Барча эзгу ишлар – инсон учун!

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган ҳафтада Бухорога амалга оширган ташрифи чоғида ҳудуд иқтисодиётини изчил ривожлантириб, янги иш жойларини очиш, ёшларни билимли ва касбли қилиш масалаларига тўхталар экан, “оёғимиз остида”ги имкониятлардан фойдаланиш, ҳар бир тизим ҳар куни меҳнат қилиши, изланиши кераклигини алоҳида таъкидлади. Ишсиз, кам даромадли ва чет элда қийналган одамларга муносиб шароит яратиб, муҳим даромад манбаига эга бўлиши учун ҳар тарафлама кўмаклашиш маҳаллий ҳокимликлар ва сектор раҳбарлари олдида турган устувор вазифа эканига урғу берилди.

Иқтисодий ислоҳотларнинг мана шу йўсинда ижтимоий самарадорлигини ошириш Халқ демократик партиясининг сиёсий позицияси негизи, десак янглишмаймиз. Шу маънода давлат раҳбарининг айни ташрифида кўтарилган долзарб масалалар доирасида партиянинг Бухородаги фаоллари фикрлари ва муносабатлари билан қизиққанимиз бежиз эмас.

 

Зулфия ТУЙЕВА,

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси:

– 31 май-1 июнь кунлари давлатимиз раҳбари вилоятимизда бўлиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирди, йирик объектлар қурилишига старт берди, халқ билан мулоқот қилди. Ғиждувонда ўтган йиғилишда эса вилоятимизни камбағаллик, ишсизлик, ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш ҳамда бошқа бир қатор муҳим соҳаларда "Бухоро тажрибаси"ни яратиш заруратига эътибор қаратилди.

Эътироф этилганидек, сўнгги йилларда вилоят иқтисодиёти 1,5 баробар ўсиб, 53 триллион сўмдан ошган, аҳоли жон бошига 26 миллион сўмга етган. Саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатишда 4 минг 600 та корхона ташкил этилиб, 90 мингта иш ўрни яратилган. Айниқса, Қоракўл, Жондор, Шофиркон ва Когон туманларининг ҳар бирида саноат ҳажми йилига 1 триллион сўмдан ошгани қувонарлидир.

Тўғри, вилоятимизнинг кўп жойида деҳқончиликни ривожлантириш учун тупроқ унумдорлиги талабга жавоб бермайди. Экин экиш учун ернинг шўрини ювиш керак. Мана шундай шароитда биринчи галда одамлар учун иш жойлари очиш ва уларга даромад манбаларини яратишда энг мақбул йўл саноатни тараққий эттиришдир. Шу нуқтаи назардан Президентимиз Бухорода саноатга кўпроқ эътибор берилаётгани сабабини айтиб ўтар экан, бу йўналишда яна фойдаланишга топшириладиган янги лойиҳалар атрофида бир нечта корхоналар ва иш ўринлари пайдо бўлишини, пировард натижада одамларнинг уйига ёруғлик, ишонч ва умид киришини қайд этди.

Маълум бўлишича, охирги етти йилда вилоятга қарийб 4 миллиард долларлик инвестициялар жалб қилинган. Уларнинг натижасида 90 мингта иш ўрни ва 1 миллиард 800 миллион долларлик экспорт имконияти яратилган. Бу йўналишдаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йилда ҳам 1 миллиард 300 миллион долларлик 607 та лойиҳа ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Навбатдаги қадам – шаҳар ва туманларимизда хорижий инвестор ҳамда маҳаллий тадбиркорлар томонидан яна умумий қиймати 14 миллиард долларлик 80 та лойиҳа ишга туширилса, 22 минг 200 тадан ортиқ иш жойлари вужудга келади.

Бухорода кичик бизнес, туризм ва сервис ривожи учун яна 100 миллион доллар ажратилиб, бунинг эвазига йилнинг иккинчи ярмида 78 минг аҳоли бандлиги таъминланади.

Ҳудудда ишсизлик ва камбағаллик кўрсаткичларини тушириш учун бундай аниқ мақсад ҳамда манзилли лойиҳаларнинг аҳамияти беқиёс.

Шу билан бирга Хитой, Россия, Туркия, Германия, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Малайзия, Жанубий Корея каби илғор мамлакатлар компаниялари инвестициялари асосида қурилиш материаллари, электр техникаси, кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, тиббиёт, кончилик, балиқчилик ва бошқа тармоқларнинг вилоятимизда юксалиш босқичига чиқиши яна бир диққатга молик жиҳатдир.

Давлатимиз раҳбари Қоракўл туманида маҳалла еттилиги вакиллари, нуроний отахон ва онахонлар, ёшлар вакиллари билан учрашди, улар билан дилдан суҳбатлашди. Вилоятда халқаро стандартларга мос, аҳолининг барча эҳтиёжларини қондиришга хизмат қиладиган инфратузилмани яратиш, ҳар бир маҳаллада одамларнинг самарали меҳнат қилиши, дам олиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, қишлоқларда ҳам катта шаҳардаги маҳаллалардан қолишмайдиган, кўзни қувонтирадиган маҳалла марказларини ташкил этиш ниятлари борлигини айтди.

Президентимиз Бухорога ташрифининг иккинчи кунида Ғиждувон туманидаги ипакчилик корхонаси фаолияти билан танишиб, унда фаолият юритаётган аёллар билан суҳбатлашаркан, мутасаддиларга опа-сингилларимизнинг яшаш ва меҳнат фаолиятларини янада яхшилаш бўйича топшириқлар берди.

Вилоятда келгусида қилинадиган ишлар, жумладан, Бухоро туманида қиймати 226 млн. долларлик янги ва замонавий аэропорт қурилиши бошлангани, аҳолининг ижтимоий аҳволини яхшилаш ва узлуксиз электр энергияни барқарорлаштириш мақсадида Бухоро шаҳри ва Қоровулбозор туманларида 50 миллион долларлик 3 та йирик қувватга эга электр техникаси тармоғи ишга туширилиши, Когон туманида нақд минг гектар майдонда йирик саноат мажмуаси барпо этилиши белгилаб олинди. Бинобарин, одамларни ишли қиладиган катта имконият саноат зоналарида эканини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.

Англаганимиздек, вилоятимиз янги ва жиддий ўзгаришлар остонасида. Бу ўзгаришлар, сўзсиз, одамларимиз ҳаётига енгилликлар олиб кириб, эзгу орзу-мақсадларга қанот бағишлайди. Иқтисодий соҳанинг барқарор тараққиёт йўлига тушиши, табиийки, ижтимоий, маънавий жабҳадаги долзарб муаммоларга-да тугал ечим беради. Қадимдан илм-маърифат, маънавият бешиги бўлган Бухорои шарифнинг шарафи янада юксалади.

Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг амалий ижросини таъминлашда биз, депутатлар ҳам ўз ваколатларимиз доирасида фаол иштирок этишни мақсад қилганмиз.

 

Робия КАЗИМОВА,

ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси:

– Давлатимиз раҳбарининг Бухорога ташрифи ўзгача бир кайфият бағишлади ҳаммага. Кўнглимиздаги мақсадлар янада улканлашди гўё.

Президент ташаббуси билан илк маротаба жорий йилдан бошлаб Бухоро вилоятида 548 та умумтаълим мактабининг юқори синф ўқувчиларига дарсдан сўнг корхона ва ташкилотларда касб-ҳунарни ўргатиш ҳамда ойлик иш ҳақи эвазига ишлаш амалиёти жорий этиладиган бўлди. “Бухоро тажрибаси” шиори остида бу мамлакатимиз миқёсида кенг қулоч ёзиши биз учун шараф, албатта.

Яширишнинг ҳожати йўқ, бугунги кунда мактабларни битириб, мустақил ҳаётга қадам қўйган ўғил-қизларимизнинг аксарияти келгуси мақсадини кўп ҳолларда олий ўқув юртига кириш, талаба бўлиш билан боғлайди. Бунинг учун мактабдан ташқари репетиторларга, тил курсларига қатнайди, билим ва кўникмаларини ошириш пайида бўлади. Бу яхши. Бироқ қўлида ҳеч бир ҳунари бўлмагач, умумтаълимдан сўнг ишсиз қолаётган, мигрантга айланаётган ёшларимиз ҳам оз эмас. Шунга кўра, мамлакатимиз бўйлаб умумтаълим муассасаларида ўқувчиларнинг камида иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш тизими жорий қилингани ёшлар ўртасида ишсизликни бартараф этишда муҳим омил бўляпти. Эндиликда Бухородан бошланадиган, ўқувчиларнинг дарсдан сўнг ва ойлик иш ҳақи эвазига ҳудудда мавжуд корхона-ташкилотларда касб-ҳунар ўрганишини йўлга қўйиш тажрибаси кўзланган мақсадга етишишни янада жадаллаштиради.

Биламизки, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий-маданий аҳамиятга эга кенг қамровли соҳа – туризм даромадлилиги бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Яна бир муҳим томони, у кам харажат билан кўп иш ўринлари яратиш имконини беради.

Президентимиз улкан туризм салоҳиятига эга Бухорода ушбу соҳани янада ривожлантириш орқали халқнинг турмуш тарзини яхшилаш, туристларни жалб қилиш учун жиноятчиликнинг олдини олиш, маданий-маънавий муҳитни шакллантириш масаласи бир-бири билан узвий боғлиқ эканини таъкидлаб, барчани ватанпарвар бўлишга даъват этди.

Бухоро аэропорти туристлар оқимини 2 баробар ошириш режаси учун кичиклик қилаётгани, Бухоро туманида ҳозиргидан 3 баробар кўп қувватга эга 226 миллион долларлик янги замонавий халқаро аэропорт қурилишига старт берилгани, бу ерда ҳафтасига 100 та рейс йўлга қўйилиши ҳам айтиб ўтилди.

Шундай қилиб, Бухорода йилига 5 миллион хорижий турист келиши учун зарур имкониятлар яратилади. Шаҳар марказида Боқий Бухоро маданий этнографик парки ва янги аэропорт қурилиши бошлангани, вилоятдаги 30 та тарихий ёдгорликни таъмирлаш ва келгуси авлод учун сақлаб қолиш, сўлим сайилгоҳ ҳамда дам олиш масканларини кўпайтириш саъй-ҳаракатлари ҳам ҳудуднинг туризм жозибадорлигини, рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Улуғ аждодларимиз бой меросини чуқур ўрганиш, обидалар атрофида туризм контентини кўпайтириш бўйича ҳукуматимиз томонидан дастур ишлаб чиқилса ва амалиётга йўналтирилса, “Очиқ осмон остидаги музей” аталмиш кўҳна ва навқирон Бухоромизга катта қизиқиш ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар учун замонавий қулайликлар қамрови кескин ортади.

Президентимиз улуғ алломамиз Баҳоуддин Нақшбандий таълимотига таяниб, “Кўнгил маънавиятда, қўл ишда бўлиши керак”, деган фикр билан барча ўз қарашларини ўзгартириши, ҳар бир ишга янги ғоялар билан киришиши, ҳозирги таҳликали даврда маърифат билан ечим изланиб, яхши натижаларга эришиш кераклигини таъкидлади. Ўйлаб кўрсак, бу сўзлар замирида чуқур маъно бор.

Дарҳақиқат, давлат ва жамият тараққиёти ҳар биримиздан ўзгаришларга бефарқ қарамай, фаол, соғлом фикр эгалари бўлишимизни тақозо этмоқда. Мана шулар инсонни ҳақиқий ҳаётга боғлайди. Маънавий уйғоқлик ҳам шу аслида. Демак, муқаддас заминимизда туғилган ҳар бир киши, ҳар бир раҳбар ва халқ вакили ўз она юртини севиши, инсон қадри, элу юрт манфаати йўлида илгари сурилаётган ташаббус ва ғояларни қўллаб-қувватлаган ҳолда жамоатчилик вакиллари ва соҳа раҳбарлари билан якдилликда, белгиланган вазифаларни виждонан амалга оширишда камарбаста бўлиши бугуннинг талабидир.

 

Фарида МАҲКАМОВА ёзиб олди.

«Ўзбекистон овози», 5.06.2023, №23

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш