Садоқатда эътиқод мужассам

 

Дунё чархпалаги айланишда давом этмоқда. Айтишларича, бу чархпалак юз йилда бир тўлиқ айланиб ўтар экан. Шу даврда инсоният тарихидаги буюк ўзгаришлар, турли муаммолар пайдо бўлар, ечимини излаш учун фидойи инсонлар ҳам дунёга келар, эзгу ишлар бошида турар эмишлар. Бу ривоятми ёки ҳақиқат, билмадик. Билганимиз – бу фикрлар мамлакатимиздаги бугунги ҳаётда ўз исботини топаётгандай.

Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз бахтларини одамларга эзгулик тилаш, халқ манфаати йўлида хизмат қилиш, камчилик ва камситишларга бефарқ қараб тура олмайдиган, қалб амри фақат адолат сари ундайдиган кишилардир. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марғилон шаҳар кенгашининг раиси лавозимида меҳнат қилаётган Муҳаммаджон Мирзаев ўзида ана шундай фазилатларни мужассам этганлардан.

 

Ота ўгити

Бу инсон билан танишиш баҳона бироз суҳбатлашиш мақсадида унинг ҳузурида бўлдик. Суҳбат давомида отаси Ҳамиджон Мирзаевни, унинг ўгитларини эслади:

“Ҳар касбники эгалласанг, уни садоқат ила эъзозлагин, касбинг каломи ила ҳалол хизматда бўлсанг, албатта, камол топасан”. Бу сўзлар унинг ҳаёт мазмунига айланганини изҳор этди.

Муҳаммаджон Ҳамиджон Мирзаев оиласининг тўнғич фарзанди. Иккинчи жаҳон урушининг фаол иштирокчиси бўлган Ҳамиджон ака бош фарзандини маърифат соҳиби бўлишини жуда-жуда хоҳлаган. Ота ўгитини ўзи учун фарз билган Муҳаммаджон ўрта мактабни тугаллагач, ҳеч иккиланмасдан Фарғона давлат педагогика институтининг тарих факультетига кирди.

Студентлик кунлари ортда қолиб, меҳнат фаолияти бошланди. Дастлаб, Марғилон шаҳридаги 10-ўрта мактабда ҳарбий таълим ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Қарийб қирқ йил педагоглик соҳасида фидойи меҳнат қилди.

Муҳаммаджон Мирзаев Марғилон шаҳридаги 1-касб-ҳунар коллежида дастлаб директор ўринбосари, кейинчалик директорлик қилди. Коллеж ўқувчиларининг касбга бўлган амалий кўникмаларини шакллантиришда режа асосидаги амалий машғулотларни мамлакат ҳамда мамлакатдан ташқарида жойлашган ишлаб чиқариш корхоналарида ўтказишларига ҳаракат қилиб келди. Москва, Санк-Петербург, Владимир, Полтава, Харков, Тошкент, Самарқанд, Бухоро шаҳарларидаги тўқимачилик ва тикувчилик корхоналари билан шартномалар имзолаб, амалий натижалар қўлга киритилганди. Шу сабабдан коллеж битирувчилари малакаларининг юқорилиги таъминланган. Улар вилоят, шаҳар, ҳатто қўшни республикалар тикувчилик корхоналарига тўлиқ ишга жойлашганлар.

Ўқувчиларнинг яшаш шароитларини ўрганиш, ота-оналар билан суҳбат, иш ўринларининг имкониятларини ўрганиш мақсадида шаҳар ва қишлоқларда бўлиб, “аҳоли яшаш тарзини тубдан ўзгартириш шарт”, деган хулосага келди.

Шаҳар ободончилиги, камбағалликни қисқартириш, иш ўринлари яратиш, таълим-тарбияни жонлантиришга қаратилган таклифлар билан чиқди, фаоллик кўрсатди. Шу тариқа шаҳар раҳбариятининг ишончига кириб борган бўлса, халқ орасида обрў орттиришга эришди. Муҳаммаджон Мирзаев бир неча чақириқ халқ депутатлари Марғилон шаҳар Кенгаши депутатлигига сайланган.

Депутатлик даврларида ҳам асосан кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш, бўш иш ўринларини яратиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун имтиёзли кредитлар сонини кўпайтириш, фуқароларнинг оилавий шароитларини яхшилаш, яшаш майдонларини кенгайтириш каби инсонпарварлик ҳаракатларини намойиш қилди. Турли маҳаллаларда истиқомат қилаётган муҳтож кишиларга ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламалари, ҳасса ва кўзойнаклар билан таъминлаш чораларини кўрганлигидан барчанинг мамнунлиги, розилиги халқ хизматига бўлган иштиёқини янада орттириб юборар эди. Бурҳониддин Марғиноний кўчаси, 193- ва 229-уйларда яшовчи 1-гуруҳ ногиронлари Илҳомжон Эрматов, Содиқжон Мадориповлар ногиронлик аравачасидан ҳануз фойдаланадилар.

“Ватан” маҳалласидан Мунаввархон Раҳмонова ўттиз йилдан буён ижарада ногирон фарзанди билан сарсон-саргардонликда яшаб келарди. Бундан икки йил муқаддам маҳаллада бўлиб ўтган депутатлик учрашувида опа ўз дардини депутатга баён қилишга журъат этди.

 

Аввало, фуқарони ишга жойлаштириш чораси кўрилди, бандлиги таъминланди. Бошпана масаласи қонун-қоидалар асосида юқори ташкилотлар олдига кўндаланг қўйилди. Марғилон шаҳар ҳокими А.Т.Зиявутдинов ҳам масалани ҳал этишга кўмакдошлик қилди. Натижада М.Раҳмоновага махсус ордер асосида “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган “Зуҳро” кўчаси 7-уйдаги 27- бир хонали квартира беминнат бириктириб берилди.

“Кўнглим ўрнига тушгандан буён ишларим ҳам юришиб кетди. Ўзимнинг иккинчи ҳақиқий ҳаётимни бошладим”, дейди мамнуният билан Мунаввархон.

 

Иш вақти – кеча-кундуз

Ҳикоямиз қаҳрамони том маънода жамоатчи инсон. У шундай йўғрилган. Халқ хизмати йўлида вақт билан ҳам ҳисоблашмайди. Унинг иш соати бир сутка, 24 соат. Депутатликка сайланган “Янги ҳаёт” сайлов округида жойлашган ҳар бир хонадонда яшовчи оила бошлиқларини ёддан билади, муаммоли масалалар кафтининг устида.

Халқ депутатлари Марғилон шаҳар кенгаши “Регламент ва депутатлик одоби” комиссиясининг раиси. Шаҳар кенгашида фаолият юритаётган ўттиз нафар депутатларнинг ижро интизоми, ўз вазифаларига муносабатлари, муаммоларни ҳал қилиш маҳоратларини ошириш, муомала, сессиялар кун тартибига оид масалаларни тайёрлаш ишларида ўз маслаҳатлари ва кўмагини аямайди.

Ўтган яқин ўн йиллардан буён Марғилон шаҳар ҳокимияти “Жамоатчилик назорати гуруҳи”ни ҳам бошқариб келмоқда. Жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлаётган барча камчиликларни, қонун бузилишлари, адолатсизлик кўринишларини бартараф этишда астойдил ҳаракат қилаётганлиги билан ҳам кўпчилик эътирофига муяссар бўлган.

Пенсия тайинлашдаги адашмовчилик, аҳолини ноқонуний тўловларга ундаш, нафақалар, таъмирлаш ишларидаги нуқсонларни устида аниқлаб, бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Шаҳар марказидан оқиб ўтадиган “Пандикан”, “Янги ариқ” ва “Жўйбозор” анҳорларидаги сувларнинг тўхтаб қолаётганлиги ҳақидаги шикоят ўрганилиб, сувнинг оқиб ўтиши тартибга солинди. Аҳолининг мароқли дам олишини таъминлаб келаётган қадрдон масканга айланиб улгурган, Ўрта Осиёга донг таратган истироҳат боғи кейинги кунларда қаровсизлиги оқибатида эътирозга сабаб бўлаётган эди.

Жонсарак инсон, ташаббускор партия раисининг аралашуви ва таклифи билан штат бирликлари ажратилди. 1938 йили халқ ҳашари орқали бунёд этилган, “Оролча” номи билан машҳур сув ҳавзаси, халқаро тадбирларга мезбонлик қилган “Амфитеатр” реконструкция қилинди, турли декоратив дарахтлар келтириб экилди. Шаҳар маҳаллаларига келтириладиган суюлтирилган газ балонларини тарқатиш жадвали ҳам жорий этилди.

Кейинги йилларда Муҳаммаджон Мирзаев ташкилотчилик қобилиятининг янги қирралари кашф этилди. Унга вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ишонч билдириб, ўзининг Марғилон шаҳридаги вакили этиб тайинлаш билан олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларини назорат қилиш масъулиятини ҳам юклади. Шаҳардаги “Орол бўйи”, “Дўстлик”, “Надирмат”, “Галатой”, “Юксалиш”, “Наврўз” маҳаллаларидаги “Обод маҳалла” дастури, Бурҳониддин Марғилоний, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий кўчаларини кенгайтириш ишларини режа асосида амалга оширишда фаол раҳбарлик қилди.

 

Боқиманда одам йўқ

“Орол бўйи” маҳалласида ободонлаштиришдан ташқари маҳалла ҳунармандлари учун шароит яратишга ҳам эътибор қаратилди. Маҳалла чарм пойабзал ишлаб чиқаришга мослашганлигини инобатга олиб, бу ерда Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви ҳомийлигида косибчиликни ривожлантириш “SHOVROOM” ўқув маркази қуриб битказилди. Ўқув маркази бутун республика ҳунармандларининг малакасини ошириш ва уларга касб-ҳунар ўргатиш вазифасини ўтамоқда. Бундан бир неча ой муқаддам Қорақалпоғистондан келган 25 нафар яқин косиблар малакаларини ошириб кетдилар. Ҳозирги кунда маҳалладаги юзга яқин хонадонларда болалар ва ўсмирлар чарм Пойабзаллари тайёрланаётир. “Ҳунармандлар маркази”га тадбиркор Зиёвуддин Мамажонов раҳбарлик қилади. Унинг айтишича, маҳаллада биронта ҳам боқимандалик кайфиятида юрган фуқарони учратмайсиз. Ҳар ойда 400 минг жуфтга яқин, умумий қиймати ўн миллиард сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда.

“Надирмат” маҳалласида ҳам ибратли ишлар амалга оширилди. Аввало, электр узатиш тармоқларини яхшилаш мақсадида янги замонавий типдаги трансформатор ҳамда кўча бўйларига 200 дона темирбетон столбалар ўрнатилди. Олти километрга яқин масофадаги тоза ичимлик сув қувурлари янгиланди. “Аминдарё”, “Бободеҳқон”, “Мактаб”, “Надирмат” ва “Донгдор” кўчаларига асфальт ётқизилди. Маҳалла ҳудудида бўш турган бинода косибчилик корхонаси ишга туширилиб, 22 нафар ёшлар бандлиги таъминланди.

 

Маҳаллада саноат зонаси

Шаҳримизнинг “Наврўз” маҳалласи ҳудудида бунёд этилган “Наврўз” кичик саноат зонаси тезкорлик билан сифатли қилиб, барча техник ва қурилиш талаблари асосида қуриб битказилиши ҳамда Президент эътирофига лойиқ бўлишида Муҳаммаджон Мирзаевнинг катта ҳиссаси бор.

Буни М.Мирзаевга “Дўстлик” орденини топшириш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг дил сўзларидан ҳам идрок этиш мумкин. Ўнқир-чўнқир, ташландиқ бир чекка жойда анча-мунча шаҳар марказларини орта қолдирадиган обод маскан яратилиши дастлаб ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган эди. Аввало, давлатимиз раҳбарининг одилона сиёсати, қолаверса, бу сиёсатни ўз ўрнига қўйиб ижросини таъминлашга астойдил киришган вилоят раҳбарияти, ободончилик ташкилотчилари... Бугунги кунда бу масканда 22 та ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритмоқда. Пойабзал тайёрлаш, пайпоқ тўқув, ширинлик ва кондитер маҳсулотлари ишлаб чиқариш, минерал сувларни қадоқлаш идишларини пресслаш, кийим-кечак, ички кийимлар, турли ҳажмдаги мато ва пардалар тикиш... Тўқиш корхоналарида маҳаллий ёшларнинг, йигит-қизларнинг маҳорат билан қувноқ меҳнат қилаётганликлари кўзингизни қувонтириб, дилингизни равшан этади.

 

Меҳнат ва эътиқод уйғунлиги

Тиним билмайдиган Муҳаммаджон Мирзаев ҳали тетик, шижоатга, яхши ниятга тўла, биров бу инсонни 75 га кирган дейишга ийманади. Нафақат шаҳар, балки вилоят жамоатчилиги орасида байроқдорлардан. Фарғонанинг “зўр”ларидан.

Бу инсон бошқаларни ўйлаб, меҳнат учун, орзу-мақсадга эришиш учун кўмак бериб, қўллаб-қувватлаб, атрофидагиларни ҳам шунга сафарбар этиб, шуларнинг ҳаммасидан ҳаётга меҳр ва куч олиб яшамоқда. Халқ демократик партиясининг ғоялари ҳам Муҳаммаджон аканинг чин эътиқодига ўхшаб ҳаётий, инсоний. Партиянинг Марғилон шаҳар кенгашига раисликка келганидан бери қанчадан-қанча яхши ишларнинг бошида турди, қанчадан-қанча одамларга ўрнак ва намуна бўлди. Бу инсоннинг иши, партияси ғояси, ҳаётий эътиқодини бир-биридан ажратиб бўлмайди.

У партия раҳбари сифатида шаҳарда аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, шаҳар ободончилиги, коммунал хизмат кўрсатиш, тиббий хизматни яхшилаш каби масалаларни партия тарафдорлари сонини кенгайтириш билан, уларга таянган ҳолда амалга оширишга эътиборини қаратаётир. Ўз таклифларини асослантириб, юқори партия органлари ҳамда шаҳар ҳокимияти сессиялари муҳокамасига киритишга эришмоқда, эл манфаатларини ҳимоя қилмоқда.

Муҳаммаджон Мирзаевнинг инсонпарварлик, ҳалоллик, ташкилотчилик, давлат сиёсатини халқ манфаатлари йўлида қўллай олиш маҳорати барча учун ибрат мактабини ўтайди. Ана шундай ибрат ва шижоат соҳибининг кўксини безаб турган “Халқ таълими аълочиси”, “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони, давлатимизнинг юқори даражадаги мукофоти “Дўстлик” ордени унинг халқига ва юртига, эзгу ғояларга садоқати рамзидир.

 

Рўзимуҳаммад Умрзоқов,

Бурҳониддин Марғиноний халқаро жамғармаси раёсат аъзоси.

«Ўзбекистон овози», 24.04.2023, №17

 

 

 

 

 

Теглар

Фахрий Депутат Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш