Камбағал оилалар камайди(ми)?

 

БМТ маълумотларига кўра, 2022 йилда дунёда 1,2 миллиард одам камбағалликда ҳаёт кечирган. Ўзбекистонда-чи? Очиғи, 2020 йилгача бу ҳақида ошкора сўз юритилмади, муҳокама қилинмади. Аслида камбағаллар йўқ эдими? Бор эди, албатта. Аммо ҳеч ким Ўзбекистондаги камбағаллар сони ҳақида аниқ билмасди. Чунки йиллар давомида бу атама ҳам, мамлакатда камбағал қатлам борлиги ҳам тан олинмаган.

Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади, дейдилар. Узоқ вақт ёпиқ бўлган камбағаллик мавзуси секин-аста, айниқса, пандемия даврида сув юзасига қалқиб чиқа бошлади. Дунёнинг «мана-ман» деган давлатларини ҳам боши берк кўчага киритиб қўйган пандемия, карантин чекловлари ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг бирламчи эҳтиёжларини қондириш масаласи жиддий эканини амалда кўрсатди. Камбағаллик ҳолатига тушиб қолишдан кўра, ундан чиқиб кетиш қийинроқ экани янада ойдинлашди.

2020 йилга келибгина Ўзбекистон раҳбари расмий минбардан туриб, мамлакатда камбағаллик даражаси ва унга қарши курашиш ҳақида гапирди. Ўшанда мамлакатимизда камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида экани маълум қилинди. Бу 4-5 миллион нафар аҳоли етарли даромад манбаига эга эмаслигини, ижтимоий ҳимояга муҳтожлигини билдиради. Тўғри, камбағаллик ҳар қайси замонда бўлган ва бугун ҳар бир мамлакатда бор. Буни инкор этиб бўлмайди. Асосий масала камбағалликка қарши қандай курашилиши, давлат ва жамиятнинг саъй-ҳаракатлари бирлашиши, аниқ мақсадга йўналтирилишида. Шуларни инобатга олиб, камбағалликни қисқартириш масаласи кун тартибига чиқди.

 

Ўзбекистон камбағалликка қарши қандай курашмоқда?

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги айнан ижтимоий кўмакка муҳтож қатлам билан ишлаш жараёнларини тартибга солиш учун махсус ташкил этилди. Халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда 2030 йилгача Камбағалликни камайтириш стратегиясини ишлаб чиқишга қарор қилинди.

Жойлардаги давлат ва жамоатчилик вакиллари билан биргаликда ижтимоий дафтарлар ташкил этилиб, эҳтиёжманд, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар қўллаб-қувватланмоқда. Ҳудудларда камбағаллик даражасини қисқартириш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш, аҳолини касбга ўқитиш тизимини такомиллаштириш ҳамда муҳтож қатламни манзилли қўллаб-қувватлаш умуммиллий ҳаракати сифатида белгиланди.

2021 йилда Ўзбекистонда илк бор «камбағаллик» тушунчасининг ҳуқуқий асослари белгиланди. Унга кўра, аҳолининг минимал ижтимоий стандартлари ва камбағаллик чегараси аниқлаб олинди. Оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдамни тайинлаш учун жон бошига тўғри келадиган бир ойлик даромад мезони минимал истеъмол харажатлари миқдорига, яъни камбағаллик чегарасига тенглаштирилди.

Минимал истеъмол харажатлари (30 турдан ортиқ озиқ-овқат ва ноозиқ овқат товарлар ҳамда хизматлар қиймати) камбағаллик мезони сифатида қабул қилиниб, жон бошига бундан кам даромадга эга бўлган оилаларга кам таъминланганлик нафақаси тўланадиган бўлди.

Яна бир муҳим масала. Мамлакатда 2030 йилгача бўлган даврда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси қабул қилинган. Ўзбекистон Президенти ҳузурида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, унинг барча ҳудудларда бўлимлари, шунингдек, республиканинг ҳар бир шаҳар ва туманида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари ташкил этилди.

Минимал истеъмол харажатларига асосланган миллий камбағаллик чегараси тасдиқланди.

 

Маълумот учун:

Ўзбекистонда камбағалликнинг янги ўлчови сифатида минимал истеъмол харажатлари жорий қилинди. Унинг миқдори 2021 йилда 440 минг сўмни ташкил этган, 2022 йил январидан бошлаб эса 498 минг сўм деб белгиланди. Кейинчалик бу миқдор 2023 йил июль ойида 498 минг сўмдан 568 минг сўмгача, 2024 йилнинг январида эса 568 минг сўмдан 621 минг сўмгача оширилди. Жорий йилнинг 1 майидан электр энергияси ва газ тарифларининг қимматлаётгани фонида эса 648 минг сўмга етказилди.

 

Жаҳон банки: Ўзбекистонда камбағаллик сезиларли даражада қисқарган

Яқинда Жаҳон банки «Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш йўли: халқаро таққослаш дастури хулосалари» блогини эълон қилди.

Таҳлилларга кўра, Ўзбекистонда 2015-2022 йилларда камбағаллик даражаси 2 баробарга қисқариб, Европа ва Марказий Осиё давлатлари ичида энг яхши кўрсаткичлардан бирини қайд этган. Хусусан, мамлакатда камбағаллик даражаси 2015 йилдаги 36 фоиздан 2022 йилда 17 фоизгача пасайган. Бу кўрсаткич Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги умумий натижаларга нисбатан яхшироқ. Ушбу даврда умумий миқёсидаги кўрсаткич 13 фоиздан 8 фоизгача камайган.

Миллий камбағаллик чегараси (минимал истеъмол харажатлари) асосида ҳисобланган камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йилда 11 фоизгача пасайгани келтирилган.

Жумладан, 2021-2023 йилларда қишлоқ жойларида 1,2 млн. (камбағаллик даражаси 2021 йил – 19,8 фоиз; 2023 йил – 12 фоиз) ва шаҳарларда 400 минг (13,9 фоиз; 10,1 фоиз) аҳоли камбағалликдан чиқарилган. Бунда қишлоқ ҳудудларда камбағалликнинг қисқариши шаҳарларга нисбатан тезроқ кечган.

«Уй хўжаликлари даромадларининг ўсиши қашшоқликни камайтиришнинг асосий омили бўлди. Иш ҳақининг ўсиши камбағалликни қисқартириш бўйича эришилган ютуқларнинг 60 фоизини ташкил этди. Кейинги энг муҳим омил ижтимоий трансфертлардир, чунки ҳукумат аҳолининг айрим гуруҳларини қўллаб-қувватлаш бўйича асосий дастурларни модернизация қилди ва кенгайтирди. Шу билан бирга, пенсия таъминотининг яхшиланиши ҳам ижобий таъсир кўрсатди», дейилади ЖБ блогида.

 

Тадқиқот: Ўзбекистонда болалар камбағаллиги даражаси ҳақида...

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази UNICEF билан биргаликда Ўзбекистондаги болаларнинг монетар камбағаллиги даражасини баҳолади. Тадқиқотда ижтимоий ҳимоя тизимининг камбағаллик даражасига таъсири таҳлил қилинди.

Ўзбекистонда уч йил ичида болалар камбағаллиги 7,8 фоиз пунктга камайди. Қишлоқ жойларда болаларнинг камбағаллик даражаси 24,6 фоиздан 14,5 фоизгача, шаҳарларда эса 18 фоиздан 13 фоизгача пасайган.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, болалар камбағаллиги даражаси энг паст бўлган ҳудудлар Навоий вилояти ва Тошкент шаҳри бўлса, бу борада юқори кўрсаткич Сирдарё ва Жиззах вилоятларига тўғри келган.

Ҳисоб-китобларга кўра, ижтимоий нафақалар бўлмаса, мамлакатда болалар камбағаллиги даражаси 1,6 баравар ошади.

 

Депутатлар нима дейди?

Одамларга ёппасига кредит бериш ёки пул тарқатиш билан камбағалликни енгиб бўлмаслигини исботлашга ҳожат йўқ, албатта. Аксарият камбағал оилаларда меҳнатга лаёқатли инсонларимиз бор. Улар ишга жойлашса, бу ўз-ўзидан оилалар даромади ошишига хизмат қилади. Шу тариқа оила камбағалликдан чиқади.

Биз ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатга назар ташлаймиз. Аҳоли даромадларини ошириш бўйича Халқ демократик партиясининг ташаббуслари ҳақида нима дейиш мумкин?

Ушбу саволлар билан ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари ва депутатларга юзландик.

 

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан малакали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш кўзда тутилмоқда. Бу жуда катта ва тарихий аҳамиятга эга марра. Мазкур натижага эришилиши мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарали амалга оширилишини ҳам англатади. Яъни, камбағаллик икки баробар қисқариши жуда кўплаб соҳаларда ҳақиқий ўсиш бўлганининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Аслида камбағалликка барҳам бериш жуда катта қамровга эга бўлган масала ҳисобланади. Бунда кимгадир ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бу иқтисодий инфратузилма билан бирга инвестиция йўналтириш, бандлик билан боғлиқ барча муаммоларни ечиш, таълимни ривожлантириш каби комплекс чораларни талаб этади.

Хўш, тизимдаги ишларга назар ташласак, ҳақиқий манзара нималарни кўрсатади?

2022 йилдан бошлаб мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш мақсадида аҳолини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолияти йўлга қўйилди. 2022 йилнинг бошида 9 минг ҳоким ёрдамчилари тайинланиб, уларга ўзларига бириктирилган маҳаллада уйма-уй юриш орқали камбағал ва даромади паст бўлган аҳоли бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорликка ўргатиш ва касб-ҳунарга ўқитиш, субсидия ва кредитлар олиши каби йўналишларда ёрдам кўрсатиш вазифалари қўйилди. Улар томонидан эҳтиёжманд аҳоли даромадини ошириш мақсадида хонадонбай ўрганиш асосида 36 та турдаги хизматлар, шундан 21 турдаги субсидиялар ҳамда Оилавий тадбиркорлик дастури доирасида имтиёзли кредитлардан фойдаланилмоқда.

Маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари кўмагида 2023 йилда жами 4,1 млн аҳоли, шундан 2,3 млн нафари доимий ва мавсумий иш ўринларида, 112,8 минг нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларида, 1,6 млн. аҳоли ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига бандлигини таъминлашга эришилди.

Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектларини ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида жалб қилиш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш натижасида «20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис» дастури ишлаб чиқилиб, бунинг доирасида 6 745 та тадбиркорлик субъекти билан 455,0 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Биз жойларда сайловчилар билан учрашувларга борганимизда мунтазам равишда бу масалани ўрганиб борамиз. Ҳоким ёрдамчилари билан уйма-уй юриб, жойлардаги ҳақиқий вазият қандайлигини ўрганамиз, мурожаатларни кўриб чиқамиз.

 

Олим РАВШАНОВ,

ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

– Камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимизнинг доимий диққат-эътиборида турибди. «Маҳаллабай» ва «Фуқаробай» ўрганишлар асосида бу борада доимий тарзда назорат-таҳлил ишлари олиб борилмоқда.

Яқинда депутатлар билан бирга ҳудудларда бўлганимизда ижтимоий дафтарларга киритилган аҳолининг муаммолари ўрганилди. Тўғри, аҳолини иш билан таъминлаш бўйича чоралар кўриляпти. Одамларга ер, тикув машинаси бериляпти. Бу яхши, албатта. Лекин кейин-чи? Бу билан ўзини ўнглаб кетолмаётган фуқаролар бор. Шундай одамларимиз бор, касб-ҳунар ўрганади, ишга келганда ҳар хил баҳоналар қилади, «даромад кам», «ота-онам рухсат бермади», каби баҳоналарни рўкач қилишади. Касб-ҳунарни пухта ўзлаштирса, ишда муаммо бўлмайди-ку. Бу шунча саъй-ҳаракат ҳавога совурилди, дегани эмасми?

Сайловчилар билан суҳбатлашганимизда бунга кўп гувоҳ бўламиз. Томорқасидаги ердан оқилона фойдаланмай келаётганлар ҳам кўп. Шунинг учун тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтиришга эътибор беряпмиз.

Шунингдек, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури шартлари асосида тижорат банклари томонидан деҳқон ва фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи бошқа корхоналарга ер майдонида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, сабзавотчиликни ривожлантириш, полиз, дуккакли, мойли экинлар ва картошка етиштириш учун кредитлар ажратиш ҳолатларини ҳам таҳлил қилиб боряпмиз.

Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз бу масалада назорат-таҳлил ишларини кучайтириб, айнан камбағалликни қисқартириш, аҳоли даромадларини ошириш, бандлигини таъминлаш йўналишларини, керак бўлса, ҳар чоракда сессияда кўриб чиқишни режалаштирмоқда.

Чунки мазкур масалалар Халқ демократик партияси ғоялари билан чамбарчас боғлиқ. Айнан бизнинг электорат манфаатларига дахлдор масалалар тақдири ҳудудларда ҳал бўлади. Жойларда масъулларнинг депутатлар корпуси олдидаги ҳисобдорлиги, маҳаллий вакиллик органлари томонидан жамоатчилик назоратининг кучайтирилиши қонунлар, қарорлар, давлат дастурлари ижроси таъминланишида муҳим аҳамиятга эгадир. Вилоятимизда 127 нафар депутат бор. Бу катта куч ва имконият, дегани. Демак, шунга яраша фаол ҳаракат қилишимиз, бор куч ва имкониятимизни сафарбар этишимиз керак.

 

***

Ҳақиқатан ҳам, дастурларга назар ташласак, вазифалар кўлами кенглигига, қилинажак ишлар кўплигига ва ўз навбатида уларнинг самараси ҳам зўр бўлишига қаттиқ ишонади одам. Лекин ишонч билан иш битмайди. Ҳамма гап эзгу мақсадга жиддий кўз билан қараш, ишга масъулият билан, виждонан ёндашишда. Чунки камбағалликни қисқартириш соҳасидаги турли кўзбўямачилик ёхуд ёлғон ҳисоботлар амалда кўмакка муҳтож фуқароларни янада қийин вазиятга тушириб қўйиши мумкин.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 22.05.2023, №21

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш