“Ўзбекистон-2030” стратегияси ҳамда гендер тенгликка эришиш стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, партия Сайловолди дастурида белгиланган ғояларни амалиётга татбиқ этишда партия сафидаги хотин-қизлар салоҳиятидан самарали фойдаланиш, қолаверса, хотин-қизларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш, партия сафига ва тизимига ёш хотин-қизларни жалб қилиш, уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ХДП томонидан “Сиёсатчи аёл” кўрик-танлови ўтказилмоқда.
Қашқадарё вилоятида танловнинг туман ва шаҳар босқичларига старт берилди. Касби, Қарши ва Нишон туманларида ўтказилган босқичларда хотин-қизлар муаммосини ҳал этишнинг энг самарали йўли, сиёсий ҳозиржавоблик ҳамда эркин мавзу шартлари орқали фаол хотин-қизларнинг билимлари синовдан ўтказилди.
Ўзбекистон ХДП Касби туман кенгашида ўтказилган кўрик-танловда иштирок этган партиянинг 5 нафар фаоллари 1-шартда ўз ҳудудларидан келиб чиқиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий ажримлар ва фарзанд тарбияси, чет элга чиқиб кетган хотин-қизлар ва уларнинг оилавий ҳаёти, маҳаллада хотин-қизларга ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш масаласини олиб чиқишди.
Ўзбекистон ХДП Қарши туманидан ҳам иштирокчилар ҳудудий муаммолардан келиб чиқиб, бандликни таъминлашда пиллачиликни ўргатадиган ўқув-курслари ташкил этиш, туманда 18-30 ёшдаги хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилавий низоларнинг олдини олишда қайноналар бандлигини таъминлаш, ажрим ёқасидаги оилаларда фарзанд тарбияси каби долзарб муаммоларни тақдимот кўринишида намойиш этишди.
Ўзбекистон ХДП Нишон туман кенгашида ҳам хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитишда узоқ ҳудудлар учун алоҳида курслар очиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш, чекка ҳудудларда ўқувлар ташкил этиш, тиббий кўрикларни кўпайтириш масалаларида тақдимотлар қилинди.
Кўрик-танловда иштирок этган фаол хотин-қизлар туман партия кенгашлари томонидан эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди, ғолиблар вилоят босқичига йўл олди.