Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби Марказий Осиё мамлакатларига ташрифини Ўзбекистондан бошлади.
БМТ дунё халқлари бир жойга тўпланиб, умумий муаммоларни муҳокама қиладиган ва бутун инсоният учун фойдали бўлган умумий ечимларни топиш мумкин бўлган ягона умумминбар ҳисобланади. Ташкилотнинг бугунги кунда 193 та аъзоси бор.
Мамлакатимизга ташриф буюрган Бош котиб билан Ўзбекистон Республикаси Президенти 1 июль куни учрашув ўтказди.
Суҳбат аввалида БМТ Бош котиби давлатимиз раҳбарига Ўзбекистонга келиш таклифи ва кўрсатилаётган самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди.
Давлатимиз раҳбари А.Гутерришнинг республикамизга бу галги ташрифи “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар БМТ томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганининг тасдиғи эканини таъкидлади.
Музокаралар чоғида глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди.
Бугунги кунга келиб, Ўзбекистон ва БМТ ўртасида 140 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Кейинги йилларнинг ўзида Ташкилотнинг Бош Ассамблеясида Ўзбекистон ташаббуси билан 10 та махсус резолюцияси қабул қилинган.
Биргаликда глобал кун тартибига оид йирик халқаро тадбирлар, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризмни ривожлантириш, камбағаллик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда биохилмахилликни муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда.
Президентимиз Бош котиб билан халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилган. Давлатимиз раҳбари Бош котибнинг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий органларини ислоҳ қилиш ҳамда жорий йилда Нью-Йорк шаҳрида Келажак саммитини ўтказиш ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирган.
Булардан ташқари, минтақада транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, озиқ-овқат, энергетика ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилган.
Учрашув якунида 2026-2030 йилларда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ билан ҳамкорликнинг ҳадли дастурини биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилган.
Ташриф давомида жаноб Антониу Гутерришга жаҳонда ҳамжиҳатлик ва бирдамликни фаол илгари суриш, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, мамлакатимиз ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун Ўзбекистоннинг олий давлат мукофотларидан бири – “Олий Даражали Дўстлик” ордени топширилди.
БМТ раҳбарининг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, глобал бошқарув институтларини ислоҳ қилиш, Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суриш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, "яшил" ва рақамли тараққиёт, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги кўп йиллик саъй-ҳаракатлари эътироф этилди.
Шу ўринда БМТ Бош котибининг ташриф арафасида “Дунё” ахборот агентлигига интервью бериб, ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига оид саволларга жавоб бергани ҳамда мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти бўйича қарашлари билан ўртоқлашганига эътибор қаратмоқчимиз.
Жаноб Гутерриш “Сўнгги йилларда мамлакатимиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суриш соҳасида маълум муваффақиятларга эришди, болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди, оммавий ахборот воситалари эркинлаштирилди, мамлакатимиз БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича ихтисослашган муҳим органлари фаолиятида фаол иштирок этмоқда. Мазкур йўналишдаги жараёнлар хусусида қарашларингиз билан ўртоқлашсангиз”, деган саволга қуйидагича жавоб берди:
– Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида ютуқларга эришмоқда. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг ўтган йили мамлакатингизга ташрифи ҳам бунинг яққол ифодасидир. Умид қиламанки, ушбу муҳим йўналишдаги ҳамкорлигимиз келгусида ҳам давом этади. Пахта далаларида мажбурий меҳнатга барҳам бериш, фуқаролиги бўлмаган шахсларга фуқаролик бериш, аёллар ва болаларни Сурия ва бошқа ерлардаги лагерлардан қайтариш ва реинтеграция қилиш – том маънодаги ижобий ўзгариш ҳисобланади ҳамда бошқа давлатлар учун ўрнак бўладиган намунадир. Мен Ўзбекистонни эришилган ютуқлар билан чекланиб қолмасликка чақираман ҳамда зўравонлик ва гендер камситиш масалаларига ечим топиш, фаол фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш йўлидаги ишларни давом эттиришга чорлайман, дея жавоб берган.
БМТ Бош котибининг минтақага ташрифни айнан Ўзбекистондан бошлагани ва “Дунё” ахборот агентлигига берган интервьюсидан ҳам англашимиз мумкинки, инсоният тарихидаги энг катта ва кенг қамровли ташкилотда Ўзбекистоннинг ўз сўзи ва ўрни бор. Бунга осонликча эришилмаяпти. Бу йўлда Ўзбекистоннинг юритаётган очиқ ва жозибадор ташқи сиёсати, мамлакатдаги шиддатли ислоҳотларни алоҳида таъкидлаш лозим.
Аҳмад ҚУРБОНОВ тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 3.07.2023, №26