Сўнгги йилларда мамлакатимизда миллий ўзлигимизни тиклаш, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида ғоят муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик руҳи билан йўғрилган эзгу анъаналарини муносиб давом эттиришга катта эътибор қаратилмоқда. Ватанимизнинг қадимий тарихини чуқур ўрганиш, буюк аллома ва азиз авлиёларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, ноёб илмий меросини тадқиқ этиш ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари билан уйғун ҳолда олиб борилмоқда.
Зеро, халқимизнинг муқаддас эътиқоди – ислом дини тинчлик, маърифат ва меҳр-мурувват дини сифатида барча инсонларни эзгуликка, яхшиликка даъват қилиб келмоқда. Айниқса, унинг қадриятлари ва фазилатлари Муборак Қурбон ҳайити кунларида ўзгача файз билан қалбларимизни мунаввар этади.
Шу кунларида касалманд, муҳтож кишилар, кексалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг кўнглини кўтариш, ёру биродарлар, қавму-қариндошларни зиёрат қилиш, ҳайитликлар улашиш улуғ савобли амаллардан ҳисобланади. Қолаверса, ҳайитда сабру-қаноат, шукроналик, руҳий покланиш, меҳр ва кўмакка муҳтожларга янада эътиборли бўлиш, савобли амаллар қилиш, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, қўшнилар билан аҳиллашишдек олийжаноб фазилатларни ҳар қачонгидан ҳам яққол намоён этиш зарур.
Гап шу ҳақда борар экан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда олиб борилаётган бағрикенглик, минтақа халқлари билан яқин биродарлик сиёсати ҳам Аллоҳга хуш ёқувчи амаллардан эканини таъкидлашдан масрурмиз. Яратган ҳар бир эзгу амалга хайрли ажр ато этади. Зеро, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар халқимизнинг ҳамжиҳатликда, биродарлик руҳида Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши билан бирга ҳаётимизга янги мазмун бахш этмоқда.
Ушбу ҳайитнинг яна бир яхши томони шундаки, бунда қурбонлик қилинади. Диний манбалардан маълум бўлишича, Аллоҳнинг пайғамбарларидан Иброҳим алайҳиссалом суюкли фарзандлари Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилаётганларини тушларида кўради. Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Аббоснинг айтишича, барча пайғамбарларнинг кўрган тушлари ваҳийдир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом тушларидаги белгига кўра, истамаса-да Аллоҳнинг амрига бўйсунди... Бу ҳақида Қуръони каримдаги “Соффот” сурасининг 101 – 110 оятларида батафсил баён этилган. Муҳими, Иброҳим ва Исмоил пайғамбарлар Аллоҳнинг амрига итоат этиб, кўп ажру савобга ҳамда беқиёс мукофотга сазовор бўлишди. Улар бу синовдан кейин меҳр-оқибат ва иймон-ишончда янада собитқадам бўлдилар. Аллоҳ таоло Исмоил алайҳиссалом эвазига катта бир қурбонликни бахшида этди. Шундан кейин Қурбон ҳайити кунларида яхши ниятлар билан қўй, эчки, туя ёки мол сўйиб бажариладиган қурбонлик хайрли амаллардан бирига айланди. Иброҳим ва Исмоил алайҳиссалом қиссаларида ота ва бола, умуман, инсонлар ўртасидаги нозик ришта ҳисобланмиш меҳр-оқибат тўғрисида сўз юритилган. Инсон дея аталмиш хилқатни азиз-мукаррам қилиб яратган Парвардигори олам унинг қалбига, аввало, меҳрни солган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларида “Раҳмдилларга Раҳмон раҳм қилади. Сиз Ердагиларга меҳрибон бўлсангиз, сизга Осмондаги меҳрибон бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Расули акрам Раҳмон ва Раҳим каби Аллоҳнинг улуғ сифатлари нафақат инсониятга, балки бутун мавжудотга қаратилганини таъкидлаганлар.
Қурбон ҳайитида нафақат меҳр-мурувват, балки хайр-саховат ҳам кўрсатилади. Ўзига тўқ, закот беришга қодир бўлган кишилар қурбонлик сўйиш билан Аллоҳ олдидаги ибодатларини бажарадилар. Муҳтожларга тарқатилган қурбонлик гўштлари инсоннинг моли ва умрига барака беради. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом “Инсон учун Қурбон ҳайити куни Аллоҳ йўлида қон чиқариш (қурбонлик қилиш)дан ҳам севимли ва мақбулроқ амал йўқдир. Қурбонликнинг қони ерга тушмасдан олдин (бу ибодат) Аллоҳ даргоҳида қабул бўлади. Бас, шундай экан қурбонлик қилиш билан дилларингизни хушнуд этинг”, деб марҳамат қилганлар.
Бундай муборак кунларда етимлар, ногиронлар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш, уларга хайр-саховат кўрсатиш катта савобли амаллардан саналади. Бу борада Навоий ҳазратларининг шундай мисралари бор:
Ҳар киши кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким Каъба вайрон бўлса обод айлагай.
Қурбон ҳайити — хайр эҳсон, саховат, меҳр мурувват байрами. Унда қилинадиган қурбонликлар эса жамиятда кишилар ўртасида тенглик, тотувлик каби инсоний фазилатлар ривож топишига хизмат қилувчи воситадир. Чунки қурбонлик гўштидан ва ундан тайёрланган таомлардан бир-бирларимизга эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, одамлар орасида меҳр-муҳаббат ришталари янада мустаҳкамроқ боғланишига хизмат қилади.
Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, нафл ибодат, қурбонлик қилиш, яқинларига ҳадялар улашиш айни савобли ишлардан бўлади. Зеро, улуғ алломаларимиз «Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир», деганлар. Исломнинг шиори бўлган Қурбон ҳайитида хурсандчилигимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз зарур.
Шерзод Раҳмонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.