МЕЗБОН НЕГА УЯЛДИ?

Ёки болалар сўкинишни кимлардан ўрганишяпти?

Бу мавзуни кўтармоқчи эмасдим. Сабаби, қадрдон дўстимни хижолатга қўйишдан истиҳола қилаётган эдим. Аммо кунлар ўтсада бўлиб ўтган воқеа дилимдан кўчмади. Аксинча бот-бот эсимга тушиб, қаттиқ ўйга толдира бошлади. Жой номини ҳам, дўстимнинг исми шарифини ҳам ўзгартириб бўлса-да, воқеа тафсилотини сиз газетхонлар билан фикрлашишга аҳд қилдим. Келинг, биргаликда ўйлайлик, хулоса чиқарайлик, зора айтганларимиз айрим ота-оналар ва ёшларимизга сабоқ бўлса...

Ўтган дам олиш кунларининг бирида пойтахтимизнинг Юнусобод туманида истиқомат қиладиган дўстимнинг уйига оиламиз билан меҳмон бўлиб бордик. Анчадан бери кўришмаган эдик. Дийдор ширинлик қилиб, роса суҳбатлашдик, ўтган-кетган воқеаларни эсладик. Аёлларимизнинг юзида меҳр-муҳаббатли табассум, фарзандларимиз бир-бирларига шеърлар ўқиб, яйрашмоқда. Тотли, файзли дамлар. Ниҳоят, тансиқ таом – ош ҳам тайёр бўлди. Дўстимнинг уйи олтинчи қаватда, меҳмонхонаси «дом»нинг ҳовли томонига қараган эди. Кун иссиқлиги сабабли уй бекаси деразаларни ланг очиб қўйди. Шу пайт, спорт майдончасида тўп сураётган ёшларнинг қичқириғи, ҳақоратли сўзлар, куракда турмайдиган сўкинишлар эшитила бошлади. Болалар ва аёллар олдида ноқулай аҳволга тушдик. Уй бекаси Адолатхон қизариб ўрнидан турди, секин бориб деразани ёпди. Дўстим ҳам хижолат тортди. Очиғи, дилимиз хира бўлди. Хаёлга ҳар хил фикрлар келди. Бақир-чақир қилиб, бир-бирини аямай сўкинаётган бу болалар кўпи билан 16-18 ёшларда эди. Улар бу уятли сўзларни қаерда, кимдан ўрганишган? Уларнинг ота-оналари борми, болалари шунақалигини билишармикин?

Фақат спорт майдончаларида эмас, балки кўча- кўйда ҳам болахонадор қилиб сўкинаётган ёшларни тез-тез учратамиз.

Автотранспорт воситаларини бошқараётган ҳайдовчилар орасида пиёдаларни бўралатиб сўкадиганлари ҳам оз эмас. Бундай маданиятсиз ҳолатлар сабаби нимада?

Тўғриси, кимдир оиладан, кимдир маҳалла, кўча-кўйдан ўрганяпти бундай ярамас одатларни. Кўп кўрганмиз болалари олдида хотинига ўшқириб, сўкинган эркакларни ёки эрига куракда турмайдиган сўзларни айтган аёлларни. Баъзи бир одамларнинг жамоат жойида бир-бири билан тортишиб, қўполдан-қўпол сўкинишларига ҳам кўп гувоҳ бўлганмиз. Бу иллатлар миллатимиз шаънига ярашадими, обрўсини тўкмайдими? Ёшлар тарбиясини бузмайдими?

Балки, бу масалани кенгроқ доираларда муҳокама қилиб, жамоат жойларида сўкиниб гапирадиган одамларга нисбатан чора кўрадиган тартиблар жорий этиш керакдир. Жамоат жойларида огоҳлантирувчи талаблар ёзилган лавҳалар осиб қўйиш керакдир?! Мана, метроларимизда огоҳликка мунтазам чақириқлар бўлиб тургани сабабли ёшлар катталарга жой бўшатиб беришади. Ногаҳон буюмингизни қолдириб кетсангиз, ички ишлар ходимларига хабар беришади. Паст овозда гаплашиш одатга айланмоқда. Ҳаммаси ишни қандай ташкил этишга боғлиқ. Ахир, гап миллий маданиятимизнинг оғриқли нуқталари, инсоний фазилатларимизга путур етказаётган иллатлар ҳақида кетаётган экан, нега йўл қоидасини бузганга жазо бору, жамоат жойида сўкинганларга чора кўрилмаслиги керак? Бу каби ҳолатларга эътиборсиз қарасак, сўкинувчилар, аниқроғи, маданиятсизлар сони ошиб боравериши табиий.

Эҳтимол, фикрлашиб, баҳс-мунозара юритиб кўрсак, керакли таклифлар билдирилар. Сиз нима дейсиз, азиз газетхон?!

 

Ўктам Ҳайруллаев

www.uzbekistonovozi.uz

← Рўйхатга қайтиш