Хавотир ўринлими?

 

Ўтган ҳафтада катта-кичик давраларда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлди. Президент раислигида 11 февраль куни йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида келтирилган факт ва рақамлар одамни ўйга толдиради.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича жиддий ўзгаришлар ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномасини олишда эндиликда таниш-билишга йўл қўйилмаслиги, қоида бузганларга қаттиқ чоралар кўрилишини кимлардир хурсанд бўлиб кутиб олган бўлса, очиғини айтиш керак, яна кимлардир бироз кўнгил ғашлик билан қарши олди.

Видеоселекторда мамлакатимизда 2021 йилда 10 мингдан зиёд йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 9 мингдан ортиқ инсон жароҳатлангани, энг ачинарлиси, 2 минг 500 га яқин одам ҳалок бўлгани ҳам айтиб ўтилди.

Таҳлилларга кўра, йўллардаги фалокатларнинг 25 фоизи йўл ҳолати ёмонлиги ва инфратузилмаси оқилона ташкил этилмагани оқибатида келиб чиқмоқда. Масалан, Поп билан Тўрақўрғон, Жарқўрғон ва Денов, Самарқанд билан Ғузор ўртасидаги йўллар, А-373 йўлининг Ёзёвон туманидан ўтган қисмида ҳар йили ўнлаб одамлар ҳалок бўлмоқда. Афсуски, бундай хавфли кўчалар ҳар бир вилоят, ҳар бир туман ва шаҳарда бор.

Йиғилишда йўл-транспорт ҳодисалари кўп содир бўлаётган ҳудудлар кўрсатиб ўтилиб, мутасаддиларга интизомий жазо чоралар белгиланди. Наманган вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, Андижон ва Самарқанд вилоятлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармалари бошлиқлари лавозимидан озод қилинди.

Шунингдек, Президент Ўзбекистондаги йўл ҳаракати қоидалари эскирганини таъкидлаб, уларни халқаро стандартлар асосида, мутахассислар ва ҳайдовчилар фикрини ўрганган ҳолда янгилаш бўйича топшириқ берди.

«Қонунчиликка киритиладиган ҳамма янгиликлар депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик билан бамаслаҳат ишлаб чиқилади», деган Президент.

Йиғилишда соҳадаги аянчли ҳолат статистик маълумотлар асосида танқидий таҳлил қилинди. Таҳлиллар кўрсатишича, «авария»ларнинг 45 фоизи ҳайдовчиларнинг қоидаларни менсимаслиги, 10 фоизи ҳайдовчиларнинг тажрибасизлиги, 25 фоизи йўл ҳолати ва инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги, 20 фоизи пиёдаларнинг қоидаларга амал қилмаслиги оқибатида содир бўлмоқда.

Қайд этилишича, 2021 йилда аниқланган 7,7 миллион ҳуқуқбузарликдан 46 фоизи қўпол қоидабузарликлар ҳисобланади. Айниқса, маст ҳолда бошқариш Самарқанд (12 мингта), Тошкент вилояти (8,5 минг), Фарғона (7,5 минг) ва Тошкент шаҳрида (7 минг), қизил чироқда ўтиш Тошкент вилояти (62 минг), Самарқанд (51 минг) ва Тошкент шаҳрида (47 минг) анча юқори.

Шу боис, Давлат раҳбари «қўпол қоидабузарларга жазо муқаррарлиги таъминланиши шарт»лигини таъкидлади.

Қонунчилик палатаси ва мутасадди идораларга йўл ҳаракатига оид қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиб, тубдан такомиллаштириш вазифаси қўйилди. Чунки қўпол қоидабузарликлар, уларни такрор содир этиш ҳолатлари кўпайган.

Хусусан, 2021 йилда республика бўйича 95 минг нафар ҳайдовчи 5 тадан кўп, 9 минг нафари 20 тагача, 700 нафари 50 тагача, 18 нафари 100 тагача қоидабузарлик содир этган.

Шу боисдан жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида бундан буён ҳар бир ҳуқуқбузарлик учун жарима баллари тизими жорий этилиши белгиланди. Масалан, ҳайдовчи тезликни оширса, 1 балл, қизил чироқда ўтса, 3 балл ҳисобланади. Агар бир йилда қоидабузарликлар жами 12 баллдан ошса, ҳайдовчи автомобиль бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади ва қайта имтиҳон топширади.

Ушбу йиғилишдан келиб чиққан ҳолда қандай ишлар амалга оширилиши ҳақида Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги Ахборот хизмати бошлиғи Азизхон Муродов билан суҳбатлашдик.

– Президентимиз йиғилишда “Қайси вилоят ҳокими ёки ички ишлар бошлиғи ушбу корхоналарни бориб, уларнинг муаммолари билан қизиққан? Афсуски, ҳеч ким”, деб таъкидлади ва республика бўйича мавжуд 3 мингга яқин чорраҳада светофорларнинг “ягона эгаси” йўқлиги кўрсатиб ўтилди, – дейди Азизхон Муродов. – Шу боисдан, эндиликда вилоят ва туман марказларидаги йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар, ёритгичлар ўрнатиш, йўл чизиқлар чизиш, пиёда ўтиш жойларини белгилаш, йўл ҳаракати воситаларини тартибга солишга Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими масъул бўлади.

Йиғилишда таъкидландики, “Ҳайдовчиликка ўқитиш ва гувоҳнома бериш бўйича янги тизим яратилади. Ички ишлар вазирлиги автомактаблар ва имтиҳон марказларига талабларни қайта кўриб чиқади, уларга лицензияларни ўзи беради”. Шу билан бирга Ички ишлар академияси автомактабларнинг методологияси, ўқув дастури, ўқитувчиларнинг малакаси ва ўқитиш сифатини оширишга жавоб беради. Шунингдек, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ҳайдовчилар тўғрисидаги маълумотлар базаси ва уларнинг рейтингини юритади.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига ички ишлар бошлиқлари билан бирга муаммоли жойлар, “авария ўчоқлари”дан келиб чиқиб, уларни бартараф этиш бўйича ойлик ва чораклик манзилли дастурларни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилганлиги боис бу борада ҳам белгиланган тартибда режа ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, вилоят ва туман марказларида йўл белгилари ва кўрсаткичлари, светофорлар, ёритгичлар ўрнатиш, йўл чизиқлари чизиш, пиёдалар йўлагини белгилаш, умуман, йўл ҳаракати воситаларини тартибга солишга Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими масъул бўлади.

Бир сўз билан айтганда, йўллар ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари ва қоидабузарликларнинг олдини олиш борасида аниқ ҳамда мақсадли режалар ишлаб чиқилмоқда. Бу каби ишларнинг асосий мақсади биринчи навбатда фуқароларнинг йўллардаги хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг саломатлигини сақлаш масаласи турибди.

– Йўл ҳаракати қоидалари эскиргани таъкидланиб, уларни халқаро стандартлар асосида, мутахассислар ва ҳайдовчилар фикрини ўрганган ҳолда янгилаш бўйича топшириқ берилди ва ҳайдовчиларни тайёрлаш ва имтиҳон қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Тошкент шаҳар Кенгаши “Олмазор УСТК” унитар корхонаси бошлиғи Санжарбек Эсамуратов. – Шунингдек, юртимизда автотранспорт воситалари йилдан-йилга кўпайиб, ҳайдовчиларнинг малака даражаси ва ўзаро ҳурмати, аксинча, пасайиб бораётгани, йўл-транспорт ҳодисаларининг 75 фоизини 35 ёшгача бўлган ҳайдовчилар содир этгани таъкидланди. “Ватанпарвар” ташкилотларининг зиммасига катта масъулиятли вазифа юкланди. Бугунги кунда ҳайдовчиликка номзодларга йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш билан бир қаторда уларда ушбу қоидаларга риоя этиш бўйича ҳам кўникмаларни ҳосил қилишга алоҳида аҳамият бермоқдамиз. Қоидани била туриб атайин бузиш ёки қоидаларга беписандлик билан қараш, уларни менсимаслик каби салбий иллатларга қарши курашишимиз керак. Малакали кадрлар, соҳа бўйича кучли мутахассислар, кучли моддий техник баъзага эга чуқур билим ва салоҳиятли, узоқ йиллик тажрибага эга ўқув ташкилотларида ҳайдовчиларни тайёрлаш мақсадга муофиқдир. Автомототранспорт воситалари ҳайдовчилигига тайёрлаш ўқув дастурини ҳамда дарсликларини қайта кўриб чиққан ҳолда ўқув дастурларни янгидан тайёрлаш борасида ишлар режалаштирилиб турилибди. Фуқароларимиздан ҳайдовчилик гувоҳномасини сифатли билим бера оладиган ўқув ташкилотларида таълим олишини истардим.

Ушбу мавзуда пойтахтимиздаги кўп йиллик тажрибага эга ҳайдовчиларнинг фикри билан ҳам қизиқиб кўрдик:

– Президентимиз йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида катта йиғилишда мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 километрдан ошмаслиги ҳамда айрим гавжум кўчаларда эса тезлик чегарасини ҳозирги 70 километр соатдан 60 километргача тушириш зарургини айтибди, эшитиб хурсанд бўлдим, – дейди 40 йиллик ҳайдовчилик тажрибасига эга Ҳикматилла ака. – Ҳар сафар мактаб ёки боғчаларнинг ёнидан ўтаётганимда ўша жойдан тезликни пасайтирмасдан ўтаётган ҳайдовчиларни кўрсам, кўнглим беҳузур бўлади. Чунки, ҳар куни невараларимни боғча, мактабларга ташлаб қўяганим боис улардан хавотир оламан. Яна бир гап, йўл қоидасига амал қилиб машинани бошқариб кетаётсанг, қайта-қайта сигнал бериб асабийлашишга мажбур қиладиган валломатлар кўпайган. Президентнинг гапидан сўнг, зора шундай ҳайдовчиларга ҳам инсоф бериб қолса.

Бундан 40 йил аввал, армияга хизматга кетишдан олдин, қизиқиши, яъни хоҳишга қараб ҳозирги “Ватанпарвар” ташкилоти томонидан ўқитилар эди. Ўша вақтда ўқитувчилар жуда қаттиққўллик билан ҳайдовчиликни ўргатишган. Уларнинг бир гапи ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бу темирни сен бошқарасан. Темирнинг жони йўқ, гапира олмайди. Қандай бошқарсанг, шундай юради, яъни бетон тўсиққа бориб урасанми, дарахтгами унга умуман қизиқ эмас. Фақат шуни эсларингдан чиқармасаларинг бўлди, деб ўргатишарди. Қолаверса, ҳар битта йўл белгиси нима сабабдан ўрнатилгани ва қоида нима учун жорий этилганини ҳижжалаб тушунтиришарди.

Кўп йиллик тажрибага эга бўлган ҳайдовчи сифатида айтсам, пойтахтимиздаги светофорларнинг қизил, сариқ ва яшил чироқларининг ёнишидаги вақт оралиғини қайта кўриб чиқиш лозим. Чунки, пойтахтимизда кундан-кунга автомобиллар ҳаракати кўпайиб бормоқда. Светофорларнинг ўчиб, ёнишидаги вақти эса бир неча йил олдин ўрнатилган эски “режим”да ишламоқда, назаримда.

– Маълум маънода, автотранспорт воситаларининг аварияга учрашида ўнқир-чўнқир йўлларимизнинг ҳам “ҳиссаси” бор, – дейди 72 ёшли Олимжон бобо. – Ҳайдовчилик қилаётганимга ҳам 48 йил бўлиб қолди. Ҳақиқатни айтадиган бўлсам вилоятларимиздан кўра, пойтахтимизнинг йўллари анча яхши. Пойтахтнинг асосий йўлларида бир томонлама ҳаракатланади, бу яхши, албатта. Аммо қўшимча йўлларда икки томонлама ҳаракатланса бўлади. Айнан ўша йўлларда “яма”, яъни чуқурча чиқиб қолса, унга тушиб кетмаслик мақсадида машинани олиб қочишингиз натижасида ёнингизда ҳаракатланаётган ёки тўғрингиздан келаётган автомобилга тўқнашиб кетишингиз мумкин. Шунингдек, ўнқир-чўнқир йўлда кетаётганингизда машинангиз бошқарувдаги мувозанатини йўқотади ва авария содир бўлиш эҳтимоли жуда юқори. Автомобиль йўлларимизнинг талабга жавоб бермаслиги ҳам йўлларда кўплаб авариялар бўлишига олиб келаётгандай. Вилоятларни пойтахт билан боғлайдиган асосий йўлларга масъулларимиз бироз эътиборлироқ бўлса, фойдадан холи бўлмасди.

Ушбу мавзу бугунги куннинг долзарблигидан фойдаланиб анчадан буён ўйлаб юрган бир фикрни айтмоқчи эдим. Яъни, светофорлар йўқ жойлардаги пиёдалар ўтиш жойларига ҳам камералар ўрнатилса яхши бўларди. Боиси, кўпинча ёш болали, ҳомиладор ё бўлмаса кекса ёшлилар ҳайдовчилар қачон йўл бераркан, деб куннинг совуғи ёки иссиғида анча вақтгача кутиб ўтиришади. Қоида бўйича улар кутиши керак эмас. Уларга биринчи навбатда “инсофли” ҳайдовчилар кўриши билан автомобилини тўхтатиб йўл бериши лозимдир...

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

“Ўзбекистон овози”, 16.02.2022, №7

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш