Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сингапур Президентининг таклифига биноан давлат ташрифи билан Сингапурда бўлди
Дунё Ўзбекистонга янгича нигоҳ билан қарашга одатланмоқда. Бунга эса Ўзбекистоннинг фаол ташқи сиёсати ва кенг кўламли ислоҳотлари асос бўлмоқда. Тўғри, янги қиёфа яратиш осон бўлаётгани йўқ. Янги қиёфамизни кўришни хоҳламайдиган “дўст”ларимиз ҳам йўқ эмас. Янги қиёфамизга қизиқиш ортиб бормоқда. Буни давлатимиз раҳбарининг Сингапурга таклиф этилиши мисолида ҳам кўриб турибмиз.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сингапур Президентининг таклифига биноан давлат ташрифи билан Сингапурда бўлди. Ташриф дастурига мувофиқ, Сингапур Президенти Ҳалима Яқуб ва мамлакат Бош вазири Ли Сян Лун билан олий даражада учрашув ва музокаралар ўтказилди.
Етакчилар ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини ҳар томонлама кўриб чиқиб, устувор йўналишлардаги алоқалар жадал суръат билан ривожланиб бораётганини таъкидлашган. Кўплаб соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун катта захиралар мавжудлиги қайд этилган.
Давлатимиз раҳбари Сингапур билан яқин истиқболдаги ҳамкорликнинг олтита асосий йўналишини кўрсатиб ўтди.
Биринчи йўналиш инсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқаруви учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш. Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби иштирокида бошқарув, шаҳарсозлик, инфратузилмани ривожлантириш, рақамли трансформация, инновациялар, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида биргаликда давлат хизматчиларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш дастурини амалга оширишга келишиб олинди.
Иккинчи йўналиш Сингапурни Ўзбекистондаги хусусийлаштириш жараёнларига жалб қилишга қаратилган. Шу маънода, музокараларда Сингапурнинг етакчи компаниялари илғор тажрибаси, замонавий технологиялари ва бошқарув усулларидан фойдаланган ҳолда Ўзбекистоннинг йирик корхоналарини хусусийлаштириш доирасидаги лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Учинчи йўналиш сифатида илғор “яшил” технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш белгиланди. Сингапурнинг рақамлаштириш соҳасидаги ютуқларини жорий қилиш, шунингдек, ушбу мамлакатнинг “яшил” ривожланиш бўйича инновациялари ва технологияларини қўллаш имкониятлари муҳокама қилинди.
Тўртинчи йўналиш шаҳар инфратузилмаси ва коммуникацияларни такомиллаштириш. Шаҳарларни режалаштириш ва қурилиш, кўкаламзорлаштириш, коммунал хўжалик соҳаларида ҳамкорлик бўйича тадбирлар келишиб олинди.
Бешинчи йўналиш доирасида инвестициялар ва ўзаро савдони кенгайтириш, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.
Устав капитали 500 миллион доллар бўлган Ўзбекистон – Сингапур инвестиция компаниясини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.
Олтинчи йўналиш сифатида давлатимиз раҳбари жамоат хавфсизлигини таъминлаш, миллатлараро тотувликни асраш ва радикализмга қарши курашиш борасида тажриба алмашиш зарурлигини қайд этди.
Музокаралардан сўнг икки томонлама ҳужжатларни алмашиш маросими бўлди.
Делегациялар раҳбарлари ҳузурида икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида Ўзбекистон – Сингапур ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 8 та ҳужжат алмашилди.
Сингапур ҳақида
Сингапур Жанубий-шарқий Осиёда жойлашган давлат. Ҳудуди 733 км2, аҳолиси 5 млн. 600 минг нафардан ошиқроқ. Ялпи ички маҳсулоти 424 млрд. доллардан кўпроқ. Дунёдаги энг кам коррупциялашган давлатлардан бири ҳисобланади.
Сингапур ўзининг хусусий сектори учун қимматли тижорат хавфсизлигини таъминлайдиган шаффоф тартибга солиш муҳити ва кучли таъминланган мулк ҳуқуқларига эга.
Таълим соҳаси бўйича Осиё қитъасида биринчи ўринда. Бизнес юритиш учун дунёдаги энг қулай давлат. Йилига ўртача 80 млрд. инвестиция кириб келади.
Сингапур ҳам Жанубий Корея, Тайван ва Гонконг сингари, “Осиё йўлбарси”, деган номни олган. Бу ном унга бежизга берилмаган, улар Осиёнинг бошқа йирик давлатлари каби табиий бойлик, ҳудуд, инсон ресурсларига бой бўлмаса-да, лекин потенциал ўсишга эришишган. Нафақат Осиё, балки бутун дунёдаги ривожланиш босқичини бошидан кечираётган давлатлар учун намуна яратишган.
Буни қандай уддалашди?
Сингапурнинг бугунги тараққиётга эришишига асосий сабабчиларидан бири сўзсиз Ли Куан Юдир. Бежизга уни “Сингапур мўъжизаси”нинг асосчиси дейишмайди. У бошқарувга келганда Сингапур ўз аҳолисини боқолмайдиган, бошқарувдан кетаётганда эса дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири эди. Унинг Сингапур ҳалқи олдидаги энг катта хизмати адолатли бошқарув тизимини йўлга қўйгани бўлган.
Кузатиш ва ўрганишларда яна битта асосий жиҳат эътиборни тортади.
Бу таълим соҳасига жуда катта эътибор берилишидир.
Ли Куан Юнинг “умр бўйи ўқувчи бўлинг ва энг яхши ғояларни ўзлаштиринг”, деган гапи мамлакат шиорига айланган. Натижада таълим соҳасига жиддий эътибор қаратилган ва малакали кадрларнинг етишиб чиқиши таъминланган. Қолаверса, Сингапур ҳозирги кунда ҳам дунёнинг нуфузли таълим даргоҳларининг битирувчиларини катта маош эвазига ишга таклиф қилади.
Давлатни соҳалар ҳаракатга келтиради, соҳаларни эса институтлар назорат қилади, институтларни эса шахслар бошқаради. Демак, таълимга қаратилган эътибор келажакада ўз аксини кўрсатади.
Ўзбекистон – Сингапур алоқалари
Сингапур республикаси Ўзбекистон мустақиллигини 1992 йил 27 декабрда тан олган. Дипломатик муносабатлар эса 1997 йилнинг 8 апрелида ўрнатилган. 2007 йилда Сингапурда мамлакатимиз элчихонаси фаолиятини бошлаган. Илк расмий ташриф 2007 йилда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан амалга оширилган.
Парламентлараро муносабатлар 2009-йилда бошланган бўлса, ҳукуматлараро сиёсий алоқалар 2013 йилдан йўлга қўйилган. Сингапур БМТ доирасида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган 6 та резолюцияни қўллаб-қувватлаган.
2018 йилдан бошлаб Сингапур фуқаролари учун Ўзбекистонда 30 кунлик визасиз тартиб жорий этилган.
Cавдо ва гуманитар ҳамкорлик
Товар айланмаси, экспорт ва импорт муносабатлари 2017 йилдан 2022 йилгача бўлган даврда йил сайин ўсмоқда. Асосий экспорт қора металл ва металл маҳсулотлари, импорт ҳажмининг катта қисми хизматлар соҳаси, каучук, резина ва улардан тайёрланган маҳсулотлар, оптик мосламалар, тўқимачилик маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистонинг барча турдаги мева-сабзавот маҳсулотлари экспортига рухсат олинган.
2016-2022 йилларда 700 миллион доллар Сингапур сармояси йиғилган. 2022 йилда қатор лойиҳалар доирасида 38 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилган. Асосий ҳамкор сифатида “Indorama corporation”ни эътироф этиш мумкин. Корпорация 2010 йилдан буён 650 миллион доллар эвазига 3 та сармоявий лойиҳани татбиқ қилди.
Сингапурлик ҳамкорлар ёрдамида 4 миллиард доллардан ортиқ маблағга 15 та янги сармоявий лойиҳалар рўйхати тузилди. 2022 йилнинг декабр ҳолатига кўра, Ўзбекистонда сингапурлик сармоядорлар иштирокида тузилган 105 та корхона фаолият олиб бораётган бўлиб, улардан 61 таси якка тартибдаги тадбиркор, 44 таси хорижий корхона саналади. Асосий соҳалар сифатида электротехника, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, таълим, савдо, автомобилсозлик кабиларни таъкидлаш мумкин.
Ўзбекистон ва Сингапур ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг ёрқин намунаси сифатида Сингапур ижодий гуруҳларининг мунтазам равишда “Шарқ тароналари” фестивалидаги иштирокини таъкидлаш мумкин.
2008 йилдан буён Тошкентда Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг филиали фаолият олиб боради. 2021 йилда Сингапурдаги ТМC академиясининг филиали саналган Тошкент технология, менежмент ва коммуникациялари (ТМC) институти ишлаб келмоқда. Олий ўқув юрти келишувига асосан умумий даромаднинг 1 фоизи БМТнинг Оролбўйи ҳудудларида инсон хавфсизлиги бўйича траст фондига ўтказиб келинмоқда.
Сингапурнинг “Six Clouds” компаниясининг инглиз тилини ўрганиш бўйича интерактив онлайн дастури Қорақалпоғистон Республикасининг 300 та мактаби, шунингдек, Ўзбекистоннинг 14 та Президент мактаби учун ишга туширилган.
2018 йилда Сингапурнинг “Modern Montessori International” компанияси ҳамда Мактабгача таълим вазирлиги ўртасида Тошкент шаҳрида “Modern Montessori International” мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш тўғрисида ўзаро меморандум имзоланган.
Ҳалима Якуб хоним,
Сингапур Президенти:
– Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Истанада қабул қилишдан мамнунман. Бу Президент Мирзиёевнинг Сингапурга илк давлат ташрифи бўлиб, Ўзбекистон билан дўстона алоқаларимизни яна бир бор тасдиқлаганимдан хурсандман. Ташриф ўз вақтида амалга оширилди, чунки 2022 йил дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлди.
Мамлакатларимиз катта-кичиклиги ва географияси жиҳатидан бир-биридан фарқ қилса-да, хотин-қизларнинг ривожланишини қўллаб-қувватлаш, сифатли таълим бериш, савдо ва парламент алоқаларини кенгайтириш каби умумий манфаатларга эгамиз. Президент Мирзиёевнинг кўмаги билан Сингапур – Ўзбекистон муносабатлари келгуси йилларда ҳам мустаҳкамланиб боришига ишонаман.
Президент Мирзиёевнинг Сингапурга ташрифи самарали бўлишига умид қиламан. Президент Мирзиёев об-ҳавонинг кескин совуқлиги туфайли юзага келган вазиятни тартибга солиш учун Тошкентга қайтиш учун давлат ташрифини қисқартиришга мажбур бўлди. Мана шу мураккаб даврда бизнинг хаёлимиз ўзбек халқи билан эканини эшитиб, кўнгли тўлди, деган расмий саҳифасида.
THE BUSINESS TIMES журналида
Ган Ким Ёнг,
Сингапурнинг савдо ва саноат вазири:
– Ўзбекистон Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш йўлидан бормоқда, Ўзбекистон тез орада халқаро савдо тизимининг бир қисми бўлади, бу эса глобал миқёсда янада кўпроқ имкониятлар ва алоқаларни очади.
Вазир Сингапур Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашини қўшимча қилди. Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиш суръатлари Марказий Осиёдаги энг тез ўсиш суръатларидан бири бўлиб, бу “тезкор бозор ислоҳотлари”, хусусий секторда хорижий иштирокнинг ортиши ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш билан қўллаб-қувватланмоқда.
Ўзбекистон “бизнес учун табиий сифат ва хусусиятларга эга”, дея қўшимча қилди Ган Ким Ёнг. Кучли макроиқтисодий асослар, барқарор ўсиш, 34 миллион кишилик катта ички бозори, ёш аҳоли ва ўрта синф ўсиши ва бой табиий ресурслар. Шунингдек, Ўзбекистон Европа ва Осиё ўртасида стратегик жойлашувга эга.
Рамзий совға
Президентимизни тантанали кутиб олиш жараёнидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти шарафига Сингапурнинг миллий рамзи бўлган орхидея гулининг янги навига ном бериш маросими бўлиб ўтди. Бундай тадбирлар анъанавий равишда ушбу мамлакатнинг олий мартабали меҳмонлари ва таниқли арбобларга юксак ҳурмат ва эҳтиром белгиси сифатида ўтказилади.
Анъанага кўра, Президент Шавкат Мирзиёев гулнинг ёнига янги турдаги орхидеянинг номи – “Шавкат Мирзиёев орхидеяси” деб ёзилган тахтачани жойлаштирди.
Бу турдаги орхидеялар сингапурликлар учун алоҳида рамзий маънога эгадир.
Ўзининг чидамлилиги ва йил давомида гуллаш хусусияти учун 1981 йилдан бошлаб Сингапурнинг миллий гули, деб эълон қилинган. Турли тилда сўзлашувчи, турли диний қарашларга эга Сингапур халқининг ўзига хос қоришма маданиятини ифодалаш учун улар айнан шу гулни танлашгани айтилади.
Аҳмад Қурбонов
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 18.01.2022, №2