Ўзаро тажриба алмашишда ўзига хос платформа

 

Самарқанд шаҳрида “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусида бўлиб ўтган Осиё аёллар форуми 30 дан ортиқ давлатдан келган 80 дан зиёд нуфузли меҳмонларни бир сафда жамлагани билан эътибор молик.

Жаҳон миқёсида сиёсий-иқтисодий беқарорлик ҳолати давом этаётган бир пайтда мамлакатимизда мазкур нуфузли халқаро форумнинг ташкил этилгани ҳам юртимизда хотин-қизлар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласи устувор вазифа эканлигидан далолат беради.

Осиё минтақаси давлатлари етакчи аёлларининг давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш бўйича ўзаро ҳамкорлиги ва тажриба алмашинуви ушбу форумнинг аҳамиятини янада оширди.

Форум иштирокчилари томонидан Ўзбекистон парламенти юқори ва қуйи палаталарида, маҳаллий Кенгаш депутатлари таркибида, ижро органларида аёллар ўрни ортиб бораётгани қайд этилиб, бугун аёл вазирлар, вазир ўринбосарлари, ҳокимлар ва ҳоким ўринбосари, йирик нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари лавозимида самарали меҳнат қилаётгани эътироф этилди. Зеро, парламентдаги аёл вакилалар хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга таъсир этишда муҳим рол ўйнайди. Улар ўз мамлакатидаги аёлларнинг дарду-ташвиши, бугунги кундаги қизиқишлари ва интилишларидан хабардор бўлгани боис, хотин-қизларга оид сиёсатни ишлаб чиқиш, устуворликларни белгилаш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришишга ҳисса қўшадиган кучли қонунчилик базасини яратишда фаол иштирок этади.

Бугунги кунда ҳам глобал миқёсда, ҳам Осиё қитъаси мамлакатларининг миллий стратегиялари доирасида парламент ташаббуслари орқали хотин-қизларнинг иқтисодий ҳаётдаги фаоллигини оширишга қаратилган муҳим ютуқларга эришилаётганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Бундай юқори даражадаги тадбирларни ўтказиш ташаббуси халқаро майдонда ўз ўрнига эга бўлишга интилаётган Янги Ўзбекистон учун муҳим аҳамиятга эга. Зеро, хотин-қизлар имкониятларини кенгайтиришга эътибор қаратиш орқали Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга ушбу масалага жиддий ёндашаётганини намойиш этмоқда.

Бинобарин, сўнгги йилларда юртимизда аёлларга давлат ва жамият тақдирига дахлдор қарорларни ҳаётга татбиқ этиш, хусусан, қонунларни ишлаб чиқиш, қабул қилиш, ислоҳотларни амалга ошириш жараёнларида бевосита қатнашиши учун кенг йўл очилди. Бу аёл-ку, эртага қийналиб қолиши мумкин, деган тушунча тарихда қолди.

Форумнинг параллел сессияларида халқаро ташкилотлар ва Осиё мамлакатлари парламентлари раҳбарлари томонидан билдирилган фикрлар, илгари сурилган таклифлар юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга берилаётган юксак баҳо бўлди.

Умуман олганда, ушбу халқаро тадбир минтақа давлатлари хотин-қизларининг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва бу борадаги тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилиш учун ўзига хос мулоқот майдони бўлди. У нафақат хорижий давлатлар қонун чиқарувчи органлари, балки мамлакатимиз парламенти учун ҳам фойдали бўлиб, бу борадаги ғоя ва ташаббусларни илгари суришда ҳамда ўзаро тажриба алмашишда ўзига хос платформа вазифасини бажарди, десак янглишмаймиз. 

 

Дилбар  МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш