АЁЛ БЎЛИШ ШАРАФ, ЎЗБЕК АЁЛИ БЎЛИШ ЯНАДА ШАРАФ!

 

Тўғриси, ҳеч қачон бунчалик ҳаяжонланмаганман ва ҳеч қачон ўзимни бунчалик бахтли ҳис этмаганман.

Тантанали маросимда Президентимизнин биз, аёлларни, оналарни эъзозлаб айтган сўзлари юрагимни титратди, ғуруримни оширди. Бунинг устига, давлатимизнинг юксак мукофотига муносиб кўрилганим ва бу мукофотни Президентимиз қўлидан олганимдан қувончим чексиз. Ҳаётимдаги бу тарихий воқеанинг шарафи ва масъулиятини ҳам яхши англаб турибман.

Қувонган, ғурурланган биргина мен эмас, албатта. Мамлакатимизда биз, аёлларга кўрсатилаётган меҳр ва эътиборни ҳаммамиз кўриб, билиб турибмиз.

Аёллар ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш, қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган беқиёс ишлар аёлларимизни янги марралар сари руҳлантирмоқда. Фикримиз тасдиғи сифатида, айни пайтда юртимизда илм-фан, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш ҳамда маданият ва санъат соҳаларида меҳнат қилаётганларнинг 72 фоизи хотин-қизлар эканини эслаш кифоя. Бугун турли соҳаларда жами 1 388 нафар аёл раҳбар борлиги ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Ўз навбатида кам таъминланган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож 5 мингта оилага, жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ипотека кредити асосида арзон уй-жой сотиб олиш учун 116 миллиард сўмдан зиёд бошланғич бадал тўлаб берилди.

Эътироф этиш керакки, кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар тўланиши белгилаб қўйилди. Демак, 2020 йил ҳам минглаб опа-сингилларимиз ҳаётида ўчмас из қолдиради. Бинобарин, йил давомида 1 минг 576 нафар хотин-қизга янги уй-жойга эга бўлиши учун бюджет ҳисобидан бошланғич бадал тўлаб берилиши кўзда тутилди.

Давлатимиз раҳбарининг Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқи ҳам бутун маъно-мазмуни билан юртимиз аёлларини эъзозлашга, қадрлашга қаратилди.

Президентимиз жойлардаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга оид тадбиркорлик ташаббусларини, айниқса, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият бериш зарурлигини таъкидлади. Бу эса ижтимоий ёрдамга муҳтож бўлиб қолган, аммо ўз ғояси ва ташаббусига эга аёллар ҳаёти фаровонлиги ошишида яна бир муҳим йўналиш бўлади. 2020 йилда 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига бериладиган 100 миллиард сўм миқдоридаги имтиёзли кредит албатта, яна минглаб қизлар ва аёллар учун янги иш ўринлари яратишга замин бўлади.

Президентимиз Ўзбекистон тарихида биринчи марта миллий парламентда аёллар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етгани, мамлакатимиз парламенти аёл депутатлари сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилганлигини алоҳида ғурур билан таъкидлаб ўтдилар.

Айни пайтда эса, кенг жамоатчиликнинг эътиборидаги яна бир масала бир қатор туманларда аёллар ҳоким сифатида иш бошланаётганидир. Албатта, тарихда бўлмаган бундай эволюцион ўзгаришга муносабат турлича бўлиши табиий. Аммо барча соҳаларда етукликка эришиб келаётган опа-сингилларимиз бу борада ҳам чинакам Тўмарислар авлоди эканини амалда намойиш қилишади. Буюк бобокалонимиз Амир Темур бир-неча йиллик сафарларда бўлган пайтларида салтанат барқарорлигини таъминлашга Бибихонимнинг қўшган ҳиссасини эслатсак, фикримиз янада асосланади.

Бугун биз парламент зиммасида қандаймасъулиятли вазифалар турганини янада яхши англаб турибмиз. Бу ишларда ўз сўзимиз ва мавқеимиз бўлади, албатта.

 

Зулайҳо АКРОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Дўстлик” ордени соҳибаси.

"Ўзбекистон овози"

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш