Депутатнинг ҳимояси кучайтирилса, маҳаллий кенгашлар иши жонланади

 

Шубҳа йўқки, Андижонда ҳам жасоратли, сўзи кескир, талаблари қатъий ва асосли депутатлар сони оз эмас. Бугун улар одамларни ўйлантираётган долзарб масалалар ечими бўйича қандай таклиф-ташаббусларни илгари сурмоқда? Сайловчилар манфаатини таъминлаш, депутатлар, партиялар гуруҳлари фаолияти натижадорлигини ошириш учун қандай амалий чора-тадбирлар қўлланилмоқда? Бугун ана шу саволларга жавоб излаймиз.

 

— Қонунчилигимизда депутатнинг мақоми ҳамда ваколатларига тааллуқли масалалар мустаҳкамлаб қўйилган, аммо бундан тўғри фойдаланувчилар ҳам ва, аксинча, ваколати доирасидаги ташаббусларга жасорати етмай, «оч қорним, тинч қулоғим» қабилида иш тутувчилар ҳам бор, — дейди Ўзбекистон ХДП Бўстон туман кенгаши раиси Матлуба Тўйчиева. — Эътиборлиси, депутат ваколатларини янада кенгайтириш чоралари давом этмоқда. Яқинда давлат раҳбарининг «Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжатни ҳаммамиз ўқидик, мазмун-моҳиятини англадик. Демоқчи бўлганим, бундан буён фаолиятимизни тўлиқ адо этиш учун баҳона қолмади.

Апрель ойида туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Унда партиямиз гуруҳи томонидан 3 та масала кўрилди. Хусусан, «Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича давлат сиёсатининг устувор йўналишлари тўғрисида»ги Президент Фармонининг тумандаги ижроси юзасидан камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи Ф. Собировнинг ҳисоботи тингланди. Шунингдек, умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун яратилган тиббий хизмат ҳолатини ўрганиш якунлари ҳамда Президентимизнинг «Репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини ошириш кўламини янада кенгайтириш тўғрисида»ги қарори ижроси кўриб чиқилди. Ҳар бир масала танқидий-таҳлилий муҳокама қилинди.

Партиямиздан сайланган депутатлар билан бирга тумандаги мактабларда ўрганиш олиб борганимизда, 27 та умумтаълим муассасасидаги ошхона ва буфетларнинг 5 таси таъмирталаб экани аниқланди. Ҳар бир муассасада шароитдан келиб чиқиб, алоҳида тиббиёт хонаси ажратиб берилган бўлса-да, улар белгиланган тартибда хизмат кўрсатмаётир. Яъни барча умумтаълим мактабидаги тиббиёт хоналари тиббий кушетка, шифокор столи, тиббий асбоб-ускуналар тўплами каби зарур анжомлар билан тўлиқ таъминланмаган. Маълум бўлишича, туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бўлимига ушбу мақсадда керакли маблағ ажратилмаган. Янада таассуфлиси, ўқувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишда асқотадиган дори-дармонлар таъминотида ҳам муаммолар бор.

Мазкур масала партия гуруҳимизда муҳокама қилинди ва тавсиявий характердаги вазифалар ишлаб чиқилди. Муаммоларнинг ечими юзасидан таклифлар тайёрланиб, масъулларга юборилди. Ўрганилган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди. Камчиликларни бартараф этишга оид қарорлар тасдиқланиб, ижроси ҳамда унинг назорати бўйича масъуллар белгиланди.

Аслида биз қанча масалани ўрганиб, сессияга олиб чиққанимиз муҳим эмас, муҳими бу уринишларнинг натижасига боғлиқ.

— Яшириб нима қилдик, шу пайтгача маҳаллий ҳокимият ўзи чиқарган қарорни ўзи ижро қилди ва ўз-ўзига ҳисоб берди, — дейди «Бобур ХБК» МЧЖ директори, Андижон шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Шаҳобиддин Ҳайдаров. – Натижада бу коллегиал эмас, бир ёқлама қарорлар қабул қилинишига олиб келди, Кенгаш фикри бўлса-да, таклиф ва ташаббуслари ё инобатга олинмади ёки айтилмай қолиб кетди. Бу ҳолатдан «безиллаган» депутатлар бора-бора гапирмайдиган, катта ташаббусларга қўл урмайдиган бўлиб қолди, деб ўйлайман.

Шунга қарамай, қўл қовуштириб ўтирмай, партиямизнинг сайловолди дастурида кўзда тутилган ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам манфаатларини ҳимоялашга ҳаракат қилиб келяпмиз. Имконимиз, балки «қўлимиз» етганича уларни қийнаётган масалаларга ечим топишга кўмаклашяпмиз. Бандликни таъминлаш, поймол бўлган ҳуқуқларни тиклаш, жамоатчилик ва депутатлик назорати борасида анча ўзгаришлар, олдинга силжишлар бор.

Яқинда «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги Президент қарорининг Андижон шаҳридаги ижроси ўрганилди. Унда «Шинам маҳалла», «Биотехсервис», «Ёйилма шинам хонадонлари», «Сарикуй обод хонадонлар», «Бизнес дўстлик уйлари», «Обод дукчи эшон» МЧЖ фаолиятига эътибор қаратилди. 6 та бошқарув сервис компаниясининг 110 нафар ишчи-ходими, 230 дан ортиқ моддий техник базаси мавжуд бўлиб, аҳоли билан тузилган шартномалари 40 фоизни, мажбурий бадал тўловларининг ўртача тушум миқдори шаҳар ҳудудида 18 фоизни ташкил этади.

Муаммоли масалалар асосан эски, 1991 йилгача қурилган кўп қаватли уйларда бўлиб, юзага келган ҳолатлар аҳоли томонидан бартараф этиб келинаётган экан. Бошқарув компаниялари раҳбарлари билан ўтказилган суҳбатларда кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаро-мулкдорларнинг аксарияти тўлаши лозим бўлган мажбурий бадалларни тўламаётгани ширкатларнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётгани билдирилди.

Ишчи гуруҳи аъзолари Андижон шаҳрининг «Ёйилма» МФЙдаги 134 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатаётган «Шинам маҳалла» МЧЖ бошқарув компанияси томонидан ободонлаштириш ишлари яхши ташкил этилганига гувоҳ бўлди. Болалар майдончалари, катталар учун спорт майдонлари, машиналар тўхташ жойлари ташкил этилган, дарахтлар ва гуллар экилган, маиший чиқиндиларни махсус жойларга олиб бориш учун техникалар мавжуд. Коммунал соҳада пайдо бўладиган аварияларни тезкор бартараф этиш учун мутахассислар навбатчилиги ташкил этилган.

Шаҳардаги 663 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатувчи «Биотехсервис» МЧЖ бошқарув компанияси томонидан ҳам кўп қаватли уйлар мулкдорларига зарур хизматлар кўрсатиб келинаётгани аниқланди.

Кўп қаватли уйларда яшаётган фуқаролар билан очиқ мулоқотлар давомида уларнинг аксарияти бошқарув компаниясининг вазифаси, бадал нималарга асосан белгиланиши, зарурат пайдо бўлганда кимга мурожаат қилиш кераклиги каби бирламчи маълумотларга тўла эга эмаслиги маълум бўлди.

Яна бир ҳолат - бу мулкдорлар умумий йиғилишини ўтказиш ва қарорларни расмийлаштириш (шу жумладан, имзо қўйдириш) масаласи бўлиб, бошқарув компанияси вакили «Шу ҳужжатларга имзо қўйиб беришсин», деб МФЙ ходимига расмий ҳужжатларни беришар, фуқаролар эса суриштирмай имзо қўйиб бераверар экан. Қарабсизки, тушунмовчиликлар шу йўсинда катталашиб, муаммога, ҳатто турли низоларга ҳам сабаб бўлмоқда.

Ўйлайманки, бу каби масалалар бошқа ҳудудларда ҳам бор. Уларни ҳал қилишда фаоллик кўрсатишимиз, бевосита ваколатимиз доирасидаги вазифаларни сидқидилдан бажариш орқали одамларнинг бугунги кундан рози бўлиб яшашига кўмаклашишимиз зарур. Зеро, халқ вакили депутатликка сайланган кундан бошлаб сайловчилар олдида ҳисобдор бўлади.

— Маҳаллий Кенгашлар ва уларнинг фаолиятига оид масала оғриқли томонларимиздан бири, афсуски, — дейди Балиқчи тумани 43-умумтаълим мактаби директори, туман кенгашидаги ижтимоий-маданий масалалар бўйича доимий комиссия раиси, Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Одинахон Назарова. — Ҳозирги кунда сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўзининг функционал вазифасидан ортиб, жамоатчиликка асосланган депутатлик фаолиятини олиб бориш осон эмас. Аммо буни имкон қадар уддалаяпмиз.

Шу жойда бир мисол келтирсам. Гап шундаки, бир аёл собиқ турмуш ўртоғининг вафоти олдидан васиятнома ёздириб олган. Уй кадастр ҳужжатларини ҳам тўғрилаган ва ўгай ўғлини шу уйдан чиқиб кетишини талаб қилган. Ўрганишлар давомида кадастр ҳужжатидаги қўпол хатони топдик ва маъмурий судга мурожаат йўлладик. Кадастр ходими 15 ва 18 сотихли, қўрғон девори, дарвозаси ва хўжалиги бошқа бўлган иккита ҳовли учун битта ҳужжат қилиб берган. 15 сотих уйнинг эгаси, яъни аёлнинг ўгай ўғли бундан бехабар бўлган. Суд адолатли қарор чиқариб, нақд ўн йиллик жанжалга барҳам берилди.

Аниқки, жойлардаги ижро ҳокимлигига унинг қарорларига қарши чиққан депутат ёқмайди. Ўз навбатида ижро органининг камчилигини айтиш ёки уларнинг фикрини, ҳисоботини инкор этиш маҳаллий Кенгаш депутати учун ўз-ўзига чоҳ қазиш билан баробар. Маҳаллий Кенгашлар ишини жонлантириш учун эса депутатлар ҳимоясини кучайтириш мақсадга мувофиқдир.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 8.05.2023, №19

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш