Сенатда етимларни уй билан етарлича таъминламаган ҳокимларни жазолаш таклиф қилинди

 

2015-2019 йилларда Ўзбекистондаги меҳрибонлик уйлари ва болалар шаҳарчаларида жами 1112 нафар битирувчи ўқишни тамомлаган. Шулардан 449 нафари, яъни 40 фоизи уй-жой билан таъминланган. Баъзи сенаторлар мазкур кўрсаткични қониқарсиз деб баҳоламоқда, деб хабар беради Kun.uz мухбири

Сенатор Ҳасан Нормуродовнинг айтишича, ҳукумат қарори билан етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни тураржойлар билан таъминлаш тартиби белгилаб берилган бўлса-да, жойларда бу борадаги аҳвол қониқарли эмас.

«2015–2019-йиллар давомида меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг бор-йўғи 40 фоизи уй билан таъминлангани ҳам бу борадаги ҳолатни кўрсатиб турибди.

Шу боис етимларни уй-жой билан таъминлаш масаласига жиддийроқ ёндашиш, бу борада ҳокимларнинг масъулиятини ошириш, амалдаги қонун ҳужжатларига ҳудудидаги етимларни тураржой билан таъминлашга бармоқ остидан қараган, мажбуриятларини лозим даражада бажармаган ҳокимларни жавобгарликка тортиш бўйича нормалар киритиш керак, деб ҳисоблайман», – деди Нормуродов 27 февраль куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси йиғилишида.

 

 

Қўмита раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедованинг сўзларига кўра, соҳага оид қонун ҳужжатларининг аксарияти анча йиллар аввал қабул қилинган бўлиб, бугунги кун талабларига жавоб бермайди.

«Шу сабабли қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш, жумладан, етимлар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида яхлит қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни ҳукумат олдига вазифа қилиб қўймоқдамиз», – деди Дилором Тошмуҳаммедова.

 

Сенат томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига уй-жойга муҳтож сифатида рўйхатда турган етим болаларга давлат бюджети ҳисобидан трансфертлар ажратиш масаласини тезроқ ҳал этиш вазифаси юклатилмоқда.

Сенатор Жамшид Хўжаев «танганинг бошқа томони» ҳақида гапирди.

«Етимларни уй билан таъминлаш – долзарб, ижросини кечиктириб бўлмайдиган масала. Лекин танганинг бошқа томони ҳам бор. Бугунги кунда ҳокимларнинг етимларни маҳаллий бюджетдан уй билан таъминлаши жуда қийин бўлиб қолди. Чунки ҳудудлардаги катта корхоналар тўлайдиган солиқлар республика бюджетига ўтиб кетди, табиийки ҳокимликлар ижтимоий ҳимоя учун зарур маблағларни топишга қийналишмоқда.

Ҳозирги кунда Навоийда ижтимоий ҳимояга муҳтож 3500 нафар одам уй олиш учун навбатда турибди. Уларнинг орасида етимлар ҳам бор.

 

Шу боис етимларни уй-жой билан таъминлаш ҳақидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш вақтида ҳокимликлар тураржой учун маблағларни қаердан олишини, яъни молиявий манбаларни ҳам аниқ кўрсатиб қўйиш керак. Маҳаллий бюджетдан бу харажатларни амалга ошириб бўлмайди, натижада етимлар вақтинча яшаб туришлари учун ётоқхоналар ёки бошқа жойларга жойлаштирилиб қўйилади. Бу эса муаммога ечим бўла олмайди», – деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти кенгаши раиси Жамшид Ходжаев.

Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаевнинг маълум қилишича, 2011–2019-йиллар давомида меҳрибонлик уйларининг 2307 нафар битирувчисидан 1024 нафари тураржойга муҳтож деб топилган, бироқ 2020 йил январь ҳолатига кўра уларнинг 450 нафари уй билан таъминланиб, 574 нафари ҳалигача ўзига берилиши керак бўлган уйларни кутмоқда.

 

Халқ таълими вазирлиги томонидан Kun.uz'га тақдим этилган маълумотга кўра, Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Навоий, Андижон вилоятларида етимларни уй-жой билан таъминлаш кўрсаткичлари қониқарли эмас.

← Рўйхатга қайтиш