АЧЧИҚ ҚАЛАМПИР ҲАҚИДА АЧЧИҚ ҲАҚИҚАТ

Ёки кўриниб турган айбини тан олиш ўрнига таҳририятга раддия жўнатган шоввозлар

Газетамизнинг 2019 йил 26 февраль сонида қашқадарёлик фермерлардан келган шикоят асосида «Аччиқ қалампирнинг аччиқ ҳақиқатлари ёки алданиб қолган фермерларни ким ҳимоялайди?..» сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Биз айбдорлар хижолат тортади, фермерлардан кечирим сўрайди, улар бўйнида осилиб қолган қарзларни тўлайди, деб ўйлагандик. Афсуски, ундай бўлмади.

Қайтага «Brand Investment Group Agro» МЧЖнинг юристи таҳририятимизга раддия кўтариб келди. Унда қисқа муддатда раддияни эълон қилиш ва корхонага ёзма жавоб бериш ҳам сўралган эди. Биз корхона юристига қўнғироқ қилиб, «Мақоладаги масалалар исботи билан берилган-ку. Нимадан норозисиз?.. Биз фақат жамиятингиз томонидан алданиб қолган фермерларни ҳимоя қилдик», дедик. «Биз фермерлар билан гаплашдик. Улардан бири «мен мухбирга ундай демаганман, деб ёзиб берди», дея бизни айбламоқчи бўлибсиз. Лекин барча фермерларнинг айтган гаплари диктофонга ёзиб олинганини айтганимизда юрист «йўғ-э, ёзиб олганмисизлар?», дея ўйланиб қолди.

Шунингдек, таҳририятга раддия жўнатишдан олдин мақолани диққат билан ўқиб чиқиш лозим эди. Чунки сиз жўнатган раддияда танқидий мақоланинг номи ҳам нотўғри ёзилган. «Аччиқ қалампирнинг аччиқ ҳақиқатлари... Ёки ўзи йўқ қалампирни бор аччиғи?...» деб янги сарлавҳа қўйибсизлар.

Танқидий мақоладаги жумлаларга ўзингизча изоҳ бериб, ўзингизни оқлашга ҳаракат қилгансиз.

Эҳтимол, айрим жумлалар сизларга оғирроқ ботгандир. Эҳтимол, ҳеч ким бизнинг мушугимизни пишт, демайди, деган кайфиятда юрган бўлишингиз мумкин. Аммо сизларга ишониб, ўзига муаммо орттириб, ишдан қолиб, идорама-идора сарғайиб юрган фермернинг аҳволини кўз олдингизга келтириб кўрмабсиз. Афсус. Ушбу мақолани ўқиган қанчалаб газетхон бунақанги МЧЖларга раҳбарият томонидан қаттиқроқ жазо чорасини кўриш керак, деган мазмундаги кўплаб қўнғироқларига жавоб бердик. Уялмасдан сиз ўзингизни оқлаш учун биринчи, иккинчи ва ҳоказо, деб жумлаларни рақамлаб чиқибсиз. Биз ҳам сизнинг услубингизни қайтарган ҳолда биринчи, иккинчи ва учинчи жумлага жавоб қайтармоқдамиз.

Мақоладаги фикр: «Ўзини Умид деб таништирган йигит яқин орада кўчатни етказиб берамиз, деди. Баҳор ойи тугаб, яъни аччиқ қалампирни экиш вақти ўтиб борса ҳамки, қалампир кўчатларидан дарак бўлмади. Умид деган гоҳо телефонини ўчириб қўяди. Гоҳида умуман кўтармайди. Шу аҳволда аччиқ қалампир экиш вақти ўтиб кетди, МЧЖ ходимларидан дарак бўлмади...» шундай, деб ёзгансиз:

Раддияда буни инкор этишга уриниб қуйидаги эътирозни билдирибсиз: «Қалампир кўчати тарқатиш мавсуми ҳам худди пахта чигити экиш мавсуми сингари Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва туман ҳокимлари томонидан тузилган қалампир штаби орқали амалга оширилган. Корхона томонидан кўчатларни кунлик фермерларга етказиб бериш туман ҳокимлиги томонидан берилган буюртмаларга асосан амалга оширилган. Корхона томонидан кўчатлар туманларга ўз вақтида етказилиб, ҳокимият томонидан фермерларга экиш учун тақсимланган...»

Бу гапларга аниқлик киритиш мақсадида биз ҳокимликка мурожаат қилдик. Касби туман ҳокимлигидан қуйидагича жавоб келди:

«... Туман ҳокимлигида қалампир штаби ташкил қилиниб, фермер хўжаликларига қалампир кўчатларини ўз вақтида етказиб берилишини ва фермер хўжаликларига экиш учун тақсимланганлигини умумий тартибда назоратга олган бўлса-да, «Brand Investment Group Agro» МЧЖ билан фермер хўжаликлари ўртасида қалампир етиштириб бериш бўйича (контрактация) шартномалар тузилишига ва қалампир кўчатлари етказиб бериш бўйича Касби туман ҳокимлиги томонидан аралашувга йўл қўйилмаган».

Туман ҳокими ўринбосари С.Мухаммадиев.

Мақола юзасидан иккинчи иддаонгизни ўқиймиз:

Мақолада номлари келтирилган «Нарзуллаев Жалолиддин Элмурод ўғли», «Воҳа зарчашмаси» ҳамда «Шахриёров Эралижон Шавкатович» фермер хўжаликлари томонидан қалампир кўчатини ўз вақтида олмаганлик ёки олмасликлари ҳамда қалампир етиштириш бўйича тузилган контрактация шартномаларни олдиндан бекор қилиш бўйича ёзма мурожаатлар қилинмаган...

Раддиянгиздаги бу даъвода мантиқ борми? Кўп эмас, озгина ўйлаб кўрган киши бундай дейишга уяларди. Улар кимга ва қаерга мурожаат қилиши керак эди? Биринчидан, кўчат олиб келишни ваъда қилиб, қорасини кўрсатмай кетган ходим билан улар бир неча бор телефонда гаплашишган. Кутинг, деган жавобни олишган. Кейинчалик қўнғироқларга жавоб бермай қўйган. Бунинг устига, фермер хўжаликлари билан қилинган шартномангизда кўрсатилган манзилингиздан биз ҳам ташкилотингизни топа олмадик, фермерлар қандай қилиб топсин. Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ тумани, Тинчлик ҚФЙ, Ийкота маҳалласида бунақа ташкилот йўқлигини айтишди. Агар манзилингиз ўзгарган бўлса, шартнома бланкасини янгилаш керак эди. Қолаверса, Қашқадарёдан Тошкент вилоятига келиб-кетиш осонми? Фермерларнинг ҳар бири банкдан 8 миллион 350 минг сўм 20 фоизлик устамаси билан кредит олиб, сизнинг ҳисоб рақамингизга кўчириб берса-да, сиз ваъда қилинган кўчатларни олиб келиб бермасангиз, улар яна харажат қилиб ортингиздан югуриб юриши керакми? Шарнома шартини бажара олмабсиз, нега ўзингиз кечирим сўраб, фермерлар олдига келмадингиз?

Мақолада фермерлардан бири айтган гапидан мисол келтирамиз: «Агробанк» АТБ Касби филиалидан аччиқ қалампир уруғини ваъда қилган МЧЖнинг масъул ходими телефон рақамини олиб, унга қўнғироқ қилдим. Ўзини Умид деб таништирган йигит яқин орада кўчатни етказиб берамиз, деди. Баҳор ойи тугаб, яъни аччиқ қалампирни экиш вақти ўтиб борса ҳамки, қалампир кўчатларидан дарак бўлмади. Умид дегани гоҳо телефонини ўчириб қўяди. Гоҳида умуман кўтармайди. Шу аҳволда аччиқ қалампир экиш вақти ўтиб кетди, МЧЖ ходимларидан дарак бўлмади...».

Фермерлар таҳририятимизга ариза ёзишдан олдин туман, вилоят ҳокимликларига ва Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Касби туман бўлимига ёзма мурожаат қилишган. Шунча масъул ташкилотлардан биргина Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси Касби туман бўлимидан жавоб хати келган. Унда ҳам судга мурожаат қилинг дейилган, холос. Сизнингча, яна қанча жойга мурожаат қилишлари лозим эди?

Мақолада шундай мулоҳаза бор: «Сардор деган бу «жаноб» нима учун тўрт кун учрашувни ваъда қилиб, сўнгра фикридан қайтди? Бизнингча, у «Brand Investment Group Agro» МЧЖнинг раҳбарлари билан гаплашиб, сўнгра биз билан учраша олмаслигини айтганга ўхшайди. Агарда лозим топганида ўзининг бош офиси рақамини ҳамда раҳбарининг исм-фамилиясини айтиб, ўша одам билан учрашиб, гаплашиб олишимизни маслаҳат берган бўларди».

Бу фикрга ҳам эътироз билдиряпсиз. Яъни, Сардор мақоладаги ўзига тегишли гапларни инкор этди, деяпсиз. Биз билан Қаршида учрашишни икки марта келишиб, сўзида турмаган бу ходим айбини бўйнига олмаганига ишонамиз. Агарда мухбир МЧЖ ходими Сардор билан гаплашмаган бўлса, нега Қарши шаҳрига бориб, икки кун уни кутди? Қолаверса, буни исботлаш қийин эмас.

Мақола эълон қилингандан сўнг биз воқеалар ривожини кутиб турдик. Қашқадарё вилояти прокуратурасидан жавоб келди. Унда шундай дейилган:

«Аччиқ қалампирнинг аччиқ ҳақиқатлари ёки алданиб қолган фермерларни ким ҳимоялайди?» сарлавҳали мақолада келтирилган ҳолат ўрганилди.

Аниқланишича, «Нарзуллаев Жалолиддин Элмурод ўғли» фермер хўжалиги билан «Brand Investment Group Agro» МЧЖ ўртасида 04.05.2018 йилда 6-сонли шартнома тузилган.

Шартноманинг 2.12-бандига мувофиқ «Нарзуллаев Жалолиддин Элмурод ўғли» фермер хўжалиги томонидан етказиб берилиши лозим бўлган қалампир кўчати учун олдиндан 100 фоиз (7 975 000 сўм) тўлов амалга оширилган.

Бироқ «Brand Investment Group Agro» МЧЖ томонидан шартноманинг 2.1.1-бандини бузган ҳолда қалампир кўчати етказиб берилмаганлиги учун фермер хўжалиги томонидан маҳсулот топшириш имкони бўлмаган.

Шунга кўра, Касби тумани прокуратураси томонидан «Нарзуллаев Жалолиддин Элмурод ўғли» фермер хўжалиги фойдасига «Brand Investment Group Agro» МЧЖ ҳисобидан 7 975 000 сўм асосий қарз, 3 000 000 сўм пеня ва 16 218 сўм почта харажатини ундириш ҳақида Юқори Чирчиқ туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилди.

Шунингдек, бу ҳақда фермер хўжалиги раҳбари С.Эшмадатовага ёзма маълум қилиниб, қўшимча ва эътирозлари бўлса, Юқори Чирчиқ туманлараро иқтисодий судига мурожаат қилиши ҳақида тушунтириш берилди.

Вилоят прокурорининг ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси А.Э.Мирзаев.

Касби туман прокурори О.Э.Усанов даъвогар «Нарзуллаев Жалолиддин Элмурод ўғли» фермер хўжалигининг манфаатини кўзлаб, Юқори Чирчиқ туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритди.

Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ туманлараро иқтисодий суди раиси Б.Кенжаев раислигида прокурор протести очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Қашқадарё вилояти, Касби туман прокуратурасининг даъвоси қаноатлантирилди. «Нарзуллаев Жалолиддин Элмурод ўғли» фермер хўжалиги манфаатига жавобгар «Brand Investment Group Agro» МЧЖ ҳисобидан 7 975 000 (етти миллион тўққиз юз етмиш беш минг) сўм миқдорда асосий қарздорликни ундириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Яъни, адолат қарор топди.

Энди ўйлаб кўрайлик, бу муаммо қаердан пайдо бўлди? Фикримизча, аччиқ қалампир экиб, етиштириш ташаббуси ижроси талаб даражасида бўлмади, масъулиятсизлик қилинди, кўп хатоларга йўл қўйилди. Фақат Қашқадарёда эмас, балки бошқа вилоятларда ҳам тартибсизликлар бўлди. Аслида айбдор ташкилот кредитларни қайтариш билан бирга фермерларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ҳам қоплаши керак эди.

Келаси йил ҳам қаерлардадир аччиқ қалампир экиладиган бўлса, хатолардан тегишли хулосалар чиқариб олинмоғи керак, деб ўйлаймиз.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

← Рўйхатга қайтиш