«СИЗ БИЛАН АДВОКАТИМ ГАПЛАШАДИ...»

Кейинги йилларда фуқароларимизнинг адвокатга мурожаати анъанага айлана бошлади.

Одамларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун адвокат хизматидан фойдаланишга ўрганишмоқда. Хўш, ҳимоя институти, деб аталмиш адвокатуранинг қонуний асослари етарлими, унинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдаги ўрни қандай бўлмоқда?

 

Мухбиримиз ана шу мавзуда Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Амрулло Аҳмедов билан суҳбатлашди.

— Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасида айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланиши, тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган, — деди биз билан суҳбатда Амрулло Аҳмедов. — Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилган. Бу қоидалар Ўзбекистон Республикаси ЖПКда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Авваламбор қонунни ҳурмат қилган ходим гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчи билан бевосита ишлаш жараёнида ундан адвокати бор бўлса, уни таклиф қилиш ҳуқуқига эга эканлигини ёки унга ҳимоя ҳуқуқи таъминлаб берилганидан кейингина у билан мулоқотга киришиши лозим. Акс ҳолда қонунчиликда белгилаб қўйилган бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилиши оқибатида шахснинг ҳимояга бўлган ҳуқуқлари паймол бўлишига ва у билан боғлиқ ўтказилган барча процессуал ҳаракатлар ноқонуний ҳисобланишига олиб келади.

— Гумон қилинган, ушлаб турилган, айбланаётган, судланаётган шахсга тергов ва суд жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари адвокатга руҳий босим ёки жисмоний таъсир этиш ҳолатлари учраяптими? Адвокатлар ишига аралашиш ҳолатлари борми? Чунки бундан олдин гумонланувчи ёки айбланувчига нисбатан қонунсиз ҳаракатлар оз эмасди.

— Ҳозир бунга зўравонликларга қарши олиб борилаётган чора-тадбирлар натижасида бу масалада бизга ҳимоямиздаги шахслардан шикоят бўлмаяпти. Мурожаатлар таҳлили эса шуни кўрсатаяптики, адвокатга ишонч билдирувчи шахслар сони ортиб бораяпти. Бунинг сабаби шундаки, илгари фуқаролар ўз муаммоларини ҳал қилиш учун турли суд-ҳуқуқ тизими идораларига ўзлари мурожаат қилиб, жуда кўп вақти ва асабини кетказган. Энди одамлар адвокатга мурожаат қилиш лозимлигини билади. Давлат айбловчи билан адвокат тенглиги амалда таъминланганлиги натижасида аксарият фуқароларимизга ўз вақтида сифатли ва малакали юридик ёрдам кўрсатилмоқда .

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 46-моддасида қайд этилганидек, айбланувчи ўзининг нимада айбланаётганлигини билиши, ушлаб турилганлиги ва турган жойи тўғрисида адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали қўнғироқ қилиши ёхуд хабар бериши инсон ҳуқуқларининг ҳимояси амалда таъминланаётганлигидан далолат беради. Айнан мазкур қоидаларга риоя қилмасликнинг ўзи ҳам суриштирувчи ва терговчининг қарорини ғайриқонуний, деб топишга асос бўлади. Бу эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ўзига хос механизм яратилганлигига мисолдир.

Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси хузурида Адвокатларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш департаменти иш бошлаганлигини айтиб ўтишим лозим. Ушбу департаментнинг вазифаси адвокатларга нисбатан бўлаётган қонунсиз холатларни аниқлаш, уларнинг иш фаолиятига асоссиз аралашиш ёки уларга бўлаётган руҳий босим ҳолатларини ўрганади. Бу адвокатнинг суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси жараёнларида ҳимоя остидаги шахснинг ҳуқуқ ва манфаатларини имкон қадар сифатли ҳимоя этишига хизмат қилади.

— Олий маълумотли ҳуқуқшуносларнинг ҳаммаси ҳам адвокат бўла олмайди. Яъни, бу касбда ишламоқчи бўлганларга қатъий талаблар қўйилган?

— «Адвокатура тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддасига кўра, адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс юридик мутахассислик бўйича камида икки йиллик иш стажига эга бўлиши, жумладан, адвокатлик тузилмасида камида уч ой муддат стажировка ўтаган бўлиши керак ҳамда малака имтиҳонини топшириши шарт.

Давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими сифатида судья, терговчи, суриштирувчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил юридик мутахассислик бўйича иш стажига эга бўлган шахс адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонида иштирок этишга ҳақли. Малака имтиҳонини топшира олмаган талабгор уни такроран топширишга камида олти ойдан кейин қўйилади. Малака имтиҳонини муваффақиятли топширган талабгор лицензия олиш учун тегишли адлия органига уч ой ичида мурожаат қилиши керак. Бу муддатни ўтказиб юборган талабгор лицензия олиш учун адлия органига малака имтиҳонини такроран топширганидан кейингина мурожаат қилиши мумкин.

Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Бундан ташқари, адвокат ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги қонуннинг 3-моддасида кўрсатиб ўтилган. Булар илмий ва педагогик фаолият, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасидаги ва унинг ҳудудий бошқармаларидаги фаолият, патент вакили ва медиатор сифатидаги фаолиятдир.

Шунингдек, шартномавий-ҳуқуқий асосда давлат органларининг, хўжалик бошқаруви органларининг, давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходими, ҳакамлик судларида ва халқаро тижорат арбитражларида (судларида) судья сифатида фаолият кўрсатиши мумкин.

— Адвокатни оқловчи, деб биламиз. Аслида ҳам шундай бўлиши керак. Баъзида эса ҳимоячисидан нолиб гапираётган одамлар учраб туради. Сизнинг бу ҳолатга муносабатингиз қандай?

— Гуруч курмаксиз бўлмагани каби барча соҳаларда ҳам ўз ишига виждонан ёндашмайдиганлар учраб туради. Аммо бу билан бутун бир бошли ҳимоя тизимини айблаб бўлмайди. Ишоч билдирувчи ёки гумонланувчи адвокатга барча ҳолатни очиқ- ойдин айтиб бериши керак. Чунки адвокатнинг позиция танлаши, ҳимоя остидаги шахснинг ҳуқуқларини сифатли химоя қилиши у олган ахборотга боғлиқ. Тушунмовчиликлар келгусида адвокат билан ҳимоя остидаги шахслар ўртасида зиддият пайдо бўлишига олиб келади.

Яна бир эътиборли ҳолат шундаки, адвокат билан ишонч билдирувчи шахс ўртасида тузиладиган битим ҳам қонуний ва пухта бўлиши керак.Ундаги бандлар ва талаблар ҳар икки томон манфаатларига путур етказмайдиган даражада тузилиши лозим. Ҳар қандай вазиятда ҳам адвокат ишонч билдирувчи ёки ҳимоя остидаги шахсга ишнинг натижаси тўғрисида олдиндан кафолат бериши мумкин эмаслигини алоҳида таъкидламоқчиман.

— Шахс ушланган ва унинг эркинлиги амалда чекланган пайтдан бошлаб ҳимоячи билан таъминланмаслиги қандай оқибатларга олиб келади?

— Шаҳснинг адвокат билан таъминланмаслиги айрим жиноят қидирув ва суриштирув бўлими ходимларига қўл келади. Гумонланувчи ва айбланувчининг айбини оғирлаштиришга олиб келади, адолатсизлик бўлади, норозиликлар кўпаяди.

Гумонланувчи ёки айбланувчи ўз вақтида адвокат билан таъминланса, бундай номаъқул ҳаракатларнинг олди олинади.

— Тан оламизми, йўқми, кўпчилик яхши билади, адвокатлар ҳозирча чинакам ҳимоячиларга айланганича йўқ. Адвокатура институти нуфузини ошириш учун яна нималар талаб этилади, деб ўйлайсиз?

— Ҳар бир фуқаро, хоҳ у ички ишлар ходимими, прокурор, судья ёки адвокат бўладими қонунни ҳурмат қилиши лозим. Қонун гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига ҳимоя ҳуқуқи таъминлашни берибдими, демак, бу талабни бажаришимиз лозим.

Ҳимоя институтини янада мустаҳкамлаш зарур. Турли ташкилотлару айрим ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан тинкаси қуриб, адолат йўқлигига кўнишга мажбур бўлган фуқарога фақатгина адвокат ёрдам бера олиши мумкин.

Бунинг учун эса адвокатнинг қонун доирасидаги имкониятларини кенгайтириш ва адвокатнинг асосли ҳамда аниқ далиллари суд томонидан чуқур ўрганиб чиқилиши даркор. Шундагина адвокатлар ишонч билдирувчининг чинакам ҳимоячисига айлана олади.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

← Рўйхатга қайтиш