Номзод сирдарёлик сайловчилар билан учрашди

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Улуғбек Иноятов Сирдарё вилоятидаги сайловчилар билан учрашди. Сайловолди учрашувида вилоятдаги туман ва шаҳарлар сайловчилари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари иштирок этди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси, Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати, партия гуруҳи раҳбари Шерали Мамадецоев олиб борди ва қўллаб-қувватлаб учрашувга келганларга миннатдорлик билдирди. Учрашувда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, номзоднинг ишончли вакили Фирдавс Шарипов номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумот берди.

Президентликка номзод ўз сайловолди дастури, ундаги устувор йўналишлар, ғоя ва ташаббуслар тўғрисида атрофлича тушунча берди.

Хусусан, кучли ижтимоий сиёсат юритишнинг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишдаги аҳамияти ҳақида фикр юритилди.

Дастурда ёшлар учун таълим кафолатларини мустаҳкамлаш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти, товар ва хизматларнинг ижтимоий мақбуллиги, ижтимоий тенгликка асосланган демократия, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари каби 9 та устувор йўналиш бўйича аниқ, манзилли таклиф ҳамда ташаббуслар илгари сурилган.

Бундан ташқари, дастурда ҳар бир инсоннинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларига етадиган энг кам истеъмол харажатларини қонун даражасида белгилаш, ушбу мақсадда “Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида” қонун қабул қилиш таклиф этилган.

Сирдарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболдаги имкониятлари ҳақида тўхталинди. Аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоялаш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш билан боғлиқ масалаларга эътибор қаратилди.

Очиқ, самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилди, вилоятни янада ривожлантириш борасида таклифларини билдирди.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Улуғбек Иноятовни қўллаб-қувватлашга чақирди. Сирдарёликлар сайловда фаол иштирок этиши ҳақида фикрлар билдирилди.

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш