Бу борада Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг IV конференциясида маълум қилинди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларининг матбуот хизмати раҳбарлари иштирок этди.
Анжуманда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муваффақияти, республикамизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, барча соҳалар қатори, оммавий ахборот воситалари ривожи, медиа-тузилмаларда фаолият юритаётган журналистларнинг билим ва малакаси ҳамда ўз ишига масъулиятли ёндашишига боғлиқ эканлиги таъкидланди. Шунингдек, бугунги кунда мамлакатимизда 1 минг 726 оммавий ахборот воситаси рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 667 таси газета, 398 таси журнал, 5 таси ахборот агантлиги ҳисобланади ва 70 та телеканал ҳамда 37 радио канал фаолият юритаётгани тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Конференцияда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов, «Жаҳон адабиёти» журнали Бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари Бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, Халқаро пресс-клуб раҳбари Шерзод Қудратхўжаев ва бошқалар сўзга чиқиб, Президентимизнинг соҳа ходимларининг касб байрами муносабати билан йўллаган табригида билдирилган фикрлар бугун мамлакатимизда бўлаётган улкан ўзгаришлар барчамиздан янгича ишлашни, янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишни талаб этаётганини таъкидлашди.
Дарҳақиқат, юртимизда кечаётган ислоҳотларнинг муваффақияти, Ватанимизнинг дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан ўрин олиши, барча соҳалар каби матбуот ва оммавий ахборот воситалари равнақига ҳам бевосита боғлиқдир. Бугун оммавий ахборот воситаларига кўрсатилаёган алоҳида эътибор туфайли миллий журналистикамизда фикрлар ранг-баранглашуви тобора яққолроқ кўзга ташланмоқда.
Энг тезкор ахборот воситаси ҳисобланган интернет ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Бугунги кунда глобал тармоқларда оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатга олинган Uz доменли веб-сайтлар, ахборот порталлари сони 533 тани ташкил этади ва уларнинг аксарияти нафақат ўзбек, балки кўпгина хорижий тилларда ҳам фаолият кўрсатаётгани, ушбу йўналишда, яъни интернет журналистлари ва блогерлари сафи тобора кенгайиб бораётгани эътиборга сазовордир.
Президентимизнинг маданият, санъат ва оммавий ахборот воситалари ходимларини қўллаб-қувватлаш, улар меҳнатини қадрлаш, зарур шароит ҳамда имкониятларни яратиш борасида қабул қилган бир қатор қарорлари маънавий-маърифий ҳаётимизда катта воқелик бўлди. Уларнинг ижросини таъминлаш борасида эса тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг қароридан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Илҳом» жамоат фондининг Устави ва Низоми тасдиқланди. Шу билан бирга, фонднинг Ҳомийлар кенгаши ташкил этилиб, фонд ўз фаолиятини бошлади.
Президентимизнинг «Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан кўплаб ишлар амалга оширилди. Уюшма уставига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Унинг марказий аппарати ва ҳудудий бўлимлари тузилмалари, штатлар жадвали ишлаб чиқилди ва бошқарув йиғилиши томонидан тасдиқланди. Шунингдек, қарорда кўзда тутилган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда эҳтиёжманд ва фаол журналистларни имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой билан таъминлаш ҳамда уларни моддий жиҳатдан рағбатлантириш юзасидан тегишли амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бундан ташқари, Президентимизнинг ташаббуси билан Журналистлар ижодий уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси товар хом-ашё биржаси акциядорлик жамияти ўртасида тузилган «Дўстлар клуби» уюшма фаолиятини ва журналистларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор лойиҳаларни амалга оширди. Хусусан, «Йилнинг энг фаол журналисти», «Олтин қалам» каби ижодий танловлар оммавий ахборот воситалари ходимларининг янада фаоллашуви, илоҳотлар моҳиятини халқимизга етказишда муҳим омил бўлмоқда.
Айни пайтда халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, журналистлар ҳақидаги маълумотлар базасини яратиш, соҳа ходимларининг касбий билим ва маҳоратини муттасил ошириб бориш, устоз ижодкорларнинг маҳорат мактабини шакллантириш долзарб эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Конференцияда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 2014-2019 йиллардаги фаолияти ҳақидаги ҳисобот ва уюшманинг келгуси фаолиятининг асосий йўналишлари тўғрисидаги, шу билан бирга, беш йиллик фаолияти бўйича тафтиш комиссияси ҳисоботи эшитилди ва маъқулланди. Ўзбекистон Журналистларининг касб этикаси кодекси қабул қилинди ва касб этикаси бўйича жамоатчилик кенгаши низоми тасдиқланди ҳамда уюшмага аъзолик билан боғлиқ масалалар, шунингдек, уюшма уставига ўзгартириш киритиш тўғрисида ва келгусидаги режалар атрофлича муҳокама этилди.
Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,
«Ўзбекистон овози» мухбири.