Ғоя ва ташаббуслар қўллаб-қувватланди

 

2023 йил 29 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг XIII Қурултойи бўлиб ўтди.

Унда партия аъзолари томонидан ҳудудлардан сайланган делегатлар, партия Марказий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қурултой кун тартибида Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳамда номзоднинг дастури тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

 

 

Шарбат АБДУЛЛАЕВА,

Тошкент молия институти ўқитувчиси, иқтисод фанлари доктори, профессор:

— Бугунги кунда мамлакатимизда эртанги кунимиз учун муҳим аҳамият касб этувчи сиёсий жараёнлар кечмоқда. Яъни, жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови республикамиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқелик ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексига асосан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқи фақатгина сиёсий партияларга берилган.

Улуғбек Иноятовни қатъий сиёсий позицияга эга, жамият манфаатини ўз шахсий манфаатидан устун қўядиган раҳбар сифатида яхши таниймиз.

Номзодимиз дастурини барчамиз ўқидик, танишдик. Дастурда мамлакатимизда ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик ва халқ ҳокимиятчилиги мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлатни барпо этиш ғояси асосий мақсад қилиб олинган.

Хабарингиз бор, 2023 йил 30 апрелда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон “ижтимоий давлат” деган конституциявий тамойил муҳрланди ҳамда шунга мувофиқ, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари уч бараварга ошди.

Илк бор давлат зиммасига аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларининг ҳаёти сифатини ошириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамият ва давлат ҳаётида тўлақонли иштирок этиши ва ўз ҳуқуқларини амалга ошириши учун шарт-шароитлар яратиш чораларини кўриш мажбурияти юкланди.

Пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Биринчи маротаба фуқароларнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи ва уй-жой қурилиши давлат томонидан рағбатлантирилиши, ёшларимизнинг олийгоҳларга танлов асосида давлат гранти ҳисобидан ўқиш каби ҳуқуқлари қатъий белгиланди.

Айни шу масалаларда вазифаларни амалга ошириш борасида номзод ўз дастурида давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш механизмларини белгилаш ҳамда демократик ижтимоий давлатни барпо этиш учун муҳим устувор йўналишлар белгиланган.

Олдимизда турган сайловда бошқа сиёсий партиялар қаторида Халқ демократик партияси ҳам муносиб иштирок этиши, унда ўз электорати олдида қабул қилинган дастурдаги мақсад ва вазифаларни бажаришга тайёр эканлигини ифода этган ҳолда барчангиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ва унинг дастурини қўллаб-қувватлайман.

 

Шохида ШОВКИЕВА,

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти 4-курс талабаси, Ёшлар парламенти аъзоси:

— Номзодимизнинг дастурини диққат билан тингладим.

Унда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш бўйича қатор таклифлар киритилгани, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш самарадорлигини ошириш, ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш ҳақидаги мулоҳазалари ҳаммамизга маъқул бўлди.

Ҳар ким яхши билим олишга, замонавий таълимдан фойдаланишга ҳақли. Мамлакатимизга билимли, малакали кадрлар сув ва ҳаводек зарур. Қолаверса, болаларни мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, боғча ва мактабларда болаларнинг хавфсизлиги ва саломатлиги, санитария-гигиена талабларига риоя этилиши, миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган тарбия, таълимнинг юқори сифати ва мазмундорлигини таъминлаш ҳам эътиборга лойиқ.

Бугун минбарга талабалар номидан ҳам чиқдим. Дастурда талабаларнинг дарсни ўзлаштириши ва уларнинг инновацион фаолиятда иштирок этишига қараб, стипендиялар миқдорини белгилаш вазифаси ҳам белгиланган.

Қолаверса, ижара компенсация тизимини докторантларга нисбатан ҳам жорий этиш ҳақидаги таклиф турар жой ва ижара муаммоси билан қийналадиган докторантларимиз учун айни муддао.

Ўйлайманки, дастурдан ўрин олган таклифлар талабалар ва илм аҳли томонидан ижобий қабул қилинади.

Мен, салоҳиятли, билимли ёшларнинг сиёсий партиялар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари тизимида кўпроқ ишлашлари борасидаги таклифларини тўла қўллаб-қувватлайман. Тенгдошларимизга фойдали ғояларни маҳаллама-маҳалла, лозим бўлса, уйма-уй тарғиб қилиш, тушунтиришга тайёрмиз.

 

Халилла ЕШИМБЕТОВ,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон республика кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати, партия фракцияси раҳбари:

— 2023 йил мамлакатимиз тарихида ҳар тарафлама муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларга бой йил бўлмоқда. “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овози бериши орқали қабул қилинди. Халқимиз референдумда ўзининг фаол фуқаролик позициясини ва юксак сиёсий салоҳиятини намоён этиб, келажакда қандай давлатда яшаш истакларини намоён этдилар.

Барчамиз ушбу жараёнларнинг фаол иштирокчиси сифатида Конституциявий қонун лойиҳасини тайёрлаш ва муҳокама қилиш жараёнларида кенг жамоатчиликнинг юксак фаоллигига гувоҳ бўлдик.

Шуни алоҳида таъкидлаш керак-ки, Янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилиниши давлатнинг ўз фуқароларига бўлган ғамхўрлигини янада кучайтиради, давлат институтларининг фаолиятлари самарадорлигини янада оширади.

Партиянинг 30 йиллик аъзоси сифатида шуни айта оламанки, партиямиз ўтган йиллар давомида мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларда, ошкоралик, эркинлик асосида ўтказилиб келинаётган барча сайлов жараёнларида фаол қатнашиб келди. Бу жараёнлар партиянинг сиёсий тажрибасини оширди, мафкуравий, ташкилий ва услубий жиҳатдан мустаҳкамлади.

Сайлов – партиямиз учун имконият. Биз партиямизнинг дастурини халқ олдига олиб чиқамиз, бу орқали халқимизнинг ҳоҳиш-истакларини билиш, фаоллар ва электорат вакилларини кенгайтириш, шу билан бирга, сиёсий платформамизни амалга ошириш имкониятига эга бўламиз.

Юқорида таъкидлаганидек, ушбу сайловда ҳам партиямиз томонидан муносиб иштирок этиш бўйича алоҳида тайёргарлик кўрилди.

Шуни айтишим керакки, сайлов жараёнларида, жумладан, партиямизни қўллаб-қувватловчилар имзосини йиғишда партиямиз сафидаги фаол, фидойи ва масъулиятли инсонлар жонбозлик кўрсатишди. Фурсатдан фойдаланиб, уларга ўз номимдан миннатдорчилик билдираман.

Бугун партиямиз томонидан Президентликка илгари сурилаётган номзоднинг дастури эълон қилинди. Унда жамиятимизда сақланиб қолаётган муаммолар ва камчиликларга ечим ҳамда таклифлар илгари сурилмоқда.

Бу партиямизнинг дастурий мақсадларига ҳам мос таклиф бўлиб, республика бўйича 10 мингдан ортиқ мактабларни қамраб олишни талаб этади. Бу ўз навбатида 6 млндан ортиқ ўқувчи ва 500 мингдан ортиқ муаллимлар ҳаётига бевосита дахлдор ғоя ҳисобланади.

Тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш йўлакларини хатловдан ўтказиб, светофорлар билан жиҳозлаш бўйича дастур қабул қилиш бўйича берилган таклиф ҳам йўлларда ўлим ҳолатлари камайишига ва хавфсиз ҳаракатланиш экотизимини яратишга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Қайд этилганлардан келиб чиқиб, партиямиз томонидан илгари сурилаётган номзод Улуғбек Илясович Иноятовни ва унинг дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлашимни таъкидламоқчиман.

Ўйлайманки, Халқ демократик партиясининг Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Илясович бўлажак Президент сайловида электоратимизнинг манфаатини муносиб ифода этади.

Биз қорақалпоғистонлик партиядошлар ишонч билан айтамизки, бугун қабул қилинадиган қарорларни тўла қўллаб-қувватлаймиз, белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда ҳамда сайлов жараёни ва ҳар бир босқичида муносиб иштирок этамиз.

 

Нигора ЭШМЕТОВА,

ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати, партия гуруҳи раҳбари:

— Янгиланган Конституция орқали мамлакатимизда ислоҳотларни бутунлай янгича руҳият билан амалга оширишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Мазкур босқичдаги сиёсий воқеликнинг энг масъулиятли жараёни бу — Президентлик сайловига тайёргарлик ҳисобланади. Халқ демократик партияси ушбу сиёсий тадбирга ўз номзоди билан қатнашиш учун қарорларни қабул қилди.

Муҳим жиҳат шундаки, Халқ демократик партияси сайловларнинг барча жараёнларида қатнашган сиёсий куч сифатида катта тажрибага эга. Тўғри, бу катта масъулият, мураккаб йўллардан ўтишни талаб этди.

Бугун мақсадга эришиш учун номзодга тиргак бўлишимиз, уни қўллаб-қувватлашимиз керак.

Номзодимизнинг ҳаракатлари самара бериши учун биз биргаликда ҳаракат қилишимиз лозим.

Айниқса, жойларда партиямиз фаоллари ҳар бир ҳаракатини аниқ ўйлаб, жиддий ёндашган ҳолда амалга ошириши лозим. Демак, бугундан профессионал қадам қўйиш зарур. Ҳар бир ҳудуддаги лидерларимиз эндиликда янада фаол бўлиши талаб этилади.

Дастурга келадиган бўлсак, ундаги профессионал ёндашув ҳамда кўтарилган ҳаётий масалаларнинг ҳар бири муҳим аҳамият касб этади.

Хусусан, тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий қилиш ғояси илгари сурилмоқда.

Биз давлатга, ҳукуматга кўпроқ жиддий талаблар қўйяпмиз. Лекин ушбу масалада жамиятнинг роли катта эканини ҳам унутмаслик керак. Зеро, инсоннинг соғлом бўлиши биринчи навбатда унинг ўзига боғлиқ. Шунинг учун аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини ривожлантириш ва тиббий маданиятни оширишга ҳам алоҳида урғу бериш, таклифлар киритишимиз керак.

Мен номзодимизни шу йўналишдаги мақсадлари учун ҳам қўллаб-қувватладим.

 

Эркин ГАДОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси:

— Ҳар қандай сайлов демократиянинг кўзгуси ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам сайловлар орқали халқимиз ўз номзодини сайлайди. Бу муҳим конституциявий ҳуқуқ.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон сайлов қонунчилигида жуда катта ўзгаришлар бўлди. Сиёсий партияларнинг сайловлардаги ўрни ортди. Улар жуда катта имкониятларга эга бўлди.

Партиялар бир-бири билан ўзаро рақобатлашиб, жамиятнинг ўсиши учун асосий туртки, импульс бўлиб хизмат қилади. Партиялар ғояларни кўтариб чиқувчи, фикрлар берувчи ва жамиятни ривожлантиришга ундовчи, уни назорат қилувчи кучга эга бўлган сиёсий ташкилот ҳисобланади.

Шу нуқтаи назардан, партиямиз сайловда ўз номзоди билан қатнашиш бўйича ишларни биринчилардан бўлиб бошлаб юборди.

Бугунги қурултойда ҳам мамлакатимиз сиёсий ҳаёти учун муҳим бўлган Президент сайловида партиянинг иштироки ва муносиб номзодни кўрсатиш тўғрисидаги масалалар муҳокама қилинмоқда.

Мен ҳам партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида илгари сурилаётган Улуғбек Илясовични тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

Мен у кишини кўп йилдан бери яхши биламан. У давлат бошқаруви ва сиёсат соҳасида ҳамда партиямиз олдида турган дастурий мақсад ва вазифаларни самарали бажариш учун етарли тажриба ва кўникмага эга.

Бугун партиямиздан муддатидан илгари Президентлик сайловида иштирок этувчи номзод – ўз дастурининг асосий мазмунини тушунтириб берди. Дастурнинг устувор жиҳатлари жуда кўп, уларнинг айримлари бўйича ўз муносабатимни билдирмоқчи эдим.

Хусусан, дастурда давлат ва жамият қурилишини ислоҳ қилишнинг асосий йўналиши сифатида ижроия ҳокимияти фаолиятини янада такомиллаштириш, у томонидан ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг энг муҳим масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда сиёсий партиялар фракциялари ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказиш механизмини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Қайд этиш керакки, ушбу ғояни амалга киритиш орқали мамлакат сиёсий ҳаётида сиёсий партияларнинг роли, ҳукуматнинг эса ҳисобдорлиги ва масъулияти ошади. Аҳоли учун муҳим масалалар бўйича қарорлар турли аҳоли қатламлари манфаатларини ифодаловчи сиёсий партиялар билан бамаслаҳат қабул қилинса, жамиятнинг хавотирини уйғотиши мумкин бўлган ҳолатларнинг олди олинишига, самарали ижтимоий мулоқот ўрнатилишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, дастурда демографик жараёнларни тизимли ўрганишни йўлга қўйиш орқали, давлатнинг истиқболдаги ижтимоий мажбуриятларини аниқ белгилаб бориш тизимини жорий этиш лозимлиги қайд этилган. Ҳақиқатан ҳам юртимиз аҳолиси ҳар йили қарийб бир миллионга кўпайиб бораётганлиги сабабли ахборот технологияларини қўллаган ҳолда катта маълумотларни таҳлил қиладиган технологияларга ўтиш лозим. Маълум бир ҳудудда 3, 5 ва 10 йилдан кейин нечта мактаб ва поликлиникага эҳтиёж бўлишини тизимли асосда ўрганиб, режалаштиришимиз давр талаби ҳисобланади.

Сўзим якунида барчани бугунги Қурултойда муҳокама қилаётган қарорларимиз, белгилаб олаётган чора-тадбир ва режаларимизни ҳамда таклиф этилаётган номзодни ва унинг дастурини қўллаб-қувватлайман.

 

Гулнора МАРУФОВА,

Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатори:

— 2023 йилда мамлакатимиз тарихида янги бир саҳифа очилди десам, хато бўлмайди. Нега деганда, аввало халқимиз ўз сиёсий иродасини ифода этиб, янгиланган Конституцияни қабул қилган бўлса, 9 июль куни муддатидан илгари Президент сайлови ўтказилиши белгиланди.

Ҳар қандай сайлов – бу сиёсий партиялар учун имконият. Бугун сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳити тобора ривожланиб, уларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштироки кенгаяётган бир пайтда аниқ, ҳаётий ва аҳоли манфаатларига мос мақсад-вазифаларни ўз зиммамизга олиш муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода, партиямизнинг ўз олдига қўйган ғоя ва мақсадлари бугунги замон талабига мутаносиб, давр тақозо этаётган муҳим масалалар эканлиги билан аҳамиятлидир.

Юқорида, таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда партиямизнинг муносиб иштирокини таъминлашимиз бугунги кундаги энг муҳим сиёсий вазифамиздир.

Ушбу жараёнда партиямиз янгиланган Конституциядан келиб чиқиб, дастуримизни ҳам тубдан қайта кўриб чиққаётганимиз, унга халқимизни ҳозирги кунда ўйлантираётган долзарб масалалар бўйича аниқ ечимлар киритаётганимиз ўз вақтида амалга оширилмоқда, деб ўйлайман.

Аввало партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилаётган Улуғбек Илясовичнинг шахси ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. У киши оддий ўқитувчиликдан чиқиб, таълим соҳасига кўп меҳнати сингган, ҳаётнинг паст-баландини яхши биладиган, камтарин инсон. Сиёсатда, давлат ва жамоат ишларида катта тажрибага эга, ўз соҳасининг етук мутахассиси, юртимиз равнақи ва тараққиётига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб келмоқда.

У кишининг партиямиздан Президентлик учун номзод сифатида кўрсатилишини ва бугунги илгари сурилган дастурни қўллаб-қувватлайман. Улуғбек Илясовични номзодликка ҳар томонлама лойиқ инсон, деб биламан.

Президент сайловида партиямиздан номзод – Улуғбек Илясович томонидан илгари сурилаётган дастурдаги асосий мақсад сифатида давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш механизмларини белгилаш ҳамда демократик ижтимоий давлатни барпо этиш белгиланганлиги барқарор ривожланиш ва жамият фаровонлигини ошириш сари аниқ чораларни амалга оширишга ундайди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда пенсия, нафақа ва бошқа ижтимоий ёрдамлар миқдори энг кам истеъмол харажатларидан оз бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди. Бироқ, бугунги кунда ҳар бир инсоннинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларига етадиган энг кам истеъмол харажатларини ҳисоблаб чиқариш бўйича жамиятда саволлар борлигини тан олишимиз керак. Шунинг учун дастурда энг кам истеъмол харажатларини қонун даражасида белгилаш мақсадида “Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида”ги Қонунни қабул қилишнинг киритилганлиги халқаро стандартлар асосида минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаб чиқариш имконини беради.

Партиямиз номзодининг эҳтиёжманд шахсларга ажратилаётган моддий-ижтимоий ёрдам маблағлари манзилли ва мақсадли етиб бориши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ташаббусини илгари сураётганлиги ҳам бугунги кунда давлат маблағларининг ўз эгасига етиб боришини, соҳадаги коррупциявий ҳолатларнинг бартараф этилишини таъминлашга хизмат қилади. Назорат қилувчи органларнинг ресурслари чекланганлиги сабабли жамоатчилик назоратини кучайтириш орқалигина ижтимоий ҳимоя соҳасига йўналтирилаётган маблағларнинг самарадорлиги таъминланади.

Ушбу сайлов партиямизнинг сиёсий мавқеи ва имиджини ҳамда тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириши учун имкониятдир. Бунда, аввало, партиямиз фаолиятини тарғиб қилиш, етакчиларимизни сиёсий майдонга олиб чиқиш, янги номзод тўғрисида электоратимизни, сайловчиларимизни хабардор қиладиган муҳитни яратишимиз зарур.

Шуни айтишим керакки, сайловолди тарғиботи жараёнларида партиямиз ташкилотлари ҳузурида ташкил этилган “Тарғиботчилар гуруҳи”, “Ёшлар” ва “Аёллар” қанотлари аъзолари имкониятларидан самарали фойдаланишимиз зарур. Олдимизда турган муҳим сиёсий жараёнларда ҳар бир партия аъзоси, депутатлар, туман, шаҳар Кенгашлари, бошланғич партия ташкилотлари, барча имкониятларини ишга солиши, шижоат билан ишлаши лозим.

Сўзимнинг якунида, Қурултой кун тартибига киритилган қарор лойиҳаларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, партиямизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муносиб иштирок этишида ҳар бир партия аъзоси, депутатлар, туман, шаҳар Кенгашлари, бошланғич партия ташкилотлари, фаолларимизга соғлиқ-саломатлик ва муваффақият тилаб қоламан.

 

«Ўзбекистон овози», 31.05.2022, №20

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш