ҳимоя қиладиган консерваторлар фаолият юритади. Аввалги сайловда ислоотчи сиёсатчи Муҳаммад Руҳоний кетма-кет икки марта ғалаба қозониб, мамлакатдан санкцияларни олиб ташлаш йўлида муҳим натижаларни қўлга киритди. Янги сайланган президент бунгача Эрон Олий судни бошқарган, раиси бўлиб ишлаган. Бу галги сайлов Эрон тарихидаги сайловчилар энг кам иштирок этган президент сайлови бўлди. Овоз беришга ҳақли сайловчиларнинг фақат ярмига яқинигина сайловга борди. 2017 йилда бу кўрсаткич 70 фоизни ташкил этган. Сабаби оддий. АҚШ жорий этган санкциялар ва коронавирус пандемияси халқнинг ҳаётини оғирлаштирди. Одамлар шунчаки сайловлар уларнинг кундалик ҳаётини яхшилашига ёки мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий инқирозни бартараф этишига, коррупцияга, тенгсизликка ва изоляцияга чек қўйишига ишонишмай қўйди. Американинг аввалги президенти Дональд Трамп томонидан жорий этилган санкциялар ва олиб борилган сиёсат туфайли иқтисодиёт янада чўкмоқда, риал янада қадрсизланмоқда, инфляция янада тезлашмоқда; Эроннинг АҚШ ва яна беш давлат билан тузилган ядровий келишув ҳам қимматга тушмоқда. Одамлар демократия ва эркинлик ҳақида гаплашишмайди, уларга сут маҳсулотлари нархи қанчалиги ва нон яна қанчага қимматлагани қизиқ. Улар сиёсат ҳақида умуман қайғурмайди деб бўлмайди, аммо халқнинг фикри хаёли қорин ғами билан банд. Одамларни муаммоларга кўмиб ташлашган.

Иброҳим Раисий сайловда 62 фоиз овоз олди. Сайловдаги ғалабаси ортидан, Иброҳим Раисийни қатор давлатлар лидерлари, шу жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам табриклади. Шавкат Мирзиёев ўз табригида давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик “дўст Ўзбекистон ва Эрон халқларининг манфаатлари йўлида янада ривожланиши”га ишонч билдирди. Ўзининг қаттий санкциялари остида бўлган Эрондаги президент сайлови натижасига расмий Вашингтон ҳам бефарқ бўлмади. АҚШ томони “эронликларга эркин ва адолатли сайловда ўзлари истаган лидерни танлаш имкони берилмагани”дан афсусда эканини айтган. Владимир Путин эса Иброҳим Раисийни биринчилардан бўлиб қутлаган хорижий давлат раҳбари бўлди. Россия президенти ҳам ўз табригида ораларидаги “азалий дўстона ва яхши қўшничилик алоқалари”ни алоҳида таъкидлаб ўтди. Иброҳим Раисийни расман қутлаган Туркия, Ливан, Сурия, Ироқ ва Бирлашган Араб Амирликларининг табриклари ҳам ана шундай қўлловчи оҳангда бўлди. Исроилнинг ҳукумат тепасига келган янги Бош вазири халқаро ҳамжамият Иброҳим Раисийнинг Эрон президенти этиб сайланишига “ҳушёр” қараши кераклигига урғу берди. Нафтали Беннет Эроннинг “шафқатсиз жаллодлар тузуми! ядровий қурол исташини даъво қилган. Бу эса, расмий Теҳрон изчил равишда рад этиб келаётган иддаолардан бири бўлади.

Ғалабасидан сўнг қилган баёнотида Иброҳим Раисий “халқнинг ҳукуматга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва бутун миллатнинг етакчиси бўлиш”га ваъда берди. Сидқидилдан ишлайдиган, инқилобий ва коррупцияга қарши ҳукумат тузишини баён қилди. Иброҳим Раисий август ойида Эроннинг янги президенти сифатида расман қасамёдга келтирилади. Эрон Олий руҳоний раҳбарининг ишончли иттифоқчиси экани айтилувчи Иброҳим Раисий ҳозирданоқ унинг вориси сифатида ҳам тилга олина бошланган. Расмий Теҳрон ядровий дастури ва амбициялари боис, ҳозир ҳам Америка Қўшма Штатларининг қаттиқ иқтисодий санкциялари остида. Агар АҚШ санкциялари юмшаса, Эрон Марказий Осиё давлатларининг энг яқин иқтисодий ҳамкорларидан бирига айланиш потенциалига эга давлат сифатида кўрилади. Эрон “очилса”, бунинг бутун минтақа ривожига таъсири катта бўлади. Денгизга чиқиш йўли бўлмаган Ўзбекистон айни масалада мустақилликка эришганидан буён Эрон, Афғонистон ва Покистон орқали бундай имкониятга эга бўлиш мақсадида муттасил мулоқотлар ўтказиб келмоқда.

Эрон учун Америка санкциялари бекор қилинишига эришиш ҳаёт-мамот масаласи, бу эса Эрон ядро келишуви бўйича музокаралар тикланиб, унда ён берилиши ҳақида ўйлашга имкон беради. Эрон нефть экспорти тикланишига муҳтож ва бу орқали бюджетдаги тақчилликларни ва тирқишларни имкон қадар бекитиш мумкин. Мамлакат ташқи сиёсатини олий раҳнамо белгилайди, президент шунчаки унинг ғояларини амалга оширади. Аммо бу сафар Оятуллоҳ ҳам, Иброҳим Раисий ҳам АҚШ билан музокаралар тикланиши тарафдори бўлиб чиқмоқда. Ҳасан Руҳонийнинг маъмурияти август ойига қадар ҳокимиятда бўлади, бу эса кетаётган президентда келишув учун муҳлат борлигини англатади. Катта эҳтимол билан ҳукмрон элита келишув Руҳоний давридаёқ бўлишини истайди. Шунга қарамай, Эрон янги раҳбариятининг консерватив кайфияти ва Ғарбга қарши риторикаси келишувга эришилишига халал бермайди, аммо бу келишув қанчалик кенг қамровли, узоқ муддатли ва самарали бўлишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Уларга ичкаридан қўллаб-қувватлов керак, бунинг учун эса ташқи сиёсатдаги позицияларни сусайтириш талаб этилади. Мамлакат ичкарисида рақиблар йўқлиги туфайли, қаттиққўл сиёсат юритиш тарафдори бўлган янги раҳбарлар учун берилган ваъдаларни амалга ошириш осонроқ бўлади.

 

Ўзбекистоннинг МДҲ ва ЕОИИдаги ҳамкорларидан бири Арманистонда ҳам қизғин сиёсий тадбир ўтказилди. 20 июнь куни ўтказилган парламент сайловида 21та партия ва тўрт блок қатнашди. Бу сондаги сиёсий кучлар 3 миллион аҳоли истиқомат қиладиган республика учун рекорд даража ҳисобланади. Сайловда мамлакатнинг барча собиқ президентлари, биринчи президент, “Арман миллий конгресси” партияси раҳбари Левон Тер-Петросян, ундан кейинги президентлар Роберт Кочарян ва Серж Саргсян ҳам қатнашди. Арманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашиняннинг «Фуқаролик шартномаси» партияси навбатдан ташқари ўтказилган парламент сайловларида ғалаба қозонди. Арманистон Марказий Сайлов Комиссияси маълумотларига кўра, овозларнинг 100 фоизи ҳисоблаб чиқилгач, Пашиняннинг партияси 53,92 фоиз овоз олгани маълум бўлди, мамлакатнинг собиқ президенти Роберт Кочаряннинг «Арманистон» блокига эса 21,04 фоиз сайловчи овоз берди. Арманистоннинг яна бир собиқ президенти Серж Саргсян «Шон-шараф» блоки 5,23 фоиз овоз тўплаган. Партия учун парламентга ўтиш тўсиғи 5 фоиз, блоклар учун эса 7 фоиз ҳисобланишини инбатга олсак, Саргсян парламентга ўтолмади.

Сайловолди кампанияси қизғин кечди. Бир томондан, электорат фаоллашди, иккинчи томондан, арманистонликларнинг сиёсатчилардан ҳафсаласи пир бўлгани ҳақида гапириб келган экспертларнинг кутганидан фарқли ўлароқ, сайловда давомат етарлича юқори бўлди. Арманистон Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган сайловчиларнинг қарийб 50 фоизи сайлов участкаларига келган.

Бу Пашиняннинг кутилмаган ғалабаси бўлди. Унинг партияси сайловчиларнинг қарийб 54 фоизи овозини олди ва парламентда кўпчилик ўринга эга бўлди, бу эса унга ҳукуматни шакллантириш имконини беради. Экспертлар ҳам бундай натижани кутишмаганди - ўтган йилги Қорабоғ урушидаги мағлубиятдан кейин Пашиняннинг рейтинги кескин пастлаган, ижтимоий сўровлар ҳам унинг партияси анча камтарроқ натижа қайд этишини кўрсатаётганди. Аммо кўпчилик Пашинянга берилган овозларни мамлакатни 20 йил мобайнида бошқарган ва ҳозирги сайловда мухолифатчи сифатида қатнашган икки собиқ президентга қарши берилган овозлар деб ҳисобламоқда. Бу сайловлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, одамлар аввалги режим қайтишини исташмайди. Аммо пойтахт Ереванда Пашиняннинг партияси 50 фоиздан камроқ овоз олди - бу эса элита қатламининг ҳокимиятдан кўнгли қолгани ифодасидир. Дипломатлар, давлат хизматчилари, ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари бош вазирнинг муваффақиятсиз сиёсатини танқид қилишмоқда, зиёлиларни эса унинг баландпарвоз шиорларга ва кўчалардаги акцияларга таянадиган популистларча услубидан зада бўлишган. Ўз партияси ғалабаси ҳақида эълон қиларкан, Пашинян миллий бирликка интилишга ваъда берди. Бу эса бугунги Арманистон жамиятида осон иш эмас, қутблашув жуда юқори даражада. Ҳокимиятга интилаётган барча томонлар бир-бирини ҳақоратламоқда, бош вазирнинг ўзи эса қонунлар диктатураси ўрнатилиши билан мухолифларига таҳдид солди. Собиқ президент Кочаряннинг мухолифатдаги блоки сайлов вақтида кенг кўламли қоидабузарликлар ва сохталаштиришлар ҳақида маълум қилмоқда. Унинг сайловолди штаби Конституцион суд орқали сайлов натижалари бўйича баҳслашишга уриниши кутилмоқда. Аммо бу осон бўлмайди, халқаро кузатувчилар, шу жумладан, Россия Давлат Думаси, МДҲ ва КХШТ миссиялари якшанба кунги сайловларда жиддий қоидабузарликлар қайд этишмаган ва сайловга юқори баҳо беришган. Арманистондаги сайловларни саккиз хорижий ташкилотдан жами 483 нафар хорижий кузатувчи кузатиб борди. Уларнинг ҳеч бири жиддий қоидабузарликлар ҳақида хабар беришмаган.

Теглар

Хориж хабарлари
← Рўйхатга қайтиш