Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоидаларини амалга оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилишди.
Мазкур лойиҳа ЎзХДП фракциясининг қонунчилик ташаббуси бўлиб, «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунга, Меҳнат кодексига қўшимча ва ўзгартириш киритиш кўзда тутилган.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди. Хусусан, Конституциянинг 37-моддасида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат хизматига киришда тенг ҳуқуққа эга эканлиги белгиланган. 28-моддада эса «Шахснинг судланганлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклашга асос бўлиши мумкин эмас» деган қоида бор.
Бироқ бугунги кунда фуқароларни уларнинг яқин қариндошларида судланганлик, шу жумладан тугалланган судланганлик ҳолати мавжудлиги сабабли ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш ҳоллари ҳамон мавжуд.
Мазкур қонуннинг мақсади Янгиланган Конституция нормаларининг амалиётда ишлашига эришиш, фуқароларни ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этишни тақиқлаш, шунингдек фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва уларнинг меҳнат муносабатларида қўшимча кафолатлар яратишдан иборатдир.
Фикр-мулоҳазалар билдирилгач, ҳужжат фракция аъзолари томонидан тўла маъқулланди.
Йиғилишда сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонуни лойиҳаси савол-жавоб ва баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда шаҳарсозлик соҳасини такомиллаштириш ва шаҳарсозлик фаолияти объектларининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга сейсмик хавфсизликни таъминлаш ҳамда бинолар ва иншоотларнинг зилзилага бардошлилигини ошириш масаласи ҳам долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди. Шунингдек, бинолар ва иншоотларни қуришни ҳамда таъмирлашни амалга оширувчи ташкилотларнинг масъулиятини ошириш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талабларга қатъий риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш зарурати мавжуд.
Мазкур қонун билан бир неча қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар кўзда тутилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига шаҳарсозлик соҳасидаги ваколатли давлат органларининг рухсатисиз объектларни қурганлик, бинолар ва иншоотларни аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларини, уларни режалаштириш ва қуриш лойиҳаларини бузган ҳолда лойиҳалаштирганлик, реконструкция қилганлик ва қурганлик учун жавобгарлик юзага келишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш белгиланмоқда.
Депутатлар ҳозирги кунда қурилишлар билан боғлиқ муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан саволлар билан мурожаат қилишди.
Қурилишлар сифатини ошириш, бинолар ва иншоотлар қонунга хилоф равишда қурилишининг олдини олиш ҳамда шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этилишини таъминлашга қаратилган ҳужжатни янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар берилгач, қонун лойиҳаси 2-ўқишда маъқулланди.