Электрон далилларни аниқлаш ва тўплаш тартиблари белгиланмоқда

 

2024 йил 1 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига электрон (рақамли) далиллар билан ишлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, жаҳон миқёсида ахборот-коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланиб бораётган айни замонда электрон (рақамли) ашёлар далилларнинг янги тури сифатида намоён бўлмоқда.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда миллий процессуал қонунчилик ҳужжатларида электрон (рақамли) далиллар тушунчаси, улардан фойдаланишнинг ўзига хос жиҳатлари ва шу билан боғлиқ масалалар тартибга солинмаган. Ҳатто электрон далилларга қандай маълумотлар киритилиши қонунчиликда белгиланмаган. Бу эса ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиб кибермаконда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар сони ортишига сабаб бўлмоқда.

Қонун лойиҳаси билан бир қатор кодекс ва қонунларимизга электрон (рақамли) далилларни аниқлаш, тўплаш, тақдим қилиш, текшириш, баҳо бериш, қайд этиш, сақлаш тартиблари ва бу жараёнда процесс иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш билан боғлиқ тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Фракция аъзолари муҳокамалар давомида қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлашини маълум қилар экан, киритилаётган янги нормалар рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатишини қайд этишди. Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан процессуал қонунчиликдаги бўшлиқлар бартараф этилади, янги институтларни жорий этиш ҳамда суд иши юритувини такомиллаштиришга эришилади. Қонун лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалар алмашиниб, депутатлар томонидан маъқулланди.

Йиғилишда кун тартибига киритилган масалалар батафсил кўриб чиқилди.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш