Яқинда Президентимиз Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар ва янги таклифлар тақдимоти билан танишиш жараёнида бирламчи бўғин ва тез тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, давлат тиббий суғуртасини жорий этиш, дори-дармонлар харидини тартибга солиш борасида ишлаб чиқилган таклифлар атрофлича таҳлил қилиниб, ушбу йўналишда муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, хусусан, Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича парламент комиссияси томонидан асосий вазифалар, жумладан, соҳада олиб борилаётган ишларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш, жойларда парламент назоратини рўёбга чиқаришга оид устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда бу ҳақда батафсил сўз юритилиб, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Йиғилишда, шунингдек, “БМТнинг “2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадлари”га эришиш (3.1, 3.2 ва 3.7-вазифалар ижроси), хусусан, “Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш борасида Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ишлар ҳолати”ни Самарқанд ва Фарғона вилоятлари мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, БРМнинг 3-мақсади (3.1, 3.2 ва 3.7-вазифалари) оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлашга қаратилган. Хусусан, 2030 йилга бориб оналар ўлими кўрсаткичини учдан бирга камайтириш, чақалоқлар ва 5 ёшгача бўлган болалар ўлими кўрсаткичини 2 баробар қисқартириш, жинсий ва репродуктив саломатликни сақлаш бўйича тўлиқ қамровни таъминлаш, жумладан, оилани режалаштириш, қизларнинг никоҳ ёшини 18гача кўтариш, миллий стратегия ва дастурларда репродуктив саломатлик масалаларини инобатга олиш белгилаб қўйилган.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш бўйича зарур ҳуқуқий асос яратилиб, мавжуд қонунларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Мисол учун, Оила кодексига тегишли ўзгартириш киритилиб, қизлар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланган.
Йиғилишда ўтган даврда мамлакатимизда оналар ва болалар саломатлиги муҳофазасига оид салмоқли ишлар бажарилганига урғу берилди. Масалан, бугунги кунда республикамиздаги 18 млн. нафардан ортиқ аёлларга 22,3 минг ўринга эга 229 та туғруқ муассасалари, 18 ёшгача бўлган 11 миллиондан зиёд болаларга эса 13,3 минг ўринга эга 245 та педиатрия муассасалари хизмат кўрсатиб келмоқда.
Шу билан бирга, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидан туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларда “Аёллар маслаҳатхона”лари, “Болалар бўлимлари”, “Пренатал скрининг хона”лари, “Онко-назорат хона”лари фаолият юритяпти.
Бундан ташқари, 46 та туманлараро перинатал марказлари 8 турдаги тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.
Республика бўйича ҳисобга олинган ҳомиладорларда ўтказилган пренатал скрининг текшируви натижаларидан келиб чиқиб эса, 2021 — 2023 йилларда 70 мингдан зиёд ҳолатда ҳомиласида турли нуқсонлар аниқланган аёлларнинг аксариятида ҳомиладорлик тўхтатилиб, туғма ногирон болалар туғилишининг олди олинди.
Мунозаралар давомида соҳани рақамлаштириш, хусусан, “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона” тизимларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, давлат тиббий суғуртаси механизмларининг тўлиқ йўлга қўйилишини таъминлаш, оналар ва гўдаклар ўлими кўрсаткичини сезиларли даражада камайтиришга қаратилган чораларни кучайтириш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш ҳолатларини бартараф этиш лозимлиги қайд этилди.
Муҳокамалар жараёнида тиббий хизматлар сифатини янада ошириш, қонунларга соҳани рақамлаштириш, давлат тиббий суғуртаси механизмларини кенг жорий қилиш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни таъқиқилашга қаратилган нормалар киритиш, ирсий ёки туғма нуқсонлар аниқланган ҳолатда ногирон бола туғилишининг олдини олишга қаратилган қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Йиғилиш якунида кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.