Швеция бош вазири истеъфога чиқди

 

Швеция бош вазири Стефан Левен 28 июнда истеъфога чиқишини эълон қилди. У мамлакат тарихида парламент ишончсизлик билдирган биринчи бош вазир бўлди.

«Спикердан мени бош вазир лавозимидан озод қилишни сўрадим. Спикер янги ҳукуматни шакллантиришга ҳаракат қилиб кўради», деб айтган Левен.

Ўтган ҳафта Швеция парламенти мамлакат тарихида биринчи марта бош вазирга ишончсизлик билдирганди. Бундай ташаббус билан «Сўл партия» ва «Швед демократлари» чиққан.

Ҳукуматнинг янги қурилаётган уйлардаги квартираларга ижара ҳақини эркин ўрнатишга рухсат бермоқчи бўлгани ишончсизлик билдирилишига олиб келган асосий сабаб ҳисобланади.

Швецияда кейинги парламент сайловлари 2022 йилда ўтказилади. Бунгача парламент спикери янги ҳукуматни шакллантиришга ҳаракат қилиб кўради. Агар тўртта уринишдан кейин ҳам бунинг уддасидан чиқилмаса, мамлакатда муддатидан олдин парламент сайловлари бўлиб ўтади.

Теглар

Хориж хабарлари
← Рўйхатга қайтиш