Янгиланган Конституциямиз янги ҳуқуқий тизимларимизга асос бўлмоқда

 

Ўтган йилнинг 30 апрелида, бутун халқимиз билан биргаликда умумхалқ овоз бериш йўли билан, яъни референдум асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз бугун бизга, чин маънода, мамлакатимизнинг янги ҳуқуқий ҳаётини белгилаб бераётган олий юридик ҳужжат бўлиб хизмат қилмоқда.

Янгиланган Конституциямиз дунёнинг ривожланган давлатларига хос бўлган “ҳуқуқий давлат”, “ижтимоий давлат”, “Конституция устуворлиги”, “инсон ҳуқуқлари устуворлиги” ва бошқа шу каби кўплаб сифатларни Янги Ўзбекистоннинг тавсифлари дея эътироф этди.

Янгиланган Конституциямизнинг яна битта муҳим жиҳати шундан иборатки, унда аксарият давлатларнинг конституцияларида ҳам қўлланилган ва Ўзбекистоннинг ҳам ҳуқуқий ҳаёти мазмунини жиддий бойитишга хизмат қиладиган “Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизими” тушунчасининг акс эттирилганлигидир.

Бу тушунча, нафақат мамлакатимиз ҳуқуқий ҳаёти, халқаро имижининг мустаҳкамланишига хизмат қилиши, балки фуқароларимиз ҳаётига бевосита тааллуқли бўлганлиги учун ҳам, унинг мазмунини очиб бериш, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва аҳамиятини кўрсатиш долзарб зарурият эди ва бугунги кунда барча фуқароларимиз, Янгиланган Конституциямиз асосидаги ушбу устуворликлардан ўз ҳаётларида тўлиқ фойдаланишмоқда.

Яна шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз лозимки, эндиликда Ўзбекистон ҳуқуқий тизими тушунчаси халқаро ҳуқуқ билан конституциявий мақом асосида чамбарчас боғланди, жаҳон андозаларига тўлақонли мослаштирилди ҳамда давлат суверенитети асосларини янада мустаҳкамлади.

Бинобарин, ҳуқуқий тизим тушунчасидаги ўзгаришлар асосан Конституциямизнинг 15-моддасида тўлиқ акс эттирилди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий тизимининг таркибий қисмидир”, деб қайд этилган. Бундан ташқари бу тушунча Янгиланган Конституциямизнинг Муқаддимасида, 15-, 17-, ва 19-моддаларида ҳам акс эттирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Барча соҳаларда ҳуқуқий тизимнинг тўғри яратилганлиги эса, инсонлар ва жамиятимиз ҳаёти учун нақадар катта роль ўйнашини барчамиз яхши биламиз.

Зеро бугун, Янгиланган Конституциямиз асосида бизга яратиб берилган ҳуқуқий тизимимиз айтиш мумкинки, мамлакатимизнинг эртанги келажагини, юртимиз фаровонлигини, шу билан биргаликда, халқимизнинг ўзига хос ҳуқуқий ривожланишини акс эттиради.

Демак, ҳуқуқий тизим ҳар бир давлатни тавсифловчи энг муҳим мезонлардан биридир. Айтайлик, бирор бир чет давлатга йўлимиз тушадиган бўлса, энг аввал унинг жойлашган жойи, пойтахти, аҳолисининг миллати, сони ва бошқа шунга ўхшаш маълумотларни билишга ҳаракат қиламиз. Сўнгра унинг ҳуқуқий тизимига хос бўлган қонунчилиги бизда қизиқиш уйғотади. Биламизки, қонунчилиги устувор бўлмаган давлатга бехатар бориб келиш ишончи бўлмайди. Хавфсизлик ва тинчлик кафолатланмайди. Шу боис қонунчилик инсон ҳуқуқлари, хавфсизлиги, тартиб-интизом, ҳуқуқий маданият ва бошқа шу кабиларнинг кафолати бўлгани учун ҳам одамлар қизиқишининг асосий мезони бўлади. Ўз навбатида қонунчилик ҳар бир давлат ҳуқуқий тизими фундаментидир. Бутун ҳуқуқий ҳаёт унинг устига қурилади.

Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистон Республикаси тарихида мисли кўрилмаган ҳуқуқий тизимининг янги сифатларини белгилаб берди. Янги босқич ҳуқуқий ҳаётга асос солди. Шунга кўра дунёнинг илғор ҳуқуқий тизимли давлатлари қаторига яна битта давлат – Янги Ўзбекистон қўшилди, деб айтишга тўлиқ асос бор.

Конституциямизга кўра, янгиланган ҳуқуқий тизимимизнинг бутун дунё миқёсида кўз-кўз қилиш мумкин бўлган, муҳтарам юртбошимиз таъбири билан айтганда, энг биринчи ҳақиқати – бу Ўзбекистонда инсоннинг халқаро ҳуқуқ субъекти мақомига эга бўлганлигидир.

Дарҳақиқат, янгиланган Конституциямизнинг 55-моддасига биноан “Ҳар ким Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ва халқаро шартномаларига мувофиқ, агар давлатнинг ҳуқуқий ҳимояга доир барча ички воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилувчи халқаро органларга мурожаат этишга ҳақли” эканлиги, демак эндиликда фуқароларимизнинг халқаро ҳуқуқ субъектига айланганлиги ҳам айни ҳақиқатдир.

Инсоннинг халқаро ҳуқуқ субъектига айланганлигининг иккинчи ҳақиқати Конституциямизнинг 19-моддасида ифодаланган. Унга, кўра Ўзбекистонда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига биноан ҳам кафолатланади, деб белгиланган. Бу ҳолат шуни англатадики, янгиланган Конституция туфайли халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари Янги Ўзбекистон ҳуқуқий тизими таркибига киритилиб, илгариги мавҳумлик ҳолатидан амалий реалликка айланди. Эндиги гап фақат уларни қўллай билишликдадир.

Янгиланган Конституция халқаро ҳуқуқ нормаларининг ҳуқуқий тизимга киришини белгилаш орқали Ўзбекистон ҳуқуқни қўллаш органлари ва фуқароларимизнинг бу борадаги имкониятларини янги босқичга кўтарди.

Бунга мисол тариқасида, бугунги кунда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш, улар билан доимий мулоқотлар ўрнатиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тўхталиб ўтмоқчиман.

Шунингдек, сўнгги йилларда бевосита муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “инсон қадри” тамойили, янгиланган Конституциямиз орқали бугун барчамизнинг ҳаётимизга тўлиғича кириб улгурганлигини ва ушбу тамойил бугунги кунда хорижда истиқомат қилаётган ёки вақтинчалик фаолият олиб бораётган фуқароларимиз ҳаётида ҳам ўз акцини топаётганлигини алоҳида қайд этиб ўтмоқчиман.

Маълумки, бугунги кунда ер юзи аҳолисининг сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Ишлаб чиқаришга замонавий технологияларнинг фаол жалб этилаётганлиги ҳамда баъзи ҳолларда дунё тараққиётининг, давр ва замон шиддати, шароити ичидаги номутаносиблиги ҳам ишчи кучи миграциясининг ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

Инсон омили, пировардида ҳар қандай мамлакат тақдирини белгилаб берувчи муҳим омилдир. Бу эса, турли давлатларда ишчи кучининг сифат ва даражаси турлича бўлишига олиб келади. Айтайлик, сизу-биз мазкур мавзу юзасидан фикр-мулоҳаза юритаётган бир пайтда Германия ёки Ҳиндистон кўчаларида фаолият олиб бораётган турли миллат вакилларига мансуб ишчи ёки рикшалар АйТи (ИТ) мутахассисларини ишга жалб этувчи ўз эълонларини айлантиришмоқда. Боиси, бугунги кунда, дунёнинг энг йирик ва қудратли мамлакатларида, ҳар доимгиданда кўпроқ информацион технологиялар бўйича мутахассисларга кучли эҳтиёж пайдо бўлган.

Шу ва шу каби бошқа халқаро меҳнат муносабатлари эса, дунё миқёсида айни йўналишдаги келишувлар ва бошқа кўринишдаги ҳуқуқий асослар пайдо бўлишига хизмат қилмоқда.

Албатта, миграцияяни юзага келтирувчи омиллар турфа хил ва улар ҳақида ҳозир батафсил тўхталмоқчи эмасман. Зотан юртимизда ҳам ҳар йили минглаб фуқароларимиз турли ниятлар билан хорижга кетадилар. Бошқача айтганда, Ўзбекистон мустақил давлат ўлароқ, миграцияя масалада ҳам халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти ҳисобланади.

Бироқ, узоқ йиллар мобайнида, расмият учун қабул қилинган хужжатларни инобатга олмаганда, ватандошларимизни ўзлари қўним топган давлатда етарлича қўллаб-қувватлаш борасида эътироф этишга арзигулик ишларимиз бўлмаган.

Хаттоки, баъзи ҳолларда, яъни суҳбат орасидаги мулоқотларимиз давомида ўзимиз ҳам “мигрантлар” ёки “гастробайтерлар” деган атамаларни кўнглимиз ўксимасдан бемалол ишлатган пайтларимиз бўлган. Аммо сўнгги йиллардаги энг катта ислоҳотларимиздан бири, бу Ватандош тушунчасининг онгимиз ва шууримизга янада чуқурроқ кириб борганлиги, Ватандошларимизнинг юртимиз иқтисодий тараққиётига қўшаётган салмоқли ҳиссаси тўлиқ ва том маънода давлатимиз томонидан эътироф этилганлигидир.

Бу борада сўз кетар экан, энг аввало Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 октябрдаги “Хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳамкорлик соҳасида Ўзбекистон республикаси давлат сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорини алоҳида эътироф этиш тўғри бўлади. Зеро мазкур қарор билан, айнан ватандошларни қўллаб қувватлаш борасидаги ишлар тизимлаштирилди ва аниқ механизмлар белгилаб берилди.

Ўз навбатида турли сабабларга кўра, айни пайтда хорижда истиқомат қилаётган ва фуқаролик олган, хатто фуқаролиги йўқ ватандошлар билан ҳам бўладиган ўзаро ҳамкорлик жараёнида уларга давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва рағбат чоралари кўрсатилиши мумкинлиги белгиланди.

Юртдошларимизни мамлакатимиз ташқарисида қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар бу билан тўхтаб қолгани йўқ албатта.

2020 йил 29 декабрь куни Давлат раҳбарининг парламентга қилган Мурожаатномасида “дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш ва улар билан алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ватандошлар” жамғармасини тузиш таклифи билдирилди.

Шу асосда 2021 йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Ватандошлар» жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди.

Бугунги кунда ҳеч шубҳасиз, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг улуғи, хорижда истиқомат қилаётган ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш масаласи Янгиланган Конституциямизда акс этганлигидир.

Хусусан, Конституциянинг 23-моддасида:

“Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистондан ташқарига мажбурий чиқариб юборилиши ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмас.

Давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилади”, деб белгилаб қўйилди.

Бу тажриба мустақил давлатчилигимизда илк бор кузатилгани билан аҳамиятлидир. Зеро ким ва қайси мақсадда хорижга чиқишидан қатъий назар, ортида Ватани турганлигини ҳис этиши фуқароларимизнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, Ватанга бўлган ишончини ҳам оширади, мақсади сари дадил одимлашини кафолатлайди.

Халқимизда “султон суягини хўрламас”, деган ажойиб нақл бор. Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган бу ислоҳотлар асрлар оша муқаддас қадриятларимиздан бирига айланиб кетган ушбу қарашнинг амалдаги инъикосидир.

Мухтасар қилиб айтганда, агар 2016 йилгача бу соҳада фақат 5 тагина қарор қабул қилинган бўлган бўлса, 2017-2024 йилларда, бу борада 40 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хориждаги ватандошларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилмоқда. Яна бир маълумот, агар 1991-2016 йилларда жами 830 та тадбир ташкил этилган бўлса, 2017-2024 йиллар давомида бу борада 1400 га яқин тадбирлар амалга оширилган ва ватандошлар билан алоқаларимизнинг кўлами тобора кенгайиб бораётганлигига яққол мисол бўлган.

Хориждаги ватандошларимизни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари билан қизиқар эканмиз, бу борадаги амалий натижалар ҳақида ҳам билишни истаймиз албатта. Ва қуйидаги мисолларни келтиришимиз мумкин бўлади.

2017 йилда илк маротаба Президент ташаббуси билан тузилган “Ватандошлар” жамоат фонди дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида яшовчи 10 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларни ва улар томонидан яратилган 170 дан ортиқ маданият марказларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Айниқса, пандемия шароитида давлатимизнинг ўз фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган халқпарварлик сиёсати яққол намоён бўлди. 600 мингдан ортиқ юртдошларимиз ҳамда оғир аҳволда қолган 100 мингдан зиёд фуқаролармизга чет элдаги дипломатик ваколатхоналаримиз ва консуллик муассасалари томонидан зарур ёрдамлар берилди.

Шунингдек, “Меҳр-5” операцияси туфайли, Суриядаги уруш кетаётган “қайноқ нуқталарга” бориб қолиб, “Ал-Ҳол” лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган 24 нафар аёл ва 69 нафар болалар Ўзбекистонга қайтарилди. Миср давлатидан ўзбекистонлик 117 нафар фуқаро Ватанга қайтариб олиб келинди. Ёки Украинада юз берган нохуш воқеалар туфайли, кўплаб юртдошларимиз жуда оғир шароитларда, катта қийинчиликлар билан юртимизга олиб келинди. Уларга ўз Ватанида ҳамма шарт-шароитлар яратиб берилди.

Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқилган мавжуд норматив-ҳуқуқий асосларимиз бу борадаги ишларимиз кўлами ва натижадорлигини сезиларли равишда кенгайтирди. Пировардида, бугунги кунда хориждаги ватандошларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича турли механизмлар яратилди ва муваффақиятли ишлаб келмоқда. Масалан, ёшлар билан доимий мулоқотни ташкил этиш бўйича Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ҳамда айтиб ўтганимиздек, "Ватандошлар" фонди томонидан самарали фаолият олиб борилмоқда.

Бугунги кунда хорижда ишлаётганлар, хориждаги юртдошларимизнинг асосий қисмини ташкил этади ва улар Ташқи меҳнат миграцияяси агентлиги ва унинг Россия Федерациясидаги 16 та ҳудудида, Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида, Жанубий Кореянинг Кванджу шаҳрида, Туркиянинг Истанбул шаҳрида доимий ваколатхоналари орқали қўллаб-қувватланмоқда.

Бундан ташқари, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига бўйсунувчи Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди.

2023 йил давомида хорижий давлатлардаги жами 200 мингга яқин фуқарога турли хизматлар кўрсатилган.

Шундан, 171 мингдан ортиғига маслаҳат хизмати, 9700 га яқинига ҳуқуқий, 9000 дан ортиғига ижтимоий, 2000 яқин фуқароларимизга эса моддий ёрдамлар кўрсатилган.

Шунингдек, 39 нафар фуқаро хорижда вақтинчалик хостелларга жойлаштирилган, оғир вазиятларга тушиб қолган 380 нафар юртдошимиз эса Ўзбекистонга олиб келинган.

Албатта, бу натижалар хотиржам бўлишимиз учун етарли эмас.

Зеро бу борадаги мурожаатларни тизимли равишда таҳлил қилиш орқали, янада янги вазифалар бўй кўрсатиши табиий. Муҳими шуки, давлатимиз сўнгги йилларда бу борада улкан қадамларни ташлади ва шукрки, ушбу интилишларимиз ҳамда саъй-ҳаракатларимизнинг ижобий натижаларини бугун барчамиз юқорида қайд этилган мисоллар орқали кўриб турибмиз.

Азиз Ўзбекистонимиз ва Ўзбек халқининг жаҳонда муносиб ўрин эгаллаши учун эса, бунданда катта шижоат ва қатъият билан, муҳтарам Президентимиз таъбирлари билан айтганда, барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, бир жону, бир тан бўлиб, шу юрт, шу азиз эл, шу улуғ Ватан учун буюк мақсадларимиз йўлида садоқат билан хизмат қилишимиз шарт ва зарур деб ўйлайман.

 

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш