Тарихий маданий мерос муҳофаза қилинади, фаровонлик юксалади

 

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 31 май — 1 июнь кунлари Бухоро вилоятига ташрифи одамлар кайфиятини янада кўтарди, уларни фаолликка чорлади. Айниқса, аҳоли вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувлар, самимий мулоқотлар, янги лойиҳалар тақдимотларида билдирилган фикрлар, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб берилган вазифалар Бухоро фарзанди сифатида мени ҳам ғоятда хурсанд қилди. Бу галги ташриф аввалгиларидан фарқли жиҳатлари билан одамлар ёдида муҳрланди.

Ўтган қисқа вақт ичида Бухорода улкан янгиланиш ва ўзгаришлар рўй берди. Ҳозир вилоятдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишларидан кўзингиз қувнайди. Бугунги Бухоро кечаги Бухоро эмас! Вилоятда бўлаётган ўзгаришлар, энг муҳими, одамлар онги ва дунёқарашидаги ўзгаришлар ушбу вилоятнинг ҳақли равишда янги тарихи бошланганидан дарак беради.

Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида бугун ҳудудга янги ҳаёт, янги кайфият кириб келди. Вилоятнинг қиёфаси, салоҳияти, мазмуни бутунлай ўзгарди. Ҳаётга татбиқ этилаётган изчил ислоҳотлар нафақат бухороликларни, узоқ-узоқдан келган меҳмонларни ҳам қувонтирмоқда.

Янги-янги корхоналарнинг ишга туширилиши туфайли одамлар ишли бўляпти, рўзғорига барака киряпти. Энг муҳими, мамлакатимиз раҳбарининг халқни тинглаш, унга дилдан яқин бўлишдек чинакам инсонпарвар сиёсатидан одамлар мамнун, кайфияти юқори, эртанги кунга ишончи баланд. Ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўзгаришларни ўз ҳаётида сезмоқда, ҳис этмоқда.

Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, сўнгги йилларда вилоят иқтисодиёти 1,5 баробар ўсиб, 53 триллион сўмдан ошганини, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишда 115 триллион сўм инвестиция жалб қилиниб, 4,6 мингта корхона ишга тушгани ва 90 мингта иш ўрни яратилганини кўриш мумкин.

Иқтисодиётнинг жадал суръатда ривожланаётгани натижасида экспорт 215 миллион долларга етди. Қоракўл, Жондор, Шофиркон ва Когон туманларининг ҳар бирида эса саноат ҳажми йилига 1 триллион сўмдан ошди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Айтиш жоизки, сўнгги йилларда вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига ҳам катта эътибор қаратилаётир. Масалан, ёшлар ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бизнесини бошлаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, орзу истакларини рўёбга чиқишига кўмаклашиш бўйича муайян ишлар қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг вилоятларга ташрифлари давомида ёшлар масаласи доим эътибор марказида бўлади. Бу сафар ҳам худди шундай бўлди. Хусусан, Ғиждувон туманида Бухоро вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда ёшларни билимли ва касбли қилиш бўйича ҳали кўп ишлаш кераклигига урғу берилди. “Оёғимиз остида” имкониятлардан фойдаланиб, 544 та маҳалладаги 2 миллиондан зиёд аҳолининг шароитини янада яхшилаш зарурлиги қайд этилди.

Мазкур йиғилишда ғиждувонлик тадбиркорлар 10-11-синф ва коллеж ўқувчиларига дарсдан сўнг касб ўргатиб, 2 миллион сўмгача ойлик тўлаш, бепул тушлик ва текин автобус билан таъминлаш таклифини билдирган. Президентимиз бу таклифни маъқуллаб, хайрли тажрибага айлантириш кераклигини таъкидлади. Бу эса юртимизда ҳеч бир ёш давлатимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмаётгани, уларнинг ҳаётда ўз йўлини топиши учун барча қулайликлар, имкониятлар яратиб берилаётганидан далолат беради.

Ишсиз, кам даромадли ва чет элда қийналган одамларга муносиб шароит яратиб, ишли қилиш ҳокимлар ва сектор раҳбарлари учун стратегик вазифа экани қайд этилар экан, бу борада Бухорода бу йил кичик бизнесга 5,9 триллион сўмга қўшимча яна 2,1 триллион сўм кредит берилиши, кичик бизнес, туризм ва сервис учун яна 100 миллион доллар алоҳида ажратилиши айтиб ўтилди. Шубҳасиз, ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида июнь-декабрь ойларида 78 минг аҳоли бандлигини таъминлаш мумкин. Тасаввур қиляпсизми, бу орқали минг-минглаб одамлар ишли бўлади, рўзғорига барака киради, асосийси, ёшлар хорижга иш қидириб юрмасдан шу ернинг меҳнат қилади.

Сир эмаски, одамларни ишли қиладиган катта имконият саноат зоналарида. Шу боис, Когон туманида минг гектарда йирик саноат мажмуаси барпо этилмоқда. Биринчи босқичда 300 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилади. Бу вилоят иқтисодиётига йилига 250 миллион доллар қўшилган қиймат, 2 мингта иш ўрни, 250 миллиард сўм солиқ тушуми ва 100 миллион доллар экспорт беради.

Уч минг йиллик тарихга эга Бухоро ўзининг тарихий ҳашамати ва гўзаллиги билан “Осмон остидаги музей” таърифини олган. Олиму уламолар, фозилу фузалолар юрти ҳисобланган мазкур шариф шаҳар довруғи бутун дунёга машҳур. Қадимдан Буюк ипак йўлида жойлашган ва қизғин савдо марказига айланган мазкур воҳа бугун ҳам ўзининг юксак потенциалига эга.

Сўнгги йилларда вилоятда бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар туфайли бу ерга келаётган сайёҳлар оқими йил сайин ортмоқда. Энди Бухорода йилига 5 миллион хорижий турист келиши учун шароит яратиляпти. Бунинг учун шаҳар марказида Боқий Бухоро маданий этнографик парки ва янги аэропорт қурилиши бошланди. Бу, ўз навбатида, вилоятнинг нафақат бой тарихий маданий меросини муҳофаза қилиш, унинг замонавий қиёфасини яхшилаш, пировардида аҳоли реал даромадини ошириш ва фаровонлиги таъминлашга замин яратади.

Умуман олганда, мазкур ташриф доирасида белгилаб берилган муҳим вазифаларнинг ҳаётга тўла татбиқ этилиши одамларни рози қилиш, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириб, ҳудуднинг беқиёс имкониятларини юзага чиқариш билан бирга, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.

 

Шерзод  РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш