17 май куни «Кўксарой» қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳимни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Қароргоҳ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди.
Учрашув аввалида Малайзия ҳукумати раҳбари Президентимизга Малайзия Подшоҳи Султон Иброҳимнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказиб, делегациясига кўрсатилаётган илиқ ва самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдирди.
Музокараларда Ўзбекистон билан Малайзия ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбари сўнгги 16 йилда илк бор ўтказилаётган ушбу олий даражадаги ташриф икки томонлама муносабатлар тарихида янги давр очаётганини таъкидлади.
– Малайзия нафақат Жануби-Шарқий Осиё минтақасида, балки жаҳон миқёсида катта салоҳиятга эга бўлган, жадал ўсиб бораётган давлатдир. Мамлакатингиз билан алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш асосий мақсадимиз ҳисобланади, – деди Ўзбекистон Президенти.
Сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш, гуманитар ва таълим дастурларини амалга ошириш, туризм ва маданий алмашинувни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларида амалий ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бинобарин, ўтган йил якуни бўйича икки давлат ўртасида товар айирбошлаш ҳажми икки баравардан зиёдга ўсди, қўшма корхоналар сони ортиб бормоқда, Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасидаги авиарейслар кўпаймоқда.
Ташриф доирасидаги Ўзбекистон–Малайзия бизнес форуми инвестициявий шерикликни кенгайтиришга, инновациялар, саноат, яшил энергетика, нефть-кимё, электр техникаси ва электроника, фармацевтика ва бошқа соҳаларда етакчи компаниялар кооперациясига хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакатимиз Ўзбекистон–Малайзия саноат зонасини ташкил этишга тайёр экани таъкидланди. Қишлоқ хўжалигида, жумладан, сувни тежаш технологияларини жорий этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, "Ҳалол" стандартлари бўйича сертификатлаштириш масалалари бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Ахборот технологиялари, камбағалликни қисқартириш ва транспорт боғлиқлигини кенгайтириш соҳасидаги шериклик масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистонга малайзиялик сайёҳларнинг оқими тез суръатларда ўсиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Зиёрат туризми бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш, “Умра плюс” лойиҳасини илгари суриш ҳамда ёшларимиз ўртасида мулоқотни мустаҳкамлаш чора-тадбирларига ҳам аҳамият берилди. Етакчилар Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатлари ҳамда Афғонистон масаласи юзасидан фикр алмашдилар. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
"Марказий Осиё + АСЕАН" форматида ташқи ишлар вазирлари мулоқотини тузиш таклифини кўриб чиқиш ташаббуси илгари сурилди. Ишончли, очиқ ва дўстона муҳитда ўтган музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Малайзия Бош вазири Кўп қиррали ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзоладилар.
«Ўзбекистон овози», 22.05.2023, №21